Қидирув:

ҚАЙНОПАСИНИНГ МОЛ-МУЛКИНИ БОСҚИНЧИЛИК ЙЎЛИ БИЛАН ҚЎЛГА КИРИТГАНЛАРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёти, соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, унга эгалик қилиш  ҳар қайси замон ва маконда энг ёмон иллат сифатида қораланган. Бировнинг мулкига кўз олайтириш, унга яширинча эга чиқишга уриниш – разилликдан бошқа нарса эмас. Меҳнат билан эришиб, тановул қилган бир бурда ноннинг мазаси, ўғрилик қилиб еган дунёдаги энг тансиқ таомлардан яхшироқдир. Қуйида сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз қаҳрамони босқинчилик қилиш нияти бўлмаганлигини, кетиб қолган хотини ва фарзандини олиб кетиш мақсадида қайнопасининг уйига келганлигини рўкач қилди. Аммо ёлғоннинг умри қисқа, унинг ўзини оқлаш учун ўйлаб топган бу важи, ўз тасдиғини топмади…

Пул ва тақинчоқларни қўлга киритишади

Эсонов Рамазон (исм-шарифлар ўзгаритирилган) жиноий шериги Акромов Сардор билан тил бириктириб, ўзининг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи қайнопаси Ҳасанова Собиранинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, босқинчилик йўли билан унинг мол-мулкини қўлга киритишни режалаштиради. Улар жиноятни амалга ошириш мақсадида юзларига қора рангли тиббий ниқоб тақиб, бармоқ изларини қолдирмаслик мақсадида қўлқоп кийишади. Жабрланувчининг қаршилигини енгиш учун темир бўлаги, синтетик арқон ва скотч лентаси ўрами билан қуролланишади. Ўша куни опасининг уйига келган Мансурова Паризода уйга кираётган вақтда унинг ортидан ҳужум қилган ҳолда уйга бостириб киришади. Унинг қўлларини синтетик арқон ва скотч билан боғлашади. Кейин ётоқхонада турган жавон эшигини бузиб, у ердан Ҳасанова Собирага тегишли бўлган 85.001.227 сўмга тенг миқдордаги пул маблағлари, валюта қимматликлари, мол-мулки ва шахсий ҳужжатларини олиб, воқеа жойидан яширинишади.

“Ҳаммасини қайтармоқчи эдим…”

Судланувчи Эсонов Рамазон суд мажлисида, айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

– Акрамов Сардор оилавий танишим бўлиб, уни тўрт-беш йилдан бери  танийман. Ҳасанова Собира қайнопам, Мансурова Паризода қайнсинглим бўлади. Қайнопам Ҳасанова Собира Туркиядан қайтганидан кейин турмуш ўртоғим Эсонова Манзура ҳеч бир сабабсиз, жанжалсиз вояга етмаган ўғлимни олганча уйдан кетиб қолди.Мен уни қидиришни бошладим. Кейинчалик қайнопам ўғлим билан хотинимни Туркияга олиб кетмоқчи бўлаётганини эшитдим. 2020 йилнинг 5 январь куни Қашқадарёдан чорва молларини ортиб, Тошкентга келдим. Уларни сотиб, яна турмуш ўртоғимни қидира бошладим.Аммо уни тополмадим, хотинимнинг аммаси менга қайнопамнинг уй манзилини берди. Тошкентда юрганимда танишим Акромов Сардорни учратиб қолдим. Суҳбат давомида унинг ҳам хотини Туркияга кетиб қолганини билдим. Мен ҳам унга вазиятимни тушунтирдим. Биз биргаликда қайнопамнинг уйига бордик. Қайнсинглим Мансурова Паризода эшикни очаётганда унинг олдига бордик, аммо у бизни кўриб, бақир-чаир қилди. Ўртада жанжал кўтарилди. Шундан кейин уни ичкарига олиб кириб, жаҳл устида қўлларини боғладим. Акрамов Сардор ҳам ортимдан кирди. У ерда хотиним билан ўғлим йўқлигини кўриб, уйдан чиқиб кетдик. Бироз вақт ўтгач, Сардор менга қўнғироқ қилиб, олдига чақирди. Борсам, у қайнопамнинг тилла тақинчоқлари ва пулларини олганлигини айтди. Мен ундан ҳаммасини – пуллар ва қимматбаҳо буюмларни олиб, хотинимга қайтармоқчи бўлдим, аммо хотиним қўнғироқларимга жавоб бермади. Ҳозирда қилмишимдан жуда пушаймонман, жазо тайинлашда енгиллик беришингизни сўрайман. 

Ҳукм ўқилди

Судланувчилар Эсонов Рамазон ЖК 164-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари ва 227-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилди ва 7 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Акромов Сардорга эса ЖК 164-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари ва 227-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб,10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фаррух ТЎРАХЎЖАЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси, 
Лола Шоимова журналист

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШ ВА АЛИМЕНТ УНДИРИШ МУМКИН?

«Тўй-томоша қилиниб, ўзга хонадонга келин бўлиб тушдим. Бироқ, турмуш ўртоғим билан ФҲДЁ рўйхатидан ўтмагандик. Ҳомиладорлик вақтимда эрим мени уйдан хайдаб юборди. Фарзандимиз туғилган бўлса-да, эримнинг ҳозирга қадар ярашиш нияти йўқ. Боламизга ҳам моддий ёрдам бермаяпти, оталигини ҳам расмийлаштиришни истамаяпти. Қандай қилиб болам учун отасининг оталигини белгиласам ва алимент ундирсам бўлади?»

Исми сир тутилди

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирди…

 

— Оила кодексининг 62-моддасига асосан оталикнинг суд тартибида белгиланиши кўрсатилган. Унга кўра, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Оила кодексининг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.

 

Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади. Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини, ДНК экспертиза хулосалари ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

 

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

 

Таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган отадан алимент ундириш тартиби қандай?

 

 — Оила кодексининг 96-моддасида Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти белгиланган, унга кўра: ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

 

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

 

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

 

Ушбу кодекснинг 98-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

 

Оила кодексининг 99-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори белгиланган. Унга кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

  • бир бола учун тўртдан бир қисми;
  • икки бола учун учдан бир қисми;
  • уч ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади.

 

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

 

Сиз қонунда белгиланган тартибда аввал фарзандингизга нисбатан оталикни белгилаш тартибини ҳал этиб, кейин айнан шу шахс(отаси)га нисбатан алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Икромжон КУРБАНБАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

ФУҚАРО, ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ВА ДАВЛАТ МУНОСАБАТЛАРИ ЁХУД МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ ЎРНИ

Шахс ва жамият, фуқаро ҳамда давлат ўртасидаги муносабатларда суд органлари муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Янги Ўзбекистонда суд органлари фаолиятини замон талаблари даражасида такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Бу борадаги тизимли ислоҳотлар самарасида 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон суд тизими тарихида илк бор маъмурий судлар ташкил этилди.

 

Маъмурий судлар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлиб, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар ҳамда корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Статистик маълумотларга кўра, кейинги беш йил давомида маъмурий судлар томонидан 67 минг 989 иш кўрилган бўлса, шундан 45 мингга яқини, яъни 65 фоизи қаноатлантирилган. Шунингдек, маъмурий орган қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича 44 фоиз иш юзасидан аризачилар фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилинган.

 

Алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги ислоҳотлар тенденцияси талаб ва эҳтиёжлари, маъмурий судлар фаолиятини ҳам миллий ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда.

 

Шу нуқтаи назаридан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 29 январда имзоланган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши маъмурий судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлади.

 

Мазкур қарорда белгиланган масалалар маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда жамоатчиликнинг маъмурий судларга бўлган ишончини янада оширишга мустаҳкам замин яратади.

 

Қарорда маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш вазифаси белгиланди. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашда қандай аҳамиятга эга деган савол туғилиши табиий.

Айтиш керакки, маъмурий суд судьяларининг “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида ишлаши низоларни кўриб чиқаётган судьяга алоҳида вазифа юклайди.

 

Судьядан фуқаролар ва тадбиркорлик субъекларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этишда фақат маъмурий суд ишларини юритишни амалга ошириш тартибига, хусусан қонунийлик ва тенглик принципига қатъий риоя этиши талаб этилади.

 

Бундан ташқари, қарорда маъмурий судларнинг ҳуқуқий таъсир чорала­рини янада ошириш нуқтаи назаридан маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш масалалари назарда тутилмоқда.

 

Хулоса қилиш керакки, қарорда назарда тутилган вазифалар Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга муҳим омил бўлади.

 

Баҳодир Қаюмов,

жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

БЕЧОРА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ: ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ САРСОН, «БУЗ-БУЗ»ЛАРДА КИМ АЙБДОР?

Гап ўзбошимчалик билан ҳеч бир рухсатсиз қурилган ноқонуний қурилмалар ҳақида борар экан, бу мавзу асло қонунга мувофиқ қурилган иморатлар, қонунга кўра, давлат ва жамият манфаатлари учун олиб қўйиладиган кўчмас мулк «снос»лари ва улар учун зарарни қоплашга доир низоларга тааллуқли эмас.

 

Ушбу мавзу фақатгина ўзбошимчалик билан ҳеч бир рухсатсиз қурилган ноқонуний қурилмалар ва улар юзасидан судларда кўриб чиқилаётган низолар ҳақида.

 

Демак, аввало Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланишини англаб етишимиз шарт. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди.

Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга – сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

 

Ўзбошимчалик билан иморат қурилиши натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суд қарорига мувофиқ, ноқонуний қурилмани қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши мумкин.

 

Ўзбошимчалик билан қурилган ёки ноқонуний қурилмаларни бузиш борасидаги ишлар амалиётига эътибор қаратсак, 2021 йилда Тошкент туманлараро иқтисодий судига 292 та ана шундай даъво аризалари киритилган.

 

Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган шундай даъволар жорий йилнинг дастлабки 50 кунида 300 (2021 йилда эса, жами 292 та)дан ортиқни ташкил қилмоқда.

 

БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

 

 Тошкент шаҳридаги ФИБ судларига ҳам бу тоифа 1000га яқин даъволарнинг киритилганлигини эътиборга олсак, бу рақамлар ўтган йилга нисбатан бир неча баробар ошган, дейиш мумкин. Бу нимани англатади?  Ўтган бир йил давомида аҳоли томонидан шунча ноқонуний қурилма қуриб олинганлигиними?

 

Йўқ. Чунки бу каби ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмалар охирги бир йилда қурилмаган. Аксари, йиллар давомида қурилган.

 

Хўш, унда масала нимада, ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмаларнинг «болалаб» кетишига ким айбдор?

 

Бундай қурилмаларнинг юзага келаётганлигининг омили нимада?

 

Демак, бугунги мавзунинг ҳам кульминацион нуқтаси айнан мана шу савол, унинг аниқ жавоблари ва бошқа фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар хусусида.

 

КИМ АЙБДОР?

 

Албатта биринчи томон, яъни тегишли давлат ва назорат идоралари ва масъуллар:

 

– Қурилишга рухсат олишнинг содда ва шаффоф механизмини ўзида мужассам этган ҳуқуқий асос, яъни бу борада замон ва илғор халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган қонунчилик асоси ўз вақтида яратилмади.

 

– Фақат охирги 3 йил ичида бу борадаги қонунчилик базаси мустаҳкамланди, норма ижодкорлигида сезиларли ўзгаришлар қилинди.

 

– Шаҳарсозликнинг кўп йиллик концепцияси ўз вақтида ишлаб чиқилмади, натижада вақтинча, енгил типдаги конструкция ва бошқалар деган тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ажратиладиган ер участкаларида қуриладиган ҳамда биринчи огоҳлантиришдаёқ бузиб ташланиши лозим бўлган қурилмалар – ақлсиз, коррупцияген тизим ишлаб келганлигини кўрсатади ва бу оддий ҳолатга айланди.

 

– Бундай қурилмалар бузилса, иккинчи томон – тадбиркор қанча вақт, меҳнат сарфлаши, қанча зарар кўриши ва бунинг натижаси охир-оқибат иқтисодиётимизга салбий таъсир кўрсатиши эътибордан четда қолди.

 

– Яхшиямки, бу тоифа рухсат бериш амалиётига давлатимиз раҳбарининг қарори билан чек қўйилди. Ер участкасини сотиб олиш, фойдаланиш, қурилма қуриш тизими реализациясининг ҳақиқий бозор иқтисодиётига, илғор халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий асоси – ер участкасига эгалик ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини очиқ ким ошди савдоларида сотиш механизми белгиланди.

 

– Шунга қарамай соҳада қонун устуворлиги эмас, топшириқ устуворлиги ҳали-ҳамон давом этмоқда.

 

-Суд жараёнида берилаётган тарафларнинг тушунтиришларига мувофиқ, айрим ўзбошимчалик билан қурилаётган қурилмалар маҳаллий мансабдорларнинг оғзаки розилиги ва топшириғи билан қурилганлиги, улар эса ўз навбатида катта мансабдорларга ҳудудларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари лойиҳалари доирасида қилинаётган ишларни тақдимот қилишга зўр берганлиги ва натижада тегишли тартибда рухсат олинмаган қурилмаларни қурилганлик ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.

 

Шунингдек, бу тоифа даъво аризаларнинг қисқа муддатда сезиларли равишда ортганлиги, ўзбошимчалик билан қурилган ёки ноқонуний қурилмалар бўйича тегишли равишда тизимли назорат ўрнатилмаганлиги, назорат идоралари томонидан бу борада қонунни ижросини назоратига эмас, урғу қонуности ҳужжатларига қараб қолинганлиги, юқори турувчиларнинг топшириғига қараб иш кўрилганлиги, оғзаки режалаштирилган ободонлаштириш дастурлари асосида тадбиркорларга ҳужжатсиз қурилмалар қуриш тавсия қилингани ва шу кабилар оқибатида судга шошмашошарлик билан даъво аризалар тақдим этилаётганлиги билан изоҳланади…

 

ЯНА КИМ АЙБДОР?

 

Хўш бунда яна ким айбдор? Албатта иккинчи томон, яъни таваккаллига бундай қурилмаларни қуриб олаётган аҳоли тоифаси.

Тан олиб айтиш керакки, кўпгина ҳолларда ўзбошимчалик билан иморат қуриш, ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш яхшигина бош оғриққа айланган.

 

Шундан бўлса керак, халқимизда «пул топибсану ақл топмабсан» ёки «пулни топишни эмас, сарфлашни ўрган», «тадбиркор, бу – маблағ топишни билган эмас, уни сарфлашни билгандир», … каби ибратли сўзлар қўлланиб келинган.

 

Айтишингиз мумкиндир, «ўзбошимчалик билан ўша қурилмани қуришдан олдин ҳокимиятга мурожаат қилганку, ҳокимият билганку, лекин мурожаатга ўз вақтида жавоб олмагандан кейин қуради-да, нима қилсин ёки бунда коррупция ҳолатлари бор, кимдир тамаъгирлик қилиб ваъда берганки, қургандир, бўлмаса, унинг ҳам калласи (ақли) бор, ўз-ўзидан қурмас», деб…

 

Бу энди алоҳида мавзу, аммо мазкур мавзуда ўзбошимчалик билан қурилган иморат – ақлсиз сарфланган меҳнат ва ҳавога совурилаётган маблағ ҳамда унинг оқибатлари ҳақида бироз мушоҳада қилиш ўринлироқ.

 

Статистик маълумотларга кўра, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш ҳақида даъволарнинг аксарияти қаноатлантирилади.

Чунки бундай қурилмалар ўз номи билан ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалардир.

 

Энди бунга сарф қилинган куч-меҳнат, вақт, асаб, ҳавога совурилган харажат ҳамда мазкур иморатларни бузиб ташлашга қилинадиган харажат – чиқимларни тасаввур қилаверинг…  Бир сўз билан айтганда, бу ҳолатни қонунни менсимаслик, унга амал қилмаслик оқибати дейиш мумкин  ёки юқори таваккалчилик (риск) – ўзбошимчалик билан қуриладиган иморатга ҳужжат расмийлаштириб олишга бўлган асоссиз ишонч ва ушбу асоссиз ишончни қонун устуворлигидан муҳим деб билиш айрим тоифа аҳоли онгига сингиб қолганлиги ҳамда ер участкасини эгаллаб олишга бўлган хоҳиш-истакнинг ўта кучлилиги ҳам бор гап.

Коррупциявий омиллар, ўзбошимчалик билан иморат қуриб олган шахснинг маълум масъул ёки мансабдорнинг порага олишига, манфаат эвазига оғдиришига бўлган ишончи аҳолининг айрим қатлами онгига сингиб қолган.

 

ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ…

 

Албатта, овораи-сарсон қонун устуворлиги, саргардон ва бечора ҳуқуқий маданият.

 

Ер участкаси ажратишнинг лозим даражадаги энг мақбул, замонавий, яхлит тизими амалда мавжуд эмас.

 

Ҳатто, ер участкасини электрон савдоларда сотиш тизимига ўтилаётганлиги ҳам кутилган самарани бермаслиги, яъни маблағи бор ва ЭСларда тажриба тўплаган шахс, ёки шахслар гуруҳинининг бундай савдоларда ғолиб бўлиш эҳтимоли юқорилиги, бунда иқтисодий ва молиявий жиҳатдан эҳтиёжманд қатлам ёки имконияти чекланган кичик тадбиркорнинг ҳуқуқлари эътиборга олинмаган.

 

Ер участкаси юртимиздаги энг қиммат товарлардан бири – олди-сотди (ноқонуний бўлса-да) объектига, шу олди-сотди жараёнлари эса, қора бозор, даромад манбаи, ноқонуний (яширин) бизнес воситасига айланиб улгурган (чала бўлса-да иморат қуриш ва мулк ҳуқуқини олиб сотиш авж олганлиги).

 

Ер участкаси борасида ваколатга эга бўлган назорат қилувчи идораларнинг назорат институти етарли самара бермаётганлиги, ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар билан боғлиқ ишларнинг кўришда процессуал қонунчиликка мувофиқ, судларнинг даъво предмети билан чекланиши каби бир қатор омиллардир.

 

Демак, бу борада қатъий қонун нормаларини самарали назоратини таъминлаш, ер участкасини реализация қилишда топшириқларга эмас, фақат ва фақат қонун устуворлигига амал қилиш даркор.

 

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар билан боғлиқ ишларни кўришда судлар ваколатини кенгайтириш, бундай низоларни ҳал этишда судлар роли ва ўрнини ошириш, «охирги сўзни суд айтади» деган тамойилга амалда ўтиш, айни низолар бўйича суд қарорлари ижросини белгиланган муддатда ва сўзсиз ижро этиш ҳамда судлар ўз ўрнида бу каби низоларни кўриш жараёни ва якуни бўйича қатъий хулоса қилишлари, айбдорларга нисбатан тегишли чораларни қўрқмай қўллашлари муҳимдир.

 

Ер участкасини реализация қилишнинг илғор, шаффоф ва адолатли ҳамда фақат ва фақат қонунлар асосида таъминланадиган тизимини яратиш ва амалда йўлга қўйиш, бу борадаги барча қонун ости ҳужжатларидан воз кечиш давр талаби саналади.

 

Давлатнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан жамиятда муросасиз муносабатни шакллантириш долзарб муаммолигича қолиб кетмоқда.

 

Ушбу масалани ким қандай тушуниши албатта унинг илми, дунёқараши, тарбияланган муҳити, тажрибаси ва ҳоказоларга боғлиқдир, лекин гапнинг очиғини айтадиган бўлсак, ўзбошимчалик билан қурилган иморат – ақлсиз сарфланган вақт, куч-меҳнат ва ҳавога совурилаётган маблағ (инвестиция) эканлигини тан ола билсак, бу фақатгина фойдали бўлади холос.

 

Хулоса ўрнида айтсак, ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бартараф этишнинг асосий омили, бу – қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш, бир маъромда ривожланиб кета олмаётган ҳуқуқий маданиятни юксалтириш зарур эканлигини англаб етишимиздадир.

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси

ҚИДИРУВДАГИ ТЕРРОРЧИ 22 ЙИЛДАН СЎНГ ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Юртимизда мустақиллик туфайли диний эътиқод эркинлигига қонун асосида кенг йўл очилди.

 

Пойтахтлик Қудрат Юнусов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам бу имкониятдан фойдаланган ҳолда диний маросимларни адо эта бошлайди.

 

Аммо орадан йиллар ўтиши билан унда чин эътиқод ўрнини ақидапарастлик ғоялари эгаллайди. Аниқро­ғи, у маҳалладошлари Толируҳ Зиёхонов (лақаби «Абдумалик») ва Аъло Акбаров (лақаби «Ади») ташкил этган норасмий йиғинларга қатнашиб, «жамоат ами­ри»,­ «ҳижрат», «жиҳод» сингари ақи­­­­да­па­раст­лик ғояларини ўр­­га­нишга киришади. Ке­йин­ча­лик масжидда йиғилган шахс­ларга очиқдан-очиқ равишда ақидапарастлик ғояларини даъват қи­ла бошлайди. Бу йўл­да у мамлакатимизда фаолияти тақиқланган «Туркистон ислом ҳаракати» террорчилик ташкилоти билан олдиндан тил бириктиради. 1998 йилнинг январь ойида «ҳижрат» ниқоби остида Че­ченис­тонга йўл олади. У ер­да уюшган қу­ролли гуруҳлар таркибида жанговор тайёргарликдан ўтиб, террорчилик ҳа­ра­катини назарий ва амалий жи­­ҳатдан ўрганади. Сўнгра мамлакатимизга қайтиб келади. Орадан кўп вақт ўтмасдан террорчилик ташкилоти раҳбарларининг кўрсатмасига асосан ўанишер, Сайфулло ва Ботир исмли шахслар билан бирга қонунга хилоф равишда Тожикистонга чиқиб кетади.

 

У ерда улар террорчилик ташкилоти аъзолари учун кийим-кечак тикиш билан шуғулланишади.

 

1999 йилнинг январь ойи охирларида Қ. Юнусов тергов жараёнида аниқлашни имкони бўлмаган, террорчилик ташкилоти раҳбарларидан бири ҳи­собланган «Абдулҳаким» исм­ли шахсдан бой-бадавлат шахс­­ларнинг мол-мулкини талон-торож қилиш ҳа­қида кўр­сатма олади. Шу мақсадда қонунда белгиланган тартибни бузиб, айланма йўл­лар орқали Ўзбекистонга келади.

 

1999 йил 16 февраль куни террорчилик ташкилоти томонидан Тошкент шаҳрида кўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилади. Ана шу пайтда Қудрат Юнусов ўз раҳнамоларидан зарур топшириқларни ку­тиб туради.

 

Лекин ҳуқуқни му­­ҳо­фа­за қилувчи идораларининг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида ташкилотнинг ҳаракатларига чек қўйилади.

 

1999 йил 4 март куни Қ. Юнусов ҳамтовоқлари Т. Зиёхонов, Ғ. Солиев, И. Худойберганов (лақаби «Ҳолид»), Н. Ҳакимов, М. Сафаров (лақаби «Муслим»), К. Қосимбеков (лақаби «Абдураҳмон»), А. Қуд­ратов (лақаби «Аббос») ва тергов жараёнида аниқлашнинг имкони бўлмаган «Санжар» исмли шахс билан жиноий тил бириктириб, Тошкент туманида истиқомат қилувчи Қобилжон Обидовнинг хонадонига бостириб киради. Сўнгра хонадон со­ҳиб­ларини пичоқ, арқон ва ўқ-отар қуролларга ўхшаш буюмлар билан қўрқитиб, уларнинг қўл-оёқларини боғлаб қў­йиб, 1 000 АҚШ доллари, 250 000 сўм миқдоридаги пул, 1 000 000 сўмлик тилла тақинчоқларни босқинчилик йўли билан эгаллашади.

 

Қўл­га киритилган пулни М. Сафаров орқали террорчилик ташкилотининг аъзоларига юборишади.

 

Шундан сўнг Қ. Юнусов қо­нунга хилоф равишда Тожи­кис­тонга ўтиб кетади.

 

Унга нисбатан Тошкент шаҳридаги қў­порувчилик ҳаракатлари ҳам­да босқинчилик жиноятини содир этгани учун амалдаги Жи­ноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қидирув эъ­лон қилинади.

 

Қ. Юнусов 1999-2006 йилларда Афғонистон, Покистон, Эрон ва Тожикистонда дайдаб юради. У ушбу давлатлардаги террорчилик ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этади. Бу орада ҳамтавоғи Ғ. Солиевнинг бева қолган аёли Мавлуда Солиева ҳамда тожикистонлик Малика Давлатовага шаръий никоҳ асосида уйланади. Қолаверса, ик­ки-уч маротаба бошқа шахсларнинг фуқаролик паспортига ўз суратини ёпиштириб, исм-шарифини ўзгарти­ра­ди.

 

2006 йилнинг декабрь ойида у М. Давлатованинг укаси Иззатулло Давлатовнинг сохталаштирилган ҳужжати билан ноқонуний равишда «Душанбе-Бишкек-Олмаота» йўналиши бўйича Қозоғистонга борган вақтида қўшни давлатнинг хавф­­сизлик идоралари томонидан ушланган.

 

Унга бир неча жиноятларни содир этганлик айблови асосида узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У жазо муддатининг 14 йилу 7 ойини ўтаб озодликка чиққанидан сўнг 2021 йил 26 август куни Ўзбекис­тонга экстрадиция қилинган.

 

Яқинда жиноят ишлари бў­йича Мирзо Улуғбек тумани судида Қудрат Юнусовга нисбатан муқаддам қўзғатилган жиноят ишлари кўриб чиқилди.

 

Суд уни Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «в» банди, 155-моддаси 3-қисми “а”, “б” банд­лари, 159-моддаси 4-қисми, 161-моддаси, 223-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари, 242-моддаси 1 ва 2-қисми ҳамда 244-2-моддаси 2-қисми «а» бан­ди билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

 

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон учун Ватандан муқаддас гўша, унда эмин-эр­кин ва ҳузур-ҳаловат ила умргузаронлик қилишдан ор­тиқ бахт бўлмаса керак. Бу неъ­мат­ларнинг қадрига етмай, уларни саробга алмаштириб, нақ 22 йил ватангадо бўлиб юрган судланувчи умрининг катта қисмини темир панжара ортида ўтказадиган бўлди. Бундай аянчли қисмат бошқалар учун сабоқ бўлиши зарур. Зеро, бу дунёда ҳар ким экканини ўради.

 

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

Skip to content