Қидирув:

ВОРИСЛИК МУНОСАБАТЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ МАСАЛАЛАРИНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИГИ

Ворислик муносабатларида асосий масалалардан бири бу – мерос таркиби, мерос массаси деб номланадиган ҳолат ҳисобланади. Яъни, вафот этган шахсдан ёки мерос қолдирувчидан қандай мол-мулклар ва ҳуқуқлар қолади ва уларнинг қайси бирига нисбатан мерос ҳуқуқи қўлланилади деган масала.

Қоидага кўра, мерос қолдирувчи вафотидан сўнг унга тегишли барча мол-мулк ва унинг бекор бўлмайдиган ҳуқуқ ва мажбуриятлари мерос таркибига киради. Бундан истисно сифатда эса мерос қолдирувчи шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига кирмайди. Юқорида айтилгандек, фуқаронинг шаъни, қадр қиммати билан боғлиқ бўлган ҳолатлар ёки бевосита алимент олиш билан боғлиқ бўлган талаблар мерос таркибига киритилмайди. Бундан ташқари, мерос қолдирувчининг меҳнат, ижтимой таъминоти асосида олинадиган пенсия, нафақа ва бошқа тўловларга бўлган ҳуқуқлари ҳамда мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.

Қонуний жиҳатдан мерос тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида ўз ифодасини топган: ― Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради. Мазкур таърифдан келиб чиққан ҳолда, мерос тушунчасини аниқлаштирадиган бўлсак, икки ҳолатни таъкидлашимиз мумкин: биринчидан, мерос қолдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари меросхўрларга универсал ҳуқуқий ворислик тартибида, яъни ўзгармас тарзда, ягона яхлит сифатида ва бир вақтнинг ўзида ўтади, иккинчидан, мерос қолдирувчининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари меросхўрларга ўтади, бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва бошқа қонунлар билан мерос тартибида ўтишига йўл қўйилмайди. Универсал ҳуқуқий ворисликда ҳуқуқий ворисга фақат ҳуқуқлар ёки фақат мажбуриятлар ўтиши мумкин эмас, шунингдек, ҳуқуқлар ўтмасдан фақат мажбуриятлар ўтишига йўл қўйилмайди. Ҳуқуқий вориснинг фақатгина ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бир қисмини ҳуқуқий ворисга ўтказиш ҳам универсал ҳуқуқий ворислик моҳиятига зиддир.

Г.Черемнихнинг ёзишича, мероснинг бир бутун мажмуа сифатида меросхўрга ўтишини англатади.Мисол учун, у фақат квартирага эгалик қилиш ҳуқуқини қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас, балки муаллифлик шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни қабул қилишдан воз кечиши мумкин; меросхўрларга алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятлар эмас, балки уларнинг бутун мажмуи ўтади. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1152-моддасида меросхўр бир вақтнинг ўзида бир нечта асослар бўйича (ваъдага кўра, қонунга кўра, мерос трансмиссияси тартибида) меросга чақирилганда, меросхўр ушбу асослардан бири бўйича, уларнинг бир нечтаси ёки барча асослар бўйича ўзига тегишли бўлган меросни қабул қилиши мумкин.

Мерос мол-мулки (мерос) меросхўрга ўзгаришсиз, бир бутун бўлиб, бир вақтнинг ўзида ўтади. Кўриб турганингиздек, қонунчилик мерос ва мерос мол-мулк атамаларини синоним сифатида ишлатади. Аммо мерос ҳуқуқи соҳасидаги олимлар меросни турлича таърифлайдилар. Масалан, В.Гушчин ва Ю.Дмитриевлар энг кенг тарқалган нуқтаи назарни илгари суриб, унга кўра мерос ёки мерос мол-мулки – бу мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган ҳуқуқлар (актив) ва мажбуриятларнинг, қарзлар (пассив)нинг бирлигидир.

Юқорида кўрсатилган нуқтаи назар тарафдорлари меросхўрларга ўтадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг жамланмасини мерос ёки мерос тўплами, шунингдек мерос мол-мулки ёки шунчаки мол-мулк деб аташади. Умуман олганда, ушбу мерос тушунчасига қўшилган ҳолда, кўплаб цивилистлар ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлардан истисноларни аниқ белгилаб берадилар. Масалан, ушбу концепцияни қўллаб қувватловчиларнинг аксарияти, меросхўрнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплаш ҳуқуқи, пенсия, алимент олиш ҳуқуқи, алимент тўлаш мажбурияти ва бошқалар каби мутлақо шахсий хусусиятга эга бўлган мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятлар мерос бўлиб ўтмаслигини таъкидлайдилар. Вафот этган шахснинг қолган барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.

Бугунги кунда мерос таркиби билан боғлиқ бўлган масалаларда кўплаб янги ҳолатлар вужудга келмоқда, масалан, рақамли ҳуқуқлар кириптоактивлар, интернет сайтлари аккаунтларга бўлган ҳуқуқлар ҳам мерос таркибга кирадими, йўқми деган саволлар кун тартибига чиқмоқда. Кўпчлик мутахасиссларнинг фикрича, мерос таркибига аккаунтларга нисбатан ҳуқуқлар кириши керак, чунки, аккаунтга нисбатан ҳуқуқларнинг ўзи ҳам ёки сайтларга нисбатан ҳуқуқлар ҳам икки қисмга бўлинади. Мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлар. Агар бу аккаунтларга нисбатан ҳуқуқларнинг бир қисми шахсий номулкий ўша аккаунтлар эгасининг номи, исми шарифи унинг шаъни, қадр- қиммати, ёки бўлмаса сирлари билан, шахсий дахлсизлик билан боғлиқ бўлган масалаларни қамраб олса, қолган катта қисми бевосита мулкий ҳуқуқ обектлари бўлиши мукин. Масалан муайян бир хатлар, видеолар, вайнлар ёки роликлар билан муаллифлик ҳуқуқлари объекти саналади, шу сабабли ҳам уларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи жорий қилинади.

Мерос таркибига мерос қолдирувчининг қарзлари, шунингдек, мерос қолдириладиган ҳуқуқ ва мол-мулки киради. Мерос муносабатларини тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларининг асосий қоидаси шундаки, меросни қабул қилган меросхўр мерос қолдирувчининг қарзлари бўйича ўзига ўтган мерос мол-мулкидаги активлар қиймати доирасида жавоб беради.

Агар меросни бир неча меросхўр қабул қилган бўлса, улар мерос қолдирувчининг қарзлари бўйича солидар жавобгар бўладилар. Мерос қолдирувчининг кредитори ҳам барча меросхўрлар билан биргаликда, ҳам улардан ҳар биридан алоҳида-алоҳида, ўз хоҳишига кўра, тўлиқ ёки қисман, аммо ҳар биридан мероснинг ўзига ўтган қисми қиймати доирасида мажбуриятни бажаришни талаб қилишга ҳақли.

Меросни қабул қилиб олган меросхўр унинг таркибига кирувчи қарзлардан воз кечиши мумкин эмас. Бундан ташқари, меросхўрнинг мероснинг бир қисмини қабул қилиши, у ўзига тегишли бўлган барча меросни қабул қилганлигини англатади.

Тўғри, бугунги кунда амалиётда кўрадиган бўлсак, кимнинг номига очилган бўлса, шу сайтга ким уни эгаси бўлса логин паролни билса шу сайтдан фойдаланади. Лекин мерос муносабатларда бу ҳолатлар истисно ҳолат сифатда кўрилиши керак. Меросхўрга қоида тариқасида ўша сайтга нисбатан ҳам ёки бошқа ижтимой тармоқлари рақамли ҳуқуқларига нисбатан ҳам фойдаланиш имконияти тақдим этилиши керак. Бу айни пайтда криптовалютага рақамли ҳуқуқларга блокчайин технологиялар ва ҳуқуқларга нисбатан қўлланилиши лозим.

Амалдаги қонунчилик, яъни фуқаролик кодексининг 1113-моддаси меросга нисбатан, мерос қолдирувчига тегишли бўлган ҳуқуқлар номоддий бойликларга нисбатан ҳуқуқларни назарда тутади. Айнан 1113-модданинг охириги қисмида ёзилган қоидадан келиб чиқиб, фуқаролик кодексининг 100-моддаси ҳам мерос қолдирувчининг шаъни ва қадр-қиммати ҳам унинг меросхўрлар томонидан ҳимоя қилинишига оид бўлган масалани белгилайди. Бу ўз навбатида Олий суд пленумининг 2000-йилдаги маънавий зиённи қоплаш ишларига оид бўлган Пленум қарорида ўз аксини топган. Шу маънода оладиган бўлсак, бу вафот етган шахснинг мерос қолдирувчига бўлган шахсий мол мулклари унга тегишли бўлган номоддий бойликлар мерос таркибига кирмаса-да, демак муҳофаза этилиши ва ҳимоя қилинишини англатади. Мерос таркибининг доираси, турлари кўп: мисол учун ташкилотларга аъзолик, акцияларга бўлган ҳуқуқ, банкдаги омонатга бўлган ҳуқуқ ёки бошқа ҳолатлар борки, буларга нисбатан меросхўр бўлиш қонунчиликда муайян бир қоидалар сифатида белгиланган.

Мерос қолдирувчининг мол-мулки нафақат унинг ўзига балки яхлит бир олинган мол-мулкка нисбатан муайян бир улушлар бошқа шахсга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда биргаликдаги ёки умумий мулк бўлган мерос объекти муайян маънода бошқа ўша умумий мулкдорларнинг улушларини ажратиб олган ҳолатда мерос қолдирувчининг меросхўрларига берилиши керак.

Ворислик ҳуқуқида мероснинг очилиш пайти катта аҳамият касб этади. Чунки, айнан шу пайтдан бошлаб вафот этган шахс ёки мерос қолдирувчининг мол-мулкига нисбатан ворисларнинг ҳуқуқлари юзага келади. Айнан шу пайтдан бошлаб меросни эгаллаш масаласи бошланади ва айнан шу пайтдан бошлаб, мерос мол-мулкни муҳофаза қилиш, қўриқлаш зарурияти юзага келади. Шунинг учун ҳам қонунчиликда мерос айнан қайси пайтдан очилади, деган масалага аниқ жавоб берилган.

Фуқаролик Кодексининг 1116-моддасига кўра, мерос, фуқаро вафотидан ёки суд томонидан вафот етган деб топган пайтдан бошлаб очилган ҳисобланади. Демак, фуқаронинг ўлими биологик ўлим ҳисобланса, суд томонидан унинг вафот этган деб эълон қилиниши – юридик қайд этилиши бўлиб ҳисобланади.

Сунбула Умарова,

Фуқаролик ишлари бўйича

Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро суди судьяси

ШИКОЯТ КЕЛТИРИШ МУДДАТИ ТИКЛАНДИ

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 30 апрелдаги очиқ суд мажлисида ҳуқуқбузар М.Т. иштирокида, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни, биринчи инстанция суди ажрими устидан берилган апелляция шикояти асосида апелляция тартибида кўриб чиқди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспекторининг 2024 йил 29 октябрдаги “RB000”-рақамли қарорига кўра ҳайдовчи  Т.М. га МЖтК 128-4-моддаси 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари 750.000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Қуйи суднинг 2025 йил 9 апрелдаги ажримига кўра, М.Т.нинг ЙҲХБ қарори устидан шикоят бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномаси рад қилинган.

Қарорга кўра, М.Т. 2024 йил 28 октябрь куни соат 16:54 да пойтахтдаги  чорраҳалардан бирида ўзининг “Кобальт” русумли транспорт воситасида светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаган.

Шикоятда ҳайдовчи ЙҲХБ қарори унга ўз вақтида етиб келмагани, биринчи инстанция суди ишни унинг иштирокисиз кўрганига оид важлар келтириб, шикоят қилиш муддатини тиклашни сўраган.

Апелляция инстанцияси, шикоятдаги важларни иш ҳужжатлари асосида ўрганиб, ҳуқуқбузарнинг шикоятни қаноатлантириш ҳақидаги фикрини тинглаб, қуйидаги асосларга кўра, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилишни, апелляция шикоятини қаноатлантиришни лозим топди.

МЖтК 316-моддасида “маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин, бундан суд қарори мустасно. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкин” деб кўрсатилган.

Мазкур ҳолатда ҳайдовчи томонидан қонунда белгиланган шикоят бериш муддати ўтган бўлса-да, биринчи инстанция суди суриштирув органи томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан чиқарилган жарима солиш тўғрисидаги қарор нусхаси унга топширилган ёки топширилмаганлигига ойдинлик киритмаган ва барвақт хулосага келган. Бундай ҳолатда, биринчи инстанция судининг қарорини адолатли ва асосли деб бўлмайди.

Юқоридагиларга кўра, апелляция инстанцияси суди, илтимосномани рад қилиш ҳақидаги қуйи судининг ажримини бекор қилиб, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори қарори устидан ўтказиб юборилган шикоят бериш муддатини узрли деб топиб, муддатни тиклашни ва М.Т.нинг шикоятини қайта кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топди.

Апелляция судида суд қарори устидан, қарор чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкинлиги тушунтирилди.


Отабек Муҳаммадиев,
Тошкент шаҳар суди судьяси



СУД ФАХРИЙЛАРИ ЭЪЗОЗДА

Бугун суд фахрийси Асқарали Умаров қутлуғ 75 ёшни қарши олди.

Шу муносбат билан Ўзбекистон суд тизими фахрийларини қўллаб-қуватлаш жамоатчилик маркази вакиллари, судьянинг шогирдлари А.Умаровни табриклаш учун у кишининг хонадонига боришди.

 

Марказ раиси У.Мингбоевнинг Асқарали Қамбаралиевичга ёзган табрик хати етказилди. Унда шундай сатрлар бор: «Сиз ўз касбингиз мезонлари талабидан келиб чиқиб, ҳаракатчан ва тиришқоқлигингиз билан қонун устуворлигини таъминлашда адолатни мустаҳкам ўрнатилишида муносиб хизмат қилдингиз…»

А.Умаров Тошкент вилояти Ангрен шаҳар судида судья, Қибрай туман судининг раиси,Тошкент шаҳар хўжалик судининг судьяси лавозимларида хизмат қилди.Қарийиб 10 йил Тошкент шаҳар хўжалик судида иш олиб борди.

У.Мингбоев таъбири билан айтганда, А.Умаров суд процессларида ўткир зеҳн билан қонунни қўллай олган ҳуқуқшунослардан биридир.

Биз ҳам А.Умаровни қутлуғ 75 ёш билан мубарокбод этамиз.

НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ

Тошкент давлат юридик университети магистратура босқичи тингловчилари Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида ўтказилган очиқ суд мажлисида иштирок этишди.

 

Судда судьялар Ж.Сирожев, М.Гуламова ва А.Раҳматовлардан иборат судов ҳайъати томонидан меҳнат муносабатларидан келиб чиққан низолар кўриб чиқилди.

Тингловчилар судьялар билан мулоқотда бўлиб, процессуал тартибларни кузатишди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда меҳнат ҳуқуқи қонунчилигининг амалдаги қўлланилишини бевосита гувоҳи бўлишди.

Бу каби тадбирлар бўлажак юристлар учун ҳуқуқий билимни мустаҳкамлаш, касбий етукликни шакллантириш ва адолат тушунчасини қалбдан ҳис қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Очиқ суд мажлислари — бу назария билан амалиёт ўртасидаги кўприк, ўқув аудиторияси билан ҳақиқий ҳаёт ўртасидаги мустаҳкам боғланишдир. Бу амалиётлар ҳар бир тингловчи хотирасида унутилмас таассурот қолдирди, десак адашмаймиз.

КУРСАНТЛАР НАЗАРИЙ БИЛИМЛАРИНИ СИНАБ КЎРИШДИ

Божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди билан ҳамкорликда Божхона институтининг профессор ўқитувчилари ҳамда божхона ҳуқуқи таълим йўналишида билим олаётган тингловчилар иштирокида “Назария-Амалиёт-Тажриба уйғунлиги” тамойили асосида амалий семинар-тренинг ташкил этилди.

Сўнгги йилларда божхона органларида кадрларни касбий тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, курсантларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантириш, сифат жиҳатидан янгича ўқитиш тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 мартдаги  “Давлат   божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Божхона институтида 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб бакалавриатда дуал таълим асосида ўқитишни йўлга қўйиш белгиланган.

Амалий семинарда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш, коррупциядан ҳоли тизим яратиш борасида амалга ошириб келинаётган ишлар тўғрисида сўз юритилиб, курсантлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда судьялар М.Султонов, Н.Байзақовалар томонидан Божхона институти курсантларига ўзларининг кўп йиллик тажрибаларидан келиб чиқиб, ҳар бир фуқаро, айниқса, давлат хизматчилари ўз касбига содиқ бўлиши, жамият ва давлат ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги юзасидан тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтилди.

Тадбир сўнгида, Божхона институтининг “Юриспруденсия” йўналиши бўйича 3-босқич курсантлари томонидан иқтисодий иш бўйича “имитатив суд мажлиси” ташкил этилди. Мазкур суд мажлисида курсантлар ўқув жараёнларида олган назарий билимларини амалиётда қўллаб кўришди.

Бу жараён курсантларда эсда қоларли таассурот қолдирди.

БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ИНСОНПАРВАРЛИК ВА АДОЛАТ МЕЗОНИ

Бугунги кунда бутун жаҳон бўйлаб бола ҳуқуқларига оид мавзулар кенг муҳокама қилиниб, уларни такомиллаштириш ва ҳимоя қилиш бўйича жадал тайёргарликлар ва ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Кундан кунга болаларга нисбатан қилинаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони ортиб бориши, ушбу масалага янада жиддий эътибор беришга ундайди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасида ҳам бошқа давлатлар қаторида, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни хавфдан сақлаш юзасидан керакли тадбирлар кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида болалар ҳуқуқларига катта урғу берилгани ва уларни ҳимоя қилиш давлатимизнинг асосий мақсадларидан бири эканлигига Ўзбекистон Респбуликаси Конституциясида бир неча ўринларда белгиланган болалар хуқуқларига тегишли нормалар мавжудлиги асос бўла олади.

 Конституциянинг 78-моддасининг иккинчи қисмига кўра, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги кўрсатилган. Болаларнинг муҳим ижтимоий хуқуқларидан бири бўлган, таълимга оид ҳуқуқлар бўйича эса 50-моддасининг 6-қисмида таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши белгиланган. Ушбу орқали, болаларнинг ҳуқуқлари биринчи ўринда Конституция томонидан ҳимоя қилинишини кўриш мумкин.

 Шунингдек, боланинг ҳуқуқларини таъминлаш ва муҳофаза қилиш, бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни мавжуд. Ушбу қонунда болалар ҳимоясига алоҳида эътибор берилиб тасдиқланган моддалар уни нақадар аҳамиятли эканлигини исботлайди. Қонуннинг 7-моддасига асосан, давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради.

2019 йилда ЮНИСЕФ  томонидан охирги 10 йиллик бўйича статистика ўрганилганда, бола ҳуқуқлари билан боғлиқ 170 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир бўлганлиги ва бу аввалги 10 йил учун кўрсатилган маълумотлардан 3 баробар кўплиги белгиланган. Ушбу маълумотлардан келиб чиқиб, давлатлар томонидан бола ҳуқуқлари ҳимоясига нисбатан янада жиддийроқ чоралар кўрилиши зарурлигини тушуниш мумкин.

Шу сабабли 2024 йил 21 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида”ги қўшма қарори кучга кириб, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тартиблар белгиланган. Бундан ташқари, 2024 йил 14 ноябрда “Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун Президент томонидан имзоланди. Ушбу қонун 2025 йил 15 май кунидан кучга кириши кутилмоқда. Шулардан келиб чиқиб, давлатимиз томонидан барча керакли ҳаракатлар амалга оширилиб, бола ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш учун олдинга яна бир қадам ташланганини гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Ҳулоса қилиб айтганда, дунё бўйлаб болаларга нисбатан қилинаётган зўравонликлар, камситишлар ва тегажоғликлар сони ортиб бормоқда ва бу ҳаракатларга қарши барча давлатлар томонидан чоралар кўрилмоқда.

Бироқ, жамият бир бўлиб ушбу жиноятларга қарши курашишга киришмас экан муаммони бутунлай ҳал қилишнинг имкони бўлмайди. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – фақатгина ҳуқуқий мажбурият эмас, балки инсонпарварлик ва адолат мезонидир, ҳар бир болага меҳр билан муносабатда бўлиш, унинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир. Шу сабабли, ҳар бир шахс, давлатлар ва қонунлар билан бир қаторда масъулият ҳис қилиб, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашиши зарур.

Феруза Астанова,

 Фуқаролик ишлари бўйича

 Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

МУНОСИБ ХУЛҚ-АТВОР БЎЙИЧА МАСТЕР КЛАСС

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси А.Ҳайитова томонидан Тошкент давлат юридик университетида талаба ёшларга “Ҳуқуқий хулқ-атвор. Ҳуқуқбузарлик ва юридик жавобгарлик” мавзусида мастер класс ўтказилди.

Машғулот давомида судья А.Ҳайитова мавзу доирасида талабаларга шахснинг жамиятда ўзини муносиб хулқ-атворда тутиши жумладан, ҳуқуқий хулқ-атворнинг қайси ҳолатларда намоён бўлиши, унинг шакллари ва турлари, ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқиши, таркиби, элементлари ва жавобгарлик мезонлари юзасидан батафсил маъруза қилди.

Шунингдек, маърузачи томонидан талабаларнинг мавзу доирасида қизиқтирган саволларига амалий мисоллар асосида жавоблар берилди.

Машғулот якунида талаба ёшларга энг муносиб ҳуқуқий хулқ-атвор аввало, ҳуқуқшуносларда намоён бўлиши, бу эса атрофдаги барчага намуна ўрнак бўлиши лозимлиги ҳақида тавсиялар берилди.

ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИКДАН ЖАБРЛАНГАНЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ташаббуси билан судьялар ва Тошкент шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари масъул ходимлари иштирокида “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Маълумки, 2024 йил 10 майда “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган.

 

Мазкур қарорга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга “оила – маҳалла – туман ва ҳудуд” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилди.

Ушбу қарор қабул қилиниши билан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш такомиллаштирилди.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил
14 ноябрдаги “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қлинган.

 

Мазкур Фармонга мувофиқ 2025 йил 1 февралдан бошлаб фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида “Оналар маскани” хизмати йўлга қўйилди.

 

“Оналар маскани”да оналар ва уларнинг болалари (4 ёшга тўлмаган)
1 йилгача бўлган муддатга ижтимоий шартнома асосида вақтинча бошпана билан таъминланади,;ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, оналик ва касбий кўникмалар шакллантирилади; оналарнинг касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлашга кўмаклашади.

 

Очиқ мулоқот тартибида ўтказилган давра суҳбатида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари ва
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари масъул ходимлари томонидан келгусида болаларнинг тарбияси, уларни айнан ким билан яшаш жойини белгилаш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш хусусида ҳамкорлик режалари юзасидан фикр юритилди.

Ҳар икки мутасаддилар айнан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олишди ва бундай турдаги шахсларга ёрдам кўрсатиш борасида кенг жамоатлик билан ҳамкорлик қилиш борасида келишиб олинди.

 

Судлов ҳайъати судьялари болаларнинг яшаш шарт-шароитларини ўрганиш бўйича “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидан батафсил маълумот тақдим этиш, айнан бундай турдаги низолари судларда ҳал этишда ҳамкорликда фаолият олиб бориш борасидаги амалий тадбирлар бўйича тажриба алмашишди.

 

Шунингдек, судьялар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган
хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогарлар давлат божидан озод этилганликларини, бундай турдаги даъво аризалари тақдим этилишида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда фуқароларга яқиндан ёрдам бериб бориш юзасидан келишиб олинди.

 

СУД МАЖЛИСЛАРИДА МАСОФАДАН ТУРИБ ИШТИРОК ЭТИШ

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, иқтисодий судларда 2014 йил 1 январдан электрон ҳужжат алмашинуви, суд статистикасини юритиш, суд амалиётини таҳлил қилиш ва судлов ишларини юритишда процессуал муддатлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида марказлаштирилган бошқарув платформасидаги электрон маълумотлар базаси ишга туширилди.

Электрон маълумотлар базаси, бир томондан, судьялар ва суд аппарати ходимларига маълумотларни сақлаш, суд ҳужжатларини тузиш, чоп этиш ва процессуал муддатлардан унумли фойдаланишда қўл келмоқда. Бошқа томондан, судда ишларнинг тўғри, тезкор ва қонуний юритилишини мунтазам назорат қилинишини таъминламоқда.

Шунингдек, судларни замонавий суд бинолари билан таъминлаш, суд мажлиси хоналарини зарурий техник воситалар, судлар фаолиятини ёритиб борувчи монитор ва таблолар билан жиҳозлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда, технологиялар ва интернет тараққиёти суд ҳокимияти соҳасида ҳам янгиланишларга сабаб бўлди. Суд жараёнларида видеоконференцалоқа воситалари ёрдамида ишлаш кўплаб юрисдикцияларда амалга оширилади. Бу амалиёт суд мажлисларини янгилаш, янада самарали, тез ва қўллашга қулай қилиб ўтказишга имкон яратмоқда. Мобил дастур орқали суд мажлисларида масофадан туриб, яъни суд биносига келмасдан видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконияти яратилди.

Яратилган мазкур имкониятлардан фойдаланиш суд мажлисида иштирок этувчи тарафларга қўшимча афзалликлар яратади. Суд биноларига келиб-кетиш учун сарфланадиган харажатларни камайтиради. Шунингдек, фуқароларнинг вақти тежалади ва судга мурожаат қилиш тартиби осонлашади.

Видеоконференцалоқа — бу икки ёки ундан ортиқ иштирокчиларнинг маълум бир видео ва аудио коммуникация воситалари орқали бир-бири билан мулоқот қилишидир. Суд жараёнида бу технологиядан фойдаланишнинг асосий мақсади суднинг ишлашини тезлаштириш, ҳолатларга тез ва тўғри жавоб бериш, суд мажлислари учун харaжатларни камайтириш ва суд мажлиси иштирокчиларининг географик жойлашувидан қатъи назар одил судловни таъминлашдир.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси деганда, реал вақт режимида телекоммуникация технологиялари воситасида аудио- ва видео- ахборотлар алмашинуви имкониятларидан фойдаланган ҳолда ишни кўраётган суд ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашаётган суд ўртасидаги интерактив ўзаро таъсир қилиш йўли билан масофадан суд мажлисини ўтказиш тушунилади.

Суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказиш сабаблари кўрсатилган: фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари — суд процесс иштирокчиларининг суд орқали ҳуқуқларини ҳимоя қилинишида янада қулай шарт-шароитлар яратиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, молиявий ва вақт харажатларини қисқартириш, шунингдек ишларни кўришда тезкорликни таъминлаш ва процессуал муддатларни тежашдир.

Фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ҳамда маъмурий судлар процесс иштирокчиларининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларида ўрнатилган телекоммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга ҳақли. 

Бунда, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг зарурий шарти ишда иштирок этувчи шахслардан лоақал биттаси бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ҳудудида, яъни ишни кўраётган суд жойлашган ҳудуддан ташқарида жойлашган бўлиши лозимлиги ҳисобланади.

Суд мажлислари учун видеоконференцалоқанинг афзаллик томонлари

Суд жараёнларини самарали ўтказиш: Суд жараёнида ҳар қандай процесс иштирокчилари видеоконференцалоқа орқали бир-бири билан тез ва қулай мулоқот қилишлари мумкин. Бу эса, жисмонан суд залига келолмайдиган ёки бошқа сабаблар туфайли ишга қатнашишда қийинчиликка дуч келган иштирокчилар учун муҳимдир.

Вақт ва харажатларни тежаш: Суд ишларини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш учун катта сарф-харажат талаб қилинмайди. Қўшимча харaжатлар камайгани сабабли, бу суд жараёнларининг самарали ва иқтисодий бўлишига хизмат қилади.

Жисмонан қатнашишга мажбур бўлмаслик: Суд мажлисларига чуқур географик масофа ёки физик ҳолат сабабли кела олмаган шахслар видеоконференцалоқа орқали иштирок этиши мумкин. Масалан, жиноий ишларда маҳкумларнинг иштирок этишида ушбу усул самарали бўлади.

Тезкорлик ва хавфсизлик: Баъзи ҳолларда суд жараёнини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш, пандемия каби фавқулодда ҳолатларда касаллик хавфини камайтириш учун ҳам муҳимдир.

Суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимларидан фойдаланиш қоидалари

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этувчиларга маълум бир ҳуқуқ ва мажбуриятлар юклатилган. Ушбу жараёнда иштирок этувчиларга аниқ тартиб ва талаблар юклатилган бўлиб, бу юридик манфаатлар ва равшанликни таъминлаш учун зарурдир.

Юридик хусусиятлар: Суд мажлисини видеоконференцалоқа орқали ўтказишда, баъзи ҳуқуқий ҳужжатларга таяниш талаб қилиниши мумкин.

Техник жиҳатлар: Суд мажлиси учун видеоконференцалоқа тизимлари аниқ белгилаш ва техник талабларга жавоб бериши керак. Сервер тизими, интернет тезлиги, техник воситаларнинг ишлаши ва шахсларнинг барча техник ёрдамлар билан таъминлангани муҳим аҳамиятга эга.

Халқаро амалиётда видеоконференцалоқа орқали суд жараёнлари айниқса глобал пандемия даврида кенг таркалган. Мисол учун, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларида судлар бу технологиядан самарали фойдаланиб, онлайн суд мажлисларини ташкил этишган. Россияда ҳам 2020 йилдан бошлаб суд жараёнларида видеоконференцалоқа тизими кенг қўлланилиб келинади.

Маълумот учун: видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси илк бор Россияда 1999 йил 18 ноябр куни ўтказилган. Россия Олий суди барча кассация ва назорат тартибидаги жиноят ишлар тўлиқ видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларида кўриб чиқилади. Ўтган давр мобайнида 650 мингдан ортиқ видеоконференцалоқа режимида суд мажлислари ўтказилган.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилиши судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликнинг янада таъминланишига хизмат қилади.

       Д.Шодмонқулова,
 Тошкент шаҳар судининг судья катта ёрдамчиси

ҚОНУН МОҲИЯТИ ТУШУНТИРИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди тергов судьяси З.Ярашев томонидан Юнусобод туман давлат солиқ инспекциясида учрашув ўтказилди.

Унда Юнусобод туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари ва бир қатор тадбиркорлар иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги “Аҳолига суд муҳокамаларида масофада иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-1047-сонли Қонуннинг мазмуни ва моҳияти, аҳамияти мавзусида сўз борди.

Хусусан, учрашувда қонун асосида аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига нисбатан берилаётган имкониятлар ва яратилаётган шарт-шароитлар, солиқ органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни расмийлаштиришда йўл қўйилаётган камчиликлар, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ва ходимларининг ҳуқуқ ва бурчлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Skip to content