Қидирув:

МУСТАҚИЛЛИК ТУФАЙЛИ СУДЛАР МУСТАҚИЛ БЎЛДИ

Инсон борки, озодликка, эркинликка интилиб яшайди. Кишилик тарихига эътибор қаратсак, жаҳонда деярли барча уруш-жангу жадаллар озодлик, инсон орзу-умидларига эришиш учун рўй берган. Шу маънода, мустақиллик асрлар тўфонидан соғ-омон ўтиб, ўзимиз ва ўзлигимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни англаш имконини берган муқаддас бойлигимиздир. Бу олий неъматни қўлга киритганимиздан буён, яъни 33 йилдан бери дунё харитасидан Ўзбекистон Республикаси деган янги мустақил давлат муносиб ўрин эгаллаб турибди.

Ватанимиз мустақиллиги халқимизга ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга бўлиш имконини берди. Шахснинг жамиятда тўлақонли эркинлигини таъминлашга кўмаклашувчи бир қатор узвий ҳуқуқларини амалга оширишда етарлича шарт-шароит ва имкониятлар яратилгани ҳам инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият даражасига кўтарилганини кўрсатади.

Инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун эса ҳар бир давлатнинг суд-ҳуқуқ тизими мустаҳкам ва мустақил бўлиши лозимлиги, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Ҳар бир тизим тараққиётини кучайтириш учун эса янгиланишлар, ўзгаришларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлади. Мустақил давлатимиз тараққиётида ҳам шундай янги босқичга қадам қўйилди.

2016 йилдан бошлаб мамлакатимизни ривожлантиришнинг замонавий талаблари ва стратегик устувор вазифалари Ўзбекистонни қонун ва адолат мустаҳкам қарор топган демократик мамлакатга айлантириш, мустақил ва кучли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришдек олий мақсадларни кун тартибига қўйди.

Суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги дадил қадамлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг эълон қилиниши бўлди.

Бу тарихий ҳужжатда суд-ҳуқуқ соҳасидаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, қуйидаги учта асосий устувор йўналишлар белгилаб берилди:

  • суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш;
  • фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;
  • одил судловга эришиш даражасини ошириш.

Қисқа фурсатларда бу мақсадларга эришила бошланди.

Жумладан, судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида, Судьялар олий кенгаши ташкил қилинди. Шунингдек, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаштирилди. Ҳудудлардаги хўжалик судлари иқтисодий судлар сифатида қайта ташкил этилди, 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқиш ваколати берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, биргина иқтисодий судлар ташкил этилганидан сўнг, минг-минглаб тадбиркорларнинг муаммолари қисқа фурсатда ҳал этилди. Давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқот умуман бошқача кўриниш касб этиб, раҳбар ва амалдорларни аҳолига яқинлаштирди.

Илгари хўжалик судлари фақат вилоят даражасида фаолият кўрсатарди. Айрим туманлар суд биносидан узоқ масофада жойлашгани туфайли тадбиркорлар даъво аризасини берган пайтдан низо судда кўриб чиқилгунига қадар вилоят марказига бир неча маротаба қатнашга мажбур эди. Бу эса уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашларига сабаб бўларди.

2017 йилда ташкил этилган иқтисодий судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди.

Яна бир муҳим жиҳат, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асл моҳияти инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигига эришишдан иборат. Бунда чет элдан инвесторни жалб этиш учун унга, биринчи навбатда, қулай ишбилармонлик муҳити, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонуний кафолатлар яратиб бериш лозим.

Бу жараёнда инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилгани айни муддао бўлди. Унга кўра, йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

Яъни, инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Олий суд томонидан, қолган барча инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.

Олий судда инвестициявий низолар бўйича махсус судлов таркибининг ташкил этилиши, ушбу тоифадаги ишлар бўйича алоҳида судловга тегишлилик қоидаларининг белгиланиши инвесторлар низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида 5 – 6 ойлаб сарсон бўлишларининг олдини олади ва уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлайди. Инвесторларнинг одил судловга ишончини кучайтириш орқали эса республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ортади. Бу эса мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини оширишга хизмат қилади.

Бугун иқтисодий судлар том маънода, тадбиркорларнинг, инвесторларнинг чинакам ҳимоячисига айланди.

Зеро, улар фақат маълум бир тоифадаги ишларни кўради, бу низоларни ҳал этиш жараёнини тезлаштиришга ва уларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришга ёрдам беради. Бу, айниқса, бизнесни сақлаб қолиш ва дарҳол қарор қабул қилиш масалалари турган иқтисодий ишларда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Суд ислоҳотлари борасида яна бир муҳим янгилик, судья лавозимида фаолият юритишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва муддатсиз даври белгиланганидир. Судларнинг ўз молиявий, моддий-техник масалаларини мустақил ҳал қилиш борадаги ваколатлари адлия органларидан олиниб, Олий судга ўтказилди. Суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Шахснинг жиноят содир этишдаги айбдорлиги фақат суд муҳокамасида ўз исботини топган далилларга асосланиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилди. Қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатлари қатъиян тақиқланди.

Судда ишларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди. Судлар фаолиятининг шаффофлиги, очиқлиги йўлида жиноят ишлари сайёр суд муҳокамаларида кўриб чиқилмоқда. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ва дастлабки терговнинг энг юқори муддатлари камайтирилди.

Судьяликка номзодларни танлов асосида ишга қабул қилиш механизми жорий этилди. Илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини онлайн ёритиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга ошириладиган бўлди.

Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишлар фақат иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиладиган бўлди. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Энди, бундан буён прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.

Суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди. Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “Бир суд — бир инстанция” тамойили, шунингдек, туманлараро судларнинг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.

Айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий қилинди. У мамлакатда жиноят, жиноят-процессуал қонунчилигининг татбиқ этилиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси юқори поғонага кўтарилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Бош прокурор ва ўринбосарларининг суднинг қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор бўлди. Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар (рейтинг дастури) амалиётга татбиқ этилди. Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида тузилган суд инспекцияси, шубҳасиз, судьялар дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра, жиноят иши тугатиладиган бўлди.

Бугун мамлакатнинг суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, айниқса, аёл судьяларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳозирда Олий судда фаолият юритиб келаётган жами 73 судьядан 13 нафари  аёл судьядир.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳамда ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасида тизим йўлга қўйилди.

Соҳа ислоҳотларидан бири – соҳада рақамлаштиришни кенг жорий қилиш судларга жисмоний ва юридик шахсларни мурожаат қилишни янада енгиллаштириш ҳамда одил судлов самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, судлар фаолиятини шаффофлигини, очиқлигини таъминлашга ва судлар мустақиллигини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Шу пайтгача фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар етарли даражада эмас эди. Бу борадаги хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида 30 га яқин давлат органлари ва идоралар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига уланди. Судлар фаолияти ахборот технологиялари фойдаланган ҳолда ташкил қилинмоқда.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтирилди, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминланди, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратилди, суд мажлисларида масофадан туриб, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтирилди, энг асосийси, муайян судда кўрилган иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятлари яратилди.

Суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш амалиёти жорий қилинди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этилмоқда. Суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш имконини берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий қилинди.

Сўнгги йилларда амалга оширилаётган бу ҳаётбахш ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Буни, судларга бўлган мурожаатларнинг кўпайиб бораётганида ҳамда судлар томонидан қабул қилинаётган оқлов ҳукмлари, фуқаролар, тадбиркорлар фойдасига қабул қилинган суд қарорлари сонининг ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

Эндиликда одамлар судни фақат қоралайдиган, жазолайдиган орган, деб эмас, аксинча, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган орган, ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони, деб қарай бошлади.

Шу боисдан судлар қонундан оғишмай иш тутишлари, фуқароларнинг манфаатларини муҳофаза этиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб, халқнинг ишончини қозонишлари зарурдир..

                                    Иброҳим Алимов,

                                            Тошкент шаҳар  суди раисининг ўринбосари

                                             иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА БЎЛИБ ЎТГАН ТАДБИРДА ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ, ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАН СУДЛАРИ СУДЬЯЛАРИ, ХОДИМЛАРИ ИШТИРОК ЭТДИ.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов барчани Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги билан муборакбод этиб,суд тизимида эришилган ютуқларни эътироф этиб, соҳада меҳнат қилаётганларнинг меҳнатини улуғлади. Шундан сўнг пойтахт судларида алоҳида ўрнак кўрсатган судья ва ходимларга Тошкент шаҳар суди раисининг фахрий ёрлиғи топширилди.

– Байрам арафасида менга бўлган бу эътибордан жуда хурсанд бўлдим, – дейди жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди архив мудири М.Файзиева, – озгина рағбат кўнгилни кўтаради. Мен ўйлайманки, бундан кейин ҳам ҳалол меҳнатларим билан одил судловни таъминлашда бор куч-ғайратим билан хизмат қиламан.Байрам барчага муборак бўлсин, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!!

МУСТАҚИЛЛИКНИНГ 33 ЙИЛЛИГИ ОЛИЙ СУДДА КАТТА ТАНТАНА БИЛАН НИШОНЛАНДИ. ВИЛОЯТЛАР ВА УНГА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН СУДЛАР ТАДБИРДА ВИДЕОКОНФЕРЕНЦАЛОҚА ТИЗИМИ ОРҚАЛИ ИШТИРОК ЭТИШДИ.

Унда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Президентимиз Фармони асосида тақдирланган судьяларга давлат мукофотларини Олий суд раиси Б.Исламов тантанали суратда топширди.

Тадбирда тизимда фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ судья ва ходимларга илк бор Олий суд раисининг тегишли буйруғи билан «Бенуқсон хизмати учун» кўкрак нишони топширилди. Булар орасида пойтахт судларида фаолият юритаётган судья ва суд фахрийлари ҳам бор.

 

Хусусан, тадбирда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов, жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди раиси И.Собиров, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Г.Мирзаалимова, суд фахрийларидан У.Қурбонов, К.Саидов, А.Насретдинова, Б.Примова, Д.Муродоваларга «Бенуқсон хизмати учун» кўкрак нишони тантанали топширилди.

Тошкент шаҳар суди мажлислар залидан иштирок этган суд фахрийларига кўкрак нишонини Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси М.Мирзажонов топширди.

Барча тақдирланганларни мукофотлар билан чин дилдан табриклаймиз. Муборак бўлсин!

МАҲАЛЛА ОБОД – ЮРТ ОБОД

«Маҳалла обод – юрт обод» шиори остида ўтказилган умумхалқ ҳашарида пойтахт судлари ходимлари уюшқоқлик билан иштирок этдилар. Айниқса, бу тадбирда жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди, жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди, жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди, жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди, жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди, жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судларида катта ҳажмдаги ишлар бажарилди.Буни фотолавҳаларга муҳрланган тасвирлардан ҳам кўриш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, бу эзгу ишлар Мустақиллигимизнинг 33 йиллигини муносиб кутиб олиш, озодалик ва ободлик йўлидаги асрий қадриятларимиз ифодасидир.

МАҲАЛЛА ОБОД – ЮРТ ОБОД

Эрта тонг…

Пойтахт аҳолиси уюшқоқолик билан ҳашарга отланди. Маҳаллалар, ҳовлилар атрофи, ишхоналар, ариқ – зовурлар тозаланмоқда. Бу умумхалқ тадбиридан пойтахт судлари ҳам беэътибор қолмади, албатта.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди ва фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди бир жойда жойлашган.

Бугун бу ерга судьялар ва суд ходимлари барвақт келдилар. Энг улуғ ва энг муқаддас байрамимиз Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги байрами тобора яқинлашмоқда. Халқимизда ҳар қандай тўй – тадбир олдидан ҳовли, уй, атрофга қаралади. Тозаликка эътибор қилинади. Зеро, “Маҳалла обод – юрт обод”, дейди халқимиз. Ва шундай улуғ тадбирлар арафасида умумхалқ ҳашарлари ташкил этилади. Бу ҳашарларда ишхона ҳудуди, ён атрофи ва ҳовлилари супирилади. Ариқлар, кўча ва йўлаклар тартибга келтирилади. Дарахтларни оқлаш ва уларга шакл бериш, хизмат хоналарида санитария-гигиеник ишларни амалга ошириш кўздан қочирилмайди.

Эрта тонгдан судья ва суд ходимлари ишга киришиб кетди. Атроф чиқиндилардан тозаланди. Дарахтларга шакл берилди. Ариқ-зовурлар, ҳовли атрофи бегона ўтлардан, чиқиндилардан тозаланди, ойналар артилди… Бу биргина жиноят, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туман, туманлараро суди мисолидаги фикрлар. 

Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳар маъмурий суди, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари, 12 та жиноят, 2 та туманлараро иқтисод суди, 5 та туманлараро фуқаролик судларида айни дамда иш қизғин. Биз улар ишлари ҳақида кейинги лавҳаларимизда баён қиламиз…

ОЛМАЗОР ҲОКИМЛИГИДА БЎЛИБ ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Тадбирда дастлаб Тошкент шаҳар прокурори Э.Йўлдошев Олмазор тумани ҳокимлиги биносига ташриф буюрган фуқароларни сайёр қабул тартиби билан таништирди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар прокурори, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, суд, солиқ бошқармаси раҳбарлари ўзларига ажратилган жойларда фуқароларни қабул қилишни бошлади.

 

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжақулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси М. Маҳмудов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари,  иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А.Ёриев, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси в.в.б З.Нуриддиновлар томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича шикоятлари тингланди.

Сайёр қабулда 19 та мурожаат эшитилди. Таҳлил қилинадиган бўлса, фуқаролар мурожаатларининг 9 таси фуқаролик, 7 таси жиноят, 3 таси  маъмурий суд юритиш ишлари бўйича мурожаатларни ташкил этди.

 

Мурожаатларнинг 19 таси бўйича жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди.

ҲАМКОР ТАШКИЛОТЛАР ИШТИРОКИДАГИ НАВБАТДАГИ АМАЛИЙ СЕМИНАР МАШҒУЛОТИ

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари судьялари, пойтахт прокуратураси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда  “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ нинг Салар сув тўйинтириш иншооти ишлаб чиқариш ва амалий фаолияти мисолида пойтахтдаги хўжалик юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан табиатга ва табиий ресурсларга етказиладиган зарарларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймаслик ва бартараф  қилиш мавзусида амалий семинар машғулоти бўлиб ўтди.

Амалий семинарда  иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид норматив қонун ва норматив-ҳуқуқий  ҳужжатлар талабалари ижросининг  таъминланиши холати муҳокамалар марказида бўлди.

 

Иштирокчилар тадбир давомида “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖнинг Сергели туманида жойлашган Салар сув тўйинтириш иншооти ишлаб чиқариш фаолияти билан танишдилар, пойтахт хўжалик юритувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятида табиатга ва табиий ресурсларга етказиладиган зарарларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймаслик ва бартараф қилишга доир қонунчилик ҳужжатлари ижроси ,ИПК, Олий суд Пленуми қарорлари, иқтисодий ва фуқаролик судлари фаолиятида кўрилаётган ишлар моҳияти таҳлил қилинди.

Тадбир сўнгида семинар машғулоти иштирокчилари бу борада ўз  фикр-мулоҳазалари ва тегишли таклифларини  билдирдилар.

АКАДЕМИЯДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Бугун пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси биносида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг оммавий сайёр қабули бўлиб ўтди.

 

Айтиш жоизки, мазкур маскан замонавий ва барча шароитларга эгалиги билан ажралиб туради. Академия томонидан фуқароларни қабули учун зарур шароитлар яратиб берилди.

 

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раҳбарлари, судьялар ҳозир бўлдилар.Жумладан,Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжақулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек  тумани суди раиси в.в.б Б.Бердиев, фуқаролик, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари иштирок этиб фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича мурожаатларини тингладилар.

Ушбу қабулда фуқаролик ишлари бўйича 10 та, жиноят ишлари бўйича 7 та, маъмурий суд ишлари бўйича 1 та, жами 18 та мурожаат тингланди. 2 та мурожаат бўйича ишлар назоратга олинди. Сайёр қабулга келган фуқароларга ҳар бир мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ ФАОЛИЯТИДАН

Тошкент шаҳар иқтисодий судларига 2024 йил 6 ойлиги давомида жами 60 300 та даъво аризаси ва аризалар келиб тушган.

Шундан 55 834 таси иш юритишга қабул қилиниб, 53 105 таси  кўриб чиқилган. 50 146 таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган, 1 295 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 631 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 1 033 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.

Кўрилган 53 105 та ишнинг 15 920 таси ёки 29,9 фоизи судьялар томонидан бевосита маҳаллаларда, корхоналар, муассасалар, ташкилотларда сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ ФАОЛИЯТИДАН

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2024 йил 6 ойлигида жами 123.875 та ишлар ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган ишларнинг 17.8 фоизини ташкил этади.

Кўрилган ишларнинг 29.522 таси фуқаролик ишлари, 85.609 таси суд буйруқлари, 8.687 таси материал ва 57 таси ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари билан боғлиқ ишлардан иборат.

Судлар томонидан жорий йил биринчи яримида никоҳдан ажратиш ҳақида жами 4.071 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70 та ёки 1,7 фоизга ошган.

Кўрилган ишларнинг 1.886 таси (46.3 фоизи) қаноатлантирилган,  1.688 та (41.4 фоиз) даъво аризаларни қаноатлантириш рад қилинган,  443 та (10.8 фоиз) даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган, 54 та (1.3 фоиз) фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган.

Skip to content