Қидирув:

Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжуд эди. Бунга жавобан Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги  “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1047-сонли Қонуни қабул қилинди. Шу туфайли Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш деб номланган 209-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг
209- моддасида судларда видеоконференцалоқани амалга оширишнинг техник имконияти бўлган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар суднинг видеоконференц алоқа режимидаги мажлисида бу ҳақда ўзлари илтимоснома берганда ёки суднинг ташаббусига кўра иштирок этиши мумкинлиги ҳамда кўрсатилган шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиши тўғрисида суд ажрим чиқариши, ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга ва ўз кўмагида ушбу шахслар бундай мажлисда иштирок этиши мумкин бўлган тегишли судга юборилиши ҳақида нормалар белгиланган эди.

Юқоридаги қонун билан Фуқаролик процессуал кодекси 209-моддасининг 2 ва 3 қисмларига қуйидагиўзгартириш ва қўшимча киритилди:

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднингмобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Ушбу нормалар орқали агар бирор шахс суд мажлисида шахсан иштирок этиш имкониятига эга бўлмаса (масалан, бошқа шаҳарда ёки қишлоқда бўлса) у видеоконференция орқали судда қатнашиши мумкин. Бу орқали шахснинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича энг яқин суднинг видеоконференция тизимидан ёки суднингўзининг мобиль видеоконференция тизимидан фойдаланиш имкониятининг ҳуқуқий асоси яратилди.

Бундан ташқари, суд видеоконференция орқали иштирок этаётган шахсларнинг мажлисга келган-келмаганлигини текширади ва иштирокчиларнинг шахсини аниқлайди. Агар шахс мобиль видеоконференция тизими орқали қатнашаётган бўлса, унинг шахси суд томонидан ахборот технологиялари ёрдамида аниқланади. Бошқача қилиб айтганда, суд бу иштирокчисининг кимлигини тасдиқлаш учун замонавий технологиялар (масалан, юзни таниб олиш ёки бошқа электрон усуллар)дан фойдаланади.

Юқорилардан ташқари, ФПКнинг 209-моддаси қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди: “Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.”

Бу қўшимча, видеоконференцалоқа орқали иштирок этаётган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларнинг шахсий ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ҳақида тушунтириш берилиши зарурлигини таъкидлайди. Шунингдек, гувоҳнинг қасамёди ва унинг суддаги сўзлари аудио ва видеоёзувда сақланади, бу эса жараённинг аниқ ва шаффоф бўлишини таъминлайди.

Худди шунга ўхшаш ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 166-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 144-моддаларида ҳам ўз аксини топди.

Юқоридаги фикрларимизни асослаш учун амалиётдан мисоллар келтириб ўтмоқчиман. Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъвогар А .Ю. (аёл) жавобгар А.Ж.(эркак) га нисбатан турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар унинг фарзанди ҳисобланишини, Чилонзор тумани, 30-уй  2018 йил 22 июндаги ҳадя шартномасига асосан ўзига тегишли эканлигини, жавобгар 2017 йилда АҚШ давлатига ўқиш учун кетганлигини, шундан сўнг қайтиб келмаганлигини, жавобгар учун низодаги уйнинг коммунал тўловларини ўзи тўлаб келаётганлигини, ушбу тўловлар унга оғирлик қилаётганлигини, шу сабабли судга даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлганлигини баён қилиб, суддан жавобгарни Чилонзор тумани 30-уйга нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топишни сўраган.

Суд жараёнида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб, жавобгар бугунги кунда яшаб турган АҚШ давлатидан даъво аризани тан олишини, ҳақиқатдан ҳам 2017 йилнинг декабрь ойида АҚШга ўқишга кетганлигини, ҳозирги кунга қадар чет элда яшаб келишини, 30-уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топилишга розилигини баён қилиб, суддан даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни сўраган.

Суд  тарафларнинг берган кўрсатмаларини ва иш ҳужжатлари билан тўлиқ танишиб чиқиб, тарафлар ўртасида низо мавжуд эмаслигини ҳамда жавобгар даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришга эътирози йўқлиги инобатга олиб, даъво аризани қаноатлантириш ҳақидаги хулосага келган.

Яна шунга ўхшаш бир мисол, судга даъвогар Ш.Э.(аёл) жавобгар Г.А.(аёл) ва Ш.К. (аёл)га турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгарлар қизи ва онаси бўлишини, улар бугунги кунда Россия Федерациясида узоқ йиллардан буён яшаб келишини, қолаверса жавобгарлар ушбу давлатнинг фуқаролигини олиб бўлганликларини, у ҳам ўзига тегишли бўлган уй-жойни сотиб жавобгарларнинг олдига кўчиб кетмоқчилигини, аммо уй-жойни сотиш учун жавобгарларнинг розилиги кераклигини, улар Россия Федерациясидан кела олмасликларини, шу сабабли уй-жойнинг доимий руйхатидан чиқиб, фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топилишларига эътирозлари йўқлигини баён қилиб, суддан даъво аризани қаноатлантиришни сўраганлар.

Суд мажлиси жараёнида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда, жавобгарлар билан телеграмм ижтимоий алоқа тармоғи орқали боғланиб, уларнинг даъво аризани қаноатлантиришга этирозлари йўқлиги ҳақида фикрлари олинган.

Ушбу фуқаролик иши бўйича ҳам суд тарафларнинг берган кўрсатмаларини ва иш ҳужжатлари билан тўлиқ танишиб чиқиб, тарафлар ўртасида низо мавжуд эмаслигини ҳамда жавобгарларнинг даъвогарни даъво аризасини қаноатлантирилишига эътирозлари йўқлиги инобатга олиб, даъво аризани қаноатлантириш ҳақидаги хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал Кодексининг
33-моддасининг 1-қисмига асосан,  аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади, дейилган.Шунга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъвогар С.В(аёл) жавобгар С.М. (аёл)га нисбатан қарз ундириш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилиб, даъво аризасида жавобгар тилхат асосида ундан 50.000.000 сўм қарз олганлигини, қарзини 2024 йилнинг сентябрь ойига қадар қайтариши лозим бўлганлигини, аммо бугунги кунга қадар жавобгар қарзини қайтармаганлиги боис, суддан жавобгардан ўзининг фойдасига 50.000.000 сўм ва суд харажатларини ундириб беришни ҳамда у ўзи Самарқанд вилоятида яшашини, қарамоғида 2 ойлик чақалоғи борлигини, суд идорасига боришга имкони йўқлигини билдириб, суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа орқали  қатнашиши ҳақида илтимоснома киритган.

Суд даъвогарнинг суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа орқали  қатнашиши ҳақида илтимосномасини қаноатлантирган ҳамда иш ҳужжатларини тегишли тартибда ўрганиб чиқиб қонуний қарор қабул қилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, қонунчиликдаги бу ўзгартиришлар суд жараёнларини янада осонлаштириш ва фуқароларнинг суд мажлисларига масофадан, яъни видеоконференция орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш учун киритилган. Бу, айниқса, узоқ ҳудудларда яшовчи ёки бошқа сабабларга кўра судга келолмайдиган одамларга жуда ҳам қулай.

Шаҳноза Зайниева,

Фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро

судининг судьяси

КОММУНАЛ СОҲАДА ЮЗАГА КЕЛАЁТГАН НИЗОЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ЕЧИМЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Пойтахтимизда Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни ундириш, низоларни кўришда юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирларга бағишланган амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Унда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари раислари, Тошкент шаҳар прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда коммунал ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Мулоқотда судлов ҳайъати ҳамда коммунал ташкилотлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича судларга коммунал тўловларни ундириш юзасидан аризалар киритилишида, судлар томонидан суд буйруқларини чиқариш ва ижрога юборишда ҳамда ижро жараёнида кузатилаётган ҳар бир камчилик, муаммо ва тўсиқлар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, ҳар бир муаммони ечими бўйича зарур тавсиялар ўртага ташланди.

Мажбурий ижро бюроси билан суд ҳужжатларини ўз вақтида ижро этилиши ва асоссиз ижро ҳужжатларини қонуннинг 8 -ва 24 – моддаларига асосан қайтаришларнинг олдини олиш борасида сўз борди.

Йиғилиш якунида судларга киритилаётган аризаларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб судларга тақдим этиш, судлар томонидан қонунда белгиланган муддатларда ва қонуний кўриб чиқилиши ҳамда ўз вақтида ижрога қаратилиши, Мажбурий ижро бюроси томонидан ижрога қаратилган суд ҳужжатларини ўз вақтида ижро этиш ва қарздорликларни қисқа муддатларда ундириш, асоссиз равишда ижро ҳужжатларини қайтармаслик, бажарилган ишлар юзасидан кундалик маълумотларни таҳлилини юритиш борасида келишиб олинди.

СУД ФАХРИЙЛАРИ АРДОҚДА

Қодиров Аҳрор Ахунджонович 1955 йилнинг 25 март куни Фарғона вилоятида туғилган. Суд фахрийси бугун роппа-роса табаррук 70 ёшни қарши олди.

Умрининг 24 йили судьялик фаолияти билан боғлиқ. Хусусан, 1981-1982 йилларда Фарғона вилояти Ёзёвон туман суди раиси,1982-1985 йилларда Фарғона вилояти судининг судьяси, 1985-1995 йилларда Олий суд судьяси, 2000-2011 йиллари жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси вазифасида меҳнат қилди.

 

Айни пайтда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани «Лашкарбеги» маҳалласида умргузаронлик қилмоқда. 4 фарзанд, 9 невара ардоғида нафақа гаштини сурмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, биз ҳам А.Қодировни таваллуд кунлари билан табриклаб узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилаймиз.

НАВРЎЗ-ЯНГИЛАНИШ ФАСЛИ

Бундан минг йиллар олдин ота-боболаримиз Наврўз айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай юқори кайфият билан унга пешвоз чиқмоқда. 

Чунки шарқона янги йил ҳисобланадиган Наврўз ўлмас қадриятларни тараннум этадиган, янгиланиш ва фаровонлик рамзидир.

Наврўз айёми келиши билан барча шаҳарлар ва қишлоқларда, маскану майдонларда, табиат қўйнида баҳор сайиллари, томошалар, миллий кўргазмалар ва байрам дастурлари намойиш этилади.

Халқимизга хос бўлган ўз она диёрига, юртига муҳаббат, меҳр-оқибат, кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каби олийжаноб фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади. Йилнинг ушбу сеҳрли даврида бўладиган табиатнинг янгиланиши ва уйғониши билан бизнинг ҳаётимиз, бутун жамиятимиз ҳаёти ўзгаради. Энг аввало, барпо этилаётган янги уй-жойлар, тиббиёт ва таълим муассасалари, замонавий корхоналар, шинам қишлоқ ва шаҳарлар юртимиз қиёфасига чирой қўшади.

Наврўз фалсафаси инсонпарварлик, мурувват, адолат, бағрикенглик, халқ фаровонлиги учун чинакам ғамхўрлик кўрсатиш каби юксак қадриятлар орқали ўз ифодасини топган. Оиламиз ва яқинларимиз, бутун халқимиз ҳамиша тинч ва осойишта яшашларини юракдан истаймиз. Бу борада буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий “Ҳар кунимиз Наврўздек бўлсин” деб таъкидлаган эдилар.

Маълумки, дунёда турли байрамлар, муҳим саналар кўп бўлса-да, Наврўз инсон шаъни ва қадр-қимматини юксалтиришда алоҳида ўрин тутади.

Ушбу баҳор айёмида юртимиздаги барча фуқароларнинг миллатлараро дўстлиги, ўзаро ҳурмати, маънавий саховати ва меҳр-оқибати айниқса яққол намоён бўлади. Инсон ҳурмати ва эҳтиромини улуғлаш йўлидаги хайрли ишларнинг амалий тимсоли сифатида барчамиз Наврўз байрамида қариндош-уруғ ва дўстларимиз, беморлар, кекса-қариялар ва имконияти чекланган инсонлар, кўмак ва эътиборга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам кўрсатамиз, илиқ қалбимиз билан меҳр улашамиз. Биз доимо кўп асрлик анъаналаримиздан фахрланамиз, фарзандларимизни ана шу инсонпарварлик қадриятлар асосида тарбиялаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «2025 йилги наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида» даги қарорида кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган олийжаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланаётганлиги таъкидланиб, бундай эзгу қадриятлар туфайли юртимизда аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан, барча табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифамизга айланиб бораётганлиги ифода этилган.  

Қарорда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да  ва муборак Рамазон ойида нишонланадиган бу йилги Наврўз шодиёналари шу боис янгича руҳ ва мазмун касб этиши белгиланди.

Бир сўз билан айтганда бугун давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган инсон қадрини улуғлаш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш каби эзгу ислоҳотлар Наврўз қадриятлари билан ҳамоҳангдир.

                                                           Шоира Эрметова,

                                                                       Тошкент туманлараро

                                                                           иқтисодий суди судьяси

ЛИЦЕЙ ЎҚУВЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги М.Восиқова номидаги академик лицейда фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьялари Н.Кенжаева, Н.Гулямова, С.Умаровалар иштирокида 2-босқич ўқувчилари билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда судларнинг роли, одил судловни амалга ошириш, судьяларни танлаб олишнинг белгиланган мезонлари, юридик иш стажи, судьялар дахлсизлиги, уларнинг ваколатлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

 

Тадбирда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга жавоб олдилар.

 

ҚИММАТГА ТУШГАН ШАПАЛОҚ

Мактаб ва таълим…

Ўқитувчи ўқувчини уриши мумкинми?

Унда қандай тарбия бўлади? Таълим бериб турган муаллим ўқувчиларга шундай намуна кўрсатадими?

Пойтахт мактабларининг бирида математика ўқитувчиси бўлиб ишлаб келаётган М.В. 9 синф ўқувчиси Б.А.ни дарсга кеч қолганлиги учун уриб, енгил тан жароҳати етказган. Ўқувчи кеч қолиш сабабини қорни оғриб қолганлиги билан боғлаган.

Ўқувчининг енгил тан жароҳати олганлиги бўйича суд-тиббий экспертизасининг хулосаси олинган.

Суд мажлисида математика ўқитувчиси айбига қисман иқрор бўлиб ўзини оқлашга ҳаракат қилди. Аммо далиллар унинг қилмишини оқламас эди.

 Ҳар қандай шароитда муаллимнинг ўқувчига қўл кўтариши оқланадиган холат эмас. Экспертиза хулосасига кўра, ўқитувчининг бир шапалоғи ўқувчининг қулоқ пардаси йиртилиб кетишига сабаб бўлган. Эртаси куни ўқувчи дарсга келмаган, сабаби қулоқ оғриқ бериб шифохонага тушган.

Ўқитувчи ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, ота-онасидан кечирим сўраб, дори-дармонга пул беришини айтган аммо ота-она буни рад қилган.

Суд ўқитувчининг жиноий ҳаракатларини муҳокама қилиб, унинг ўз айбига қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий ва моддий шароитини, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, муқаддам судланмаганлигини ва бошқа жиҳатларни инобатга олган ҳолда, унга Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 9.900.000  сўм жарима жазоси тайинлади.

Ҳамид Шамшиев,

Тошкент шаҳар суди судьяси

СУДЬЯНИНГ МАСЪУЛИЯТИ ВА БУРЧИ

Маълумки, жорий йилнинг 5 март куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши йиғилишида суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлиги ҳамда “судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланиши, бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши” тўғрисида алоҳида таъкидланди.

Мазкур йиғилишда илгари сурилган вазифалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг судьялар ва суд ходимларига мурожаат билан чиқди ва суд тизимида коррупцияни олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама этилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда одил судловни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда Олий суд раисининг мурожаати мазкур жараённинг долзарблигини яна бир бор тасдиқлаб, суд тизимида муҳим вазифаларни белгилаб берди. Президентимиз ва Олий суд раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу ғоя ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, мурожаатда таъкидланган ҳар бир масалага атрофлича муносабат билдириш лозим деб ҳисоблаймиз.

Аввало, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тамойилига риоя қилиш одил судловни таъминлашнинг энг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Президентимиз судьяларга нисбатан ҳар қандай ташқи аралашув қаттиқ қораланиши ва улар фақат қонунга бўйсуниши лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Бунинг учун судьялар дахлсизлиги мустаҳкамланиши, суд тизимининг моддий ва ижтимоий таъминоти яхшиланиши, кадрлар танлови шаффоф механизмлар асосида амалга оширилиши зарур. Бугунги кунда бу борада қатор амалий ишлар олиб борилаётган бўлса-да, суд тизимининг ҳар бир аъзоси ўз зиммасига юклатилган масъулиятни чуқур англаб, мустақил ва холис суд қарорларини қабул қилишга қатъий риоя қилиши лозим.

Шунингдек, судьяларнинг касбий ва ахлоқий савиясини ошириш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Олий суд раиси томонидан айтиб ўтилганидек, судьялик фақат ҳуқуқий билим билан эмас, балки юқори ахлоқий тамойилларга содиқлик билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Судьянинг хулқ-атвори, жамият олдидаги намуналиги унинг адолатли қарор чиқариши билан бевосита боғлиқдир. Бу борада халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, судьялар фаолиятида ахлоқий меъёрларга қатъий риоя этиш ва уларни амалиётга кенг татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.

Коррупцияга қарши кураш муаммоси ҳам мурожаатда алоҳида эътироф этилган бўлиб, Президентимиз ушбу иллатни жамиятнинг ривожланишига жиддий тўсиқ эканини қатъий таъкидладилар. Бугунги кунда суд тизимида коррупцияни бартараф этиш учун шаффофликни ошириш, инсон омилини камайтириш ва электрон ҳужжат айланиш тизимини такомиллаштириш асосий вазифалар сифатида белгиланган. Суд ишларини юритишда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, ишларни автоматлаштирилган ҳолда тақсимлаш ҳамда ижро ҳужжатларини электрон шаклда юбориш орқали коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш зарур. Шу билан бирга, коррупцияга йўл қўйган судьялар ва суд ходимларига нисбатан кескин чоралар кўриш амалиёти давом эттирилиши шарт.

Олий суд раиси судьяларнинг дахлсизлиги масаласига ҳам тўхталиб, унинг имтиёз сифатида эмас, балки юксак масъулият ифодаси эканини алоҳида қайд этдилар. Судьянинг дахлсизлиги фақат унинг мустақил фаолиятини таъминлаш учун кафолат сифатида кўрилиши лозим. Бу дахлсизлик уларнинг жавобгарликдан озод бўлишини англатмайди, аксинча, судьядан янада юксак ҳалоллик ва адолатли қарорлар талаб қилади. Демак, судьялар ўз дахлсизлигидан нотўғри фойдаланиш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслиги, қонун ва адолатга содиқликни асосий касбий тамойил сифатида қабул қилиши керак.

Мурожаатда таъкидланган яна бир муҳим масала – коррупция билан боғлиқ ишлар бўйича жазолаш муқаррарлигини таъминлашдир. Суд тизими одил судлов тамойилига содиқ қолган ҳолда, коррупциявий жиноятларга қарши муросасиз курашиши шарт. Шунингдек, коррупцион ҳолатлар юзасидан махсус назорат механизмларини жорий қилиш, судьяларнинг фаолиятини доимий мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш зарур. Суд тизимидаги шаффофликни ошириш орқали жамиятнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришиш мумкин.

Президентимиз судьяларни халқ хизматида бўлишга, уларнинг фаолияти шаффоф ва адолатли бўлиши зарурлигини қайд этдилар. Бугунги кунда фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун судьялар ва суд ходимлари жамият олдида ўз масъулиятларини тўлиқ англаб етишлари керак. Фуқаролар ҳар қандай суд қарорининг қонуний асосда қабул қилинганига ва адолатли эканига амин бўлиши лозим. Суд тизимининг нуфузини ошириш ва халқ ишончини мустаҳкамлаш учун ҳар бир судья ўз касбий маҳоратини доимий равишда ошириб бориши, хизмат бурчига фидойилик билан ёндашиши талаб этилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгаш йиғилишида илгари сурилган фикрлари ва Олий суд раисининг бу борадаги мурожаати мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Уларда таъкидланган барча масалалар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимиятининг обрў-эътиборини оширишга қаратилган. Бу йўлда барча судьялар ва суд аппарати ходимлари жамият олдидаги масъулиятни ҳис қилиши, қонунийлик ва адолат тамойилларига қатъий риоя қилиши, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда шахсий масъулиятини чуқур англаб етиши шарт. Мурожаатда таъкидлаганидек, суд ҳокимияти – адолат ва қонун устуворлигини таъминловчи асосий кафолатдир. Шу боис, ҳар бир судья ва суд ходими ушбу тамойилларга содиқ қолиши ва мамлакатимизда ҳақиқий адолат ҳукм суриши учун бор кучини сафарбар қилиши лозим.

Қаҳрамон МИРСАФАЕВ

Тошкент шаҳар судининг жиноят

ишлари бўйича судьяси

Аниқ вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида коррупцияга қарши курашиш доимий жараён эканини таъкидлаб, бу борадаги долзарб масалаларни ва келгуси вазифаларни аниқ-равшан кўрсатиб ўтдилар.

Шу вазифалардан келиб чиқиб Олий судда кенгайтирилган йиғилиш ўтказилганидан хабарингиз бор. Унда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берилган вазифалар чуқур таҳлил қилиниб, шу асосда Олий суд раисининг мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Тошкент шаҳар судида ҳар иккала муҳим тадбирда таъкидланган масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Дастлаб судьялар Президентимизнинг миллий кенгаш йиғилишида сўзлаган нутқини диққат билан тингладилар. 

Шундан сўнг Тошкент шаҳар суди раиси Э. Ходжакулов сўзга чиқиб, Президент маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар, хусусан суд тизимига боғлиқ масалаларга атрофлича тўхталиб ўтди. Олий суд раиси мурожаати ҳар бир судья ва суд ходимининг иш столида бўлиши лозимлиги, уни қайта-қайта ўқиб мағзини уқиш кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.

САЙЁР СУДДА МАЪМУРИЙ ИШ МАТЕРИАЛЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди тергов судьялари Х.Содиқов ва Л.Яхшибоевалар томонидан туманнинг «Латифгузар» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла аҳли иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

 

Унда судьялар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ 6 та иш материаллари кўриб чиқилди. Ишлар моҳиятига тўхталадиган бўлсак, майда безорлик, тиланчилик, фоҳишалик билан шуғулланиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабини бажармаслик, жамоат жойида алкогол маҳсулотини истеъмол қилиш, совуқ қурол олиб юриш каби ҳуқуқбузарликларни ташкил этади.

Сайёр судда биринчи марта содир этган ҳуқуқбузарларга жарима, огоҳлантириш, қайта ҳуқуқбузарлик содир этганларга 10 суткадан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазолари тайинланди.

 

Ҳуқуқбузарларга содир этган қилмиши моҳияти тушунтирилди.

НИКОҲ ШАРТНОМАСИ

Никоҳ шартномаси – томонлар эр ва хотиннинг мол-мулки ҳуқуқий тартибини белгилайдиган  шартларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 6-бобида эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби белгиланган.

Ҳар қандай никоҳ олди келишувини яратишнинг асосий қисмларидан бири – тўлиқ ва холис ошкор этиш жараёнидир. Бу ерда жуфтликлар – қарзлари, активлари, мерослари ёки бошқа молиявий ресурслари ҳақида очиқ маълумот беришлари керак.

Агар молиявий маълумотлар тўлиқ ошкор қилинмаса, суд келишувни ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Шу сабабли, бу жараённи тўғри ташкил этиш тарафларнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Никоҳ олди келишувининг асосий қисми – қандай активлар умумий мулк деб ҳисобланиши, қайсилари эса шахсий мулк бўлиб қолиши ва ажрашиш ҳолатида мол-мулк қандай тақсимланиши ҳақидаги келишувдир. Агар келишув бир томон манфаатларини ҳаддан ташқари кўпроқ ҳимоя қилса, суд уни бекор қилиши мумкин. Шунингдек, мол-мулкни тақсимлаш адолатли бўлган тақдирда ҳам, музокара жараёни сезиларли даражада турли қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 354-моддаси бешинчи қисмига кўра, шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно. Мазкур қоидадан келиб чиқиб, шарҳланаётган моддада шартноманинг предмети ва субъектлари доираси асосида аниқлаштирилади. Масалан, никоҳ шартномаси ёрдамида эр-хотиннинг қонунда белгиланган биргаликдаги умумий мулки режимини ўзларининг хоҳишларидан келиб чиқиб ўзгартириш ҳуқуқларини амалга оширишга имкон беради.          

Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг биргаликдаги умумий мулкининг қонунда белгиланган тартибини ўзгартириш, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш, эр ва хотин мол-мулкининг айрим турларига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш, эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш тушунилади.

Умумий асосларга кўра эр ва хотиннинг мол-мулклари қуйидагича асосларга кўра турларга ажратилади:

-эр ва хотиннинг биргаликдаги эгалиги;

-эр ва хотиннинг улушли эгалиги;

-эр ва хотиндан ҳар бирининг алоҳида эгалиги.

Биргаликдаги эгалик деганда, никоҳ шартномаси орқали эр ва хотин умумий мулкининг қонуний тартибини ўзгартиришсиз қолиши англашилади. Улушли эгалик эр ва хотиннинг умумий биргаликдаги мулкига нисбатан уларнинг ҳуқуқлари муайян фоизлар кўринишида улушларга ажратилишини кўрсатиш мумкин. Никоҳ шартномаси бекор қилинган тақдирда улар ушбу шартнома шартларида кўрсатилган нисбатда ўз улушларини олишлари мумкин.

Алоҳида эгалик, биргаликда эгалик ва улушли эгаликдан фарқли равишда эр ва хотин умумий мол-мулкининг уларнинг ҳар бири учун алоҳида қисмларга ажратилишини англатади.

Никоҳ шартномасида эр ва хотин умумий мулкининг қайси қисми эрга ва қайси қисми хотинга тегишли бўлиши назарда тутилиши мумкин ва айнан шу усулда ҳуқуқларни тақсимлаш алоҳида эгаликни англатади. Масалан, эр ва хотиннинг кўчмас мол-мулкига эгалик эр томонидан, кўчар мол-мулкка нисбатан эгалик хотин томонидан амалга оширилиши тартиби улар томонидан танланади.

Дилноза Абдуқодирова,

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси

Skip to content