КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАРДА МУШУК ВА ИТ БОҚҚАНЛАРГА ҚОНУНДА БИРОРТА ЧОРА БОРМИ?
— Қўшниларимиз уйида мушук ва ит боқишади. Кўп қаватли уйда яшаганлигимиз сабабли, иссиқ кунларда уларнинг бадбўй ҳиди атрофга тарқалиб, тоза ҳаводан нафас олишга имкон бермайди. Қўшниларни бир неча марта огоҳлантиришимизга қарамай, бу ҳолатга бепарво муносабатда бўлмоқда. Кечаси ити аккиллашидан ёш фарзандларимиз уйқусидан қўрқиб уйғониб кетишади. Кундузи эса сайрга чиқиб, кўчада ўйнаб юрган ёш болаларни қўрқитади. Қўшниларнинг бу хатти-ҳаракати учун қонунда бирорта чора ёки ечим борми?
Исми сир тутилди
МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНГАН
— Ҳозирги давр жиноят ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилигимизда қўшниларнинг бирор сабаб билан зиддиятларга боришига алоҳида қилмиш сифатида квалификация қилинмайди. Бироқ келиб чиққан оқибатларга қараб бир нечта хатти-ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 110-моддаси 1-қисмида шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаганлик ҳамда 2-қисмида худди шундай ҳуқуқбузарлик фуқароларнинг соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етишига олиб келиши учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Мазкур модда ҳаволаки норма ҳисобланиб, ит ва мушук боқишнинг алоҳида шартлари Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли Қарори билан тасдиқланган “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш Қоидалари”да кўрсатиб ўтилган.
Унга мувофиқ санитария-гигиена ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш барча ит ва мушук боқувчиларнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
Барча итлар қутуришга қарши эмлаш вакцинаси билан профилактик эмланиши шарт бўлиб, кўп қаватли уйнинг алоҳида квартирасида қўшниларнинг ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган итни ва битта мушукни сақлашга рухсат берилади. Алоҳида уйда итларни сақлашга фақат боғланган ҳолда, эркин сайр қилдиришда – атрофи ўралган ҳудудда ажратилган ҳолда сақлашга йўл қўйилади. Итлар очиқ жойларда сайр қилдирилганда ва турар жой биноларида итларнинг эгалари тинчлик сақланишини таъминлашлари – эрталаб соат 8:00 гача ва кечқурун 22:00 дан кейин итларнинг вовиллашининг олдини олишлари керак.
Мазкур Қоидалар билан қуйидаги тақиқлар ўрнатилган:
— итлар ва мушукларни умумий фойдаланиладиган жойларда: зинапоя майдончалари, чердаклар, ертўлаларда, шунингдек ошхоналар, балконлар ва умумфойдаланишдаги пешайвонларда сақлаш;
— қўриқчи итларни таълим ва тиббиёт муассасаларида сақлаш;
— итлар ва мушукларни умумий овқатланиш корхоналарига, озиқ-овқат дўконлари ва бошқа дўконларнинг савдо ва ишлаб чиқариш залларига олиб кириш;
— итлар ва мушукларни кўпчилик борадиган жойларда (пляж, ҳовуз, фаввораларда ва ҳоказоларда) чўмилтириш ёки ювиш;
— маст ҳолатдаги шахслар ва 14 ёшдан кичик болаларнинг итларни сайр қилдириши;
— итлар билан жамоат жойларида бўлиш ва жамоат транспортига чиқиш тақиқланади, (ушбу Қоидаларнинг 12 ва 13-бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно);
— олдини олиш мумкин бўлган итлар ва мушукларнинг ўлишига ёки жароҳатланишига олиб келган итлар ва мушукларни ташлаб кетиш, уларга жароҳат етказиш, уларни қаровсиз ҳолда қолдириш, уларга озор бериш ёки жисмоний ва маънавий азоб бериш, уларга нисбатан бошқа йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатларни содир этиш;
— итлар ва мушукларни санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматларининг рухсатисиз болалар муассасаларининг зоология бурчакларида сақлаш тақиқланади.
ИТЛАРНИ САЙР ҚИЛДИРИШДА ҚАНДАЙ ТАРТИБЛАР ЎРНАТИЛГАН?
Итларни сайр қилдиришга қуйидаги тартиблар ўрнатилган:
— итлар очиқ жойларда ёки бунинг учун махсус ажратилган майдонларда сайр қилдирилади, бу ерлар ҳар доим озода сақланиши керак.
— итнинг эгаси ит қочиб кетмаслиги ёки одамлар ёки бошқа ҳайвонларга ҳужум қилмаслиги чораларини кўриши зарур.
— ит бўйинбоғига жетон маҳкамланган ҳолда етовда олиб юриб сайр қилдирилиши керак. Жетонда идентификацион рақами кўрсатилиши керак.
— ит очиқ жойларда сайр қилдирилганда у тумшуқбоғда ва 2 метргача узунликдаги етовда, жамоат жойларида 1 метргача узунликдаги етовда бўлиши керак, тумшуқбоғсиз ва етовсиз фақат махсус ажратилган майдонларда сайр қилдиришга рухсат берилади.
— итлар ва мушукларни транспортнинг жамоат транспортидан бошқа барча ер усти турларида олиб юришга рухсат берилади.
— кичик итлар ва мушукларни жамоат транспортида уларнинг соғлиғига хавф солмайдиган ва улар қочиб кета олмайдиган кўчма қурилмаларда, шунингдек йўловчиларнинг хотиржамлиги бузилишини истисно этган шартларга риоя қилган ҳолда олиб юришга рухсат берилади.
Ушбу Қоидаларнинг 24 ва 25-бандларида Қоидаларга риоя этилишини ички ишлар органлари қонунчиликда белгиланган тартибда назорат қилиши, Қоидалар бузилган тақдирда белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиши кўрсатилган.
Шу сабабли, сизга мазкур масалада ҳудуд профилактика инспекторига мурожаат қилишингиз тушунтирилади.
Ўктам ҚАХАРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Чилонзор туман суди судьяси