КУЧИ АЁЛГА ЕТДИ

Суднинг қора курсисида бошини хам қилиб ўтирган Маҳкам (исмлар ўзгартирилди) айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Қарамоғида 2 нафар фарзандива турмуш ўртоғи борлиги, оиласининг ягона боқувчиси эканлиги, жабрланувчига етказилган моддий зарар қопланганлиги ва муқаддам судланмаганлиги боис жазони енгиллаштиришни сўраб, ялиниб ёлворди. Аммо бу ҳалимлик, юмшоқлик бир ўсмирни ҳам жиноятга шерик қилаётганида қаёқда эди, деб ўйлаб қоласиз…

 

Маҳкам ўша куни ишдан чиқиб, “чарчоқ босди”га спиртли ичимлик ичди. Ўзича “тетиклашгач”, яқин таниши, вояга етмаган Самадни чақирди. Қош қорайгани учун кўчада одамлар сийраклашганди. Узоқдан кимнингдир шарпаси кўрингач, Маҳкам Самадга “Уни тунаймизми?” дегандек имо қилди. Самад елка қисди. Келаётган аёл киши эди. “Орқадан ҳужум қиламиз”, деди Маҳкам шивирлаб. Аёл уларнинг ёнидан ўтиб кетди. Икковлон “Бошладик!” деб бир-бирига кўз қисишди.

 

Маҳкам аёлга тезда етиб олди ва унинг оғзини қўли билан ёпиб, чеккага тортди,  қочиб кетмаслиги учун қўлларини қисди. Самад эса унинг сумкасини тинтишни бошлади. Кутилмаган ҳужумдан талвасага тушган аёл кучи борича қаршилик кўрсатишга уриниб, типирчиларди.

 

Самад уни зарб билан деворга тираб: “овозингни чиқарма!” деб дўқ қилди. Маҳкум эса унинг чўнтакларини тинтишга тушди. Уларнинг мақсади нима эканини англолмаётган аёл қўрқувдан дағ-дағ қалтирар, талончиларнинг чангалидан чиқишга уринарди. Сал нарида автомобиль ювиш шохобчасига кўзи тушди-ю:

– Ёрдам беринг, одамлар, ким бо-ор?! – деб жонҳолатда бақирди.

– Ўчир овозингни! – дағдаға қилди Маҳкам.

– Ака, кимлардир биз томонга келяпти, қочдик! – деди Самад.

Маҳкам аёлни бир силтади-да, қўйиб юборди. Зўравонлар яширинмоқчи бўлди-ю, жой тополмай қолиб, қўлга тушишди…

 

Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзини шер билиб, кучи аёл кишига етган Маҳкамни оқлаб бўладими? Унинг жиноятига шерик бўлган Самадни-чи?

 

Ҳалол ризқ – барака калити, қалб ҳаловати. Икки нафар фарзанднинг отаси бўлган Маҳкам эса аҳли оиласининг луқмасига ҳаром аралаштирмоқчи бўлди.

 

Самаднинг ота-онаси нега ўғлининг бемаҳалда кўча-кўйда юришига йўл қўйди? Ахир, улар фарзандининг тарбияси билан шуғулланиши, унинг дўсту ўртоқлари кимлигини сўраб-суриштириши, айниқса, кечаси бемақсад, назоратсиз юриши яхшиликка олиб келмаслигини билишлари керак эдику. Зеро, “Саёқ юрсанг, таёқ ейсан”, деб бежиз айтишмаган.

 

Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолган эмас. Маҳкам ҳам, Самад ҳам қилмишларига яраша жазо олди. Улар қилган хатолардан тўғри хулоса чиқарармикан? Буни вақт кўрсатади…

 

Мусо ЮСУПОВ,

Тошкент шаҳар судининг

жиноят ишлари бўйича судьяси,

 

Адолат Файзиева, мухбир