КУРСАНТЛАР НАЗАРИЙ БИЛИМЛАРИНИ СИНАБ КЎРИШДИ
Божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди билан ҳамкорликда Божхона институтининг профессор ўқитувчилари ҳамда божхона ҳуқуқи таълим йўналишида билим олаётган тингловчилар иштирокида “Назария-Амалиёт-Тажриба уйғунлиги” тамойили асосида амалий семинар-тренинг ташкил этилди.

Сўнгги йилларда божхона органларида кадрларни касбий тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, курсантларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантириш, сифат жиҳатидан янгича ўқитиш тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 мартдаги “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Божхона институтида 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб бакалавриатда дуал таълим асосида ўқитишни йўлга қўйиш белгиланган.

Амалий семинарда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш, коррупциядан ҳоли тизим яратиш борасида амалга ошириб келинаётган ишлар тўғрисида сўз юритилиб, курсантлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда судьялар М.Султонов, Н.Байзақовалар томонидан Божхона институти курсантларига ўзларининг кўп йиллик тажрибаларидан келиб чиқиб, ҳар бир фуқаро, айниқса, давлат хизматчилари ўз касбига содиқ бўлиши, жамият ва давлат ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги юзасидан тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтилди.
Тадбир сўнгида, Божхона институтининг “Юриспруденсия” йўналиши бўйича 3-босқич курсантлари томонидан иқтисодий иш бўйича “имитатив суд мажлиси” ташкил этилди. Мазкур суд мажлисида курсантлар ўқув жараёнларида олган назарий билимларини амалиётда қўллаб кўришди.
Бу жараён курсантларда эсда қоларли таассурот қолдирди.