Конституцияда шундай дейилган: қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади

“Конституцияда шундай дейилган” рукни доирасида бу сафар фуқаро билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади деган норма ҳақида батафсил маълумот беради.

 

Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар қонун-қоидалар билан тартибга солиниши лозим. Ҳеч бир муносабат ҳуқуқий ечимсиз қолмаслиги шарт. Аммо, ижтимоий муносабатларнинг доираси жуда кенг бўлиб, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида ноаниқликлар бўлиши мумкин. Шундай ҳолатларда қонунчиликдаги ноаниқликлар кимнинг фойдасига, қандай тартибда ҳал этилиши ва талқин этилиши муҳим ҳаётий аҳамият касб этади.

 

Янги Конституциямизнинг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади”, деган инсонпарвар қоида мустаҳкамланди.

 

Мазкур қоидага ўхшаш нормалар Жиноят-процессуал, Божхона, Солиқ кодекслари, шунингдек “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунларда ҳам ўз аксини топган бўлиб, амалиётда қонунчиликдаги номувофиқликлар истеъмолчилар, солиқ тўловчилар, тадбиркорлик субъектлари, жиноят процесси иштирокчилари фойдасига талқин этилмоқда.

 

Эндиликда ушбу қоиданинг Конституцияда мустаҳкамланиши унинг қўлланиш доирасини янада кенгайтиради. Яъни, нафақат жиноят процесси, солиқ ёки тадбиркорлик соҳасида, балки инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга татбиқ этиш имконини беради.

 

Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади. Масалан, Солиқ кодексининг ўзида муайян бир масала юзасидан турлича норма белгиланган бўлиши ёки тадбиркорликка оид битта қонунда бошқа норма, иккинчи қонунда бошқача норма белгиланган бўлиши мумкин. Бундай номувофиқликни, табиийки, солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилинишини хоҳлайди.

 

Конституцияга киритилган норма эса шундай номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади, деган қатъий нормани аниқ-равшан мустаҳкамлади.

 

Шунингдек, ҳеч бир давлат органи ёки мансабдор шахс, Конституциядаги мазкур нормани амалга ошириш механизми йўқ ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳали бу принцип киритилмади, деган важ билан ушбу нормани қўллашни инкор этиши мумкин эмас.

 

Боиси, Конституция олий юридик кучга эга ва тўғридан тўғри амал қилади. Шунингдек, Президентнинг 2023 йил 8 майдаги ПФ–67-сон Фармонида янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланиши белгиланган.

 

Ушбу принципнинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши инсон манфаатлари устунлиги асосида “инсон – жамият – давлат” тамойилини амалга оширишга хизмат қилади.

 

Жасур Сирожев,

Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси