“КАФИЛ БЎЛГАНИМ УЧУН БОШҚАНИНГ ҚАРЗИ МЕНГА ЮКЛАНИШИ ТЎҒРИМИ?”

— Ишхонада бир ҳамкасбимга банкдан онасини даволатиш учун пул олаётганда кафил бўлгандим. Ўзи бундай ишларни ёқтирмайман, чин дилдан раҳмим келгани учун кўнгандим. Энди эса унинг бошқа қинғир ишлари очилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинди. Яқиндан банкдан қўнғироқ қилиб, кафил бўлганим учун қарз менга юкталишини айтишди. Судга берсам, пулни тўламаслигим мумкинми?

Исми сир тутилди

ТЎЛИҚ КРЕДИТ СУММАСИ БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИКНИ ОЛГАН БЎЛСАНГИЗ…

— Амалдаги Фуқаролик кодексининг 292-моддасига асосан кафиллик шартномаси бўйича кафил шахс ўз мажбуритяини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

 

Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.

 

Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.

 

Мазкур кодекснинг 293-моддасига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

 

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради. Шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди.

 

Амалдаги қонунчилик талабига кўра, сиз ихтиёрий равишда кафиллик шартномасини расмийлаштирган ва банк олдида тўлиқ кредит суммаси бўйича жавобгарлик олган бўлсангиз, банк олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб берасиз. Шу жумладан, фоизлар, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлашга мажбурсиз.

 

СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНГИЗ МАВЖУД, АГАР…

— Агарда, сиз кредит шартномаси таъминоти сифатида расмийлаштирилган кафиллик шартномасига имзо қўймаган бўлсангиз ёки алдаш, зўрлик, қўрқитиш таъсирида кафиллик шартномасини тузган бўлсангиз ва мазкур ҳолатларни тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган тақдирдагина кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш масаласида даъво тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд. Суд томонидан кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган тақдирдагина сизга нисбатан солидар жавобгарлик қўлланилмаслиги мумкин. Бошқа ҳолатда, биргина судга мурожаат қилишингизни ўзи, сизни ҳамкасбингиз олган кредит қарздорлигини тўлашдан озод қилмайди.

 

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми (илгари Олий суд ва Олий хўжалик суди Пленуми)нинг 2006 йил 22 декабрь кунги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун хужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 13/150-сонли 30-бандида ҳам, башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан, фоизлар, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлаши борасида тушунтириш берилган.

 

Шунингдек, сизга банк олдидаги кафиллик мажбуриятини амалга оширгандан сўнг, яъни мавжуд кредит қарздорлигини тўлаган тақдирингизда, тўлаган пул суммасини хамкасбингиздан регресс тартибида суд орқали ундириш ҳуқуқига эгасиз.

Жамшид ШАРОПОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

М.Улуғбек туманлараро суди судьяси