«КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ОИЛАМИЗ, ЎҒЛИМ АЛИМЕНТНИ ҚАНДАЙ ТЎЛАЙДИ?»

— Аввал ҳам келиним қизлик уйига тез-тез кетиб қоларди. 3-4 кундан сўнг олдимга солиб олиб келардим. Рости, бундай ишлардан безор бўлганим учун бу сафар ортидан бормадим. Ўғлим ҳам «ўзи келса келди, бўлмаса яшамайман», дегач, ўзларига ташлаб қўйгандим. Мана, келинимнинг кетиб қолганига 15 кун бўлиши билан алиментдан қоғоз келди. Суд 26,6 фоиз миқдорида алимент ундируви тайинлабди. Ўғлим бандликка кўмаклашиш марказида рўйхатда турса, соғлиги яхши бўлмаса, бунинг устига, кам таъминланган оиламиз, алиментни қандай тўлайди? Суд шуларни инобатга олмайдими? Бизга нима маслаҳат берасиз?

Исми сир тутилди

Фарҳод ШАРИПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:


— Оила кодексининг 96-моддасига асосан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.


Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.


Шунингдек, мазкур Кодекснинг 97-моддасига мувофиқ вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.


Ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори ушбу Кодекснинг 99-моддасида белгиланган. Унга кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.


Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.


Ушбу Кодекснинг 102-моддасида ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдорини аниқлаш тартиби белгиланган. Унга асосан ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.


Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.


Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, Кодекснинг 116-моддасига асосан вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.


Алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғини бекор қилиш тартиби Фуқаролик процессуал кодексининг 181-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра, қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради.

 

Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.


Алиментлар ундириш тўғрисидаги суд буйруғи ижро ишини юритиш бўйича ундирув тугагунига қадар ундирувчининг аризасига кўра бекор қилиниши мумкин.