ЙЎҚОЛГАН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТИКЛАШ УЧУН ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАЙТИБ КЕЛИШ КЕРАКМИ?

— Холам бундан 2 ой олдин Қозоғистонга келин бўлиб тушди. Кўчиб кетаётганида ҳамма ҳужжатлари, хусусан, паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, дипломлари йўқолган. У пойтахтда вақтинчалик «прописка»да эди. Энди ҳужжатларини тиклаши учун Ўзбекистонга қайтиб келиши керакми? «Прописка»си нима бўлади? Келин бўлиб тушган жойига «прописка»га олишмаяпти.

Исми сир тутилди.

Ахрор Сулаймонов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Йўқолган паспортни тиклаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги ПФ-4262-сонли Фармонига 1-илова “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

 

Хусусан, Низомнинг 11-бандига кўра, паспорт йўқотиб қўйилганида ID-картага алмаштирилади. Бунинг учун фуқаро ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига шахсан мурожаат қилиши лозим.


Ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш тартиби эса, Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тартибда солинади.

 

Хусусан, Қарорнинг 57-бандига кўра, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси эгасининг белгиланган тартибдаги аризаси, унинг олдинги ҳайдовчилик гувоҳномаси (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари учун — унинг талони ҳам) ҳамда эгасининг фуқаролик паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилганидан сўнг алмаштирилади. Бунинг учун ҳам фуқаро шахсан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиши лозим.


Шу билан бирга қайд этиш жоизки, Қарорнинг 58-бандига кўра, автомототранспорт воситаларини охирги ўн икки ой давомида бошқарган шахсларнинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари тегишли имтиҳонларсиз алмаштирилади.


Дипломни тиклаш учун эса, фуқаро қайси олий таълим муассасасини тамомлаган бўлса, ушбу муассасага мурожаат қилиши лозим.


Агар фуқаронинг яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатга қўйилган муддати тугаган бўлса, у қайтадан рўйхатга туриши учун ушбу уй эгаси (мулкдор)нинг розилиги талаб этилади.