ИҚТИСОДИЙ СУДДА ШАРТНОМАНИ БЕКОР ҚИЛИШ ВА ШАРТНОМАНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ ЎРТАСИДА ҚАНДАЙ ФАРҚ МАВЖУД?
— Иқтисодий судда шартномани бекор қилиш ва шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ўртасида қандай фарқ мавжуд?
Бибиназ КЕУНИМЖАЕВА, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси:
— Иқтисодий судлар битимни ҳақиқий эмас деб топиш тушунчасини шартномани бекор қилишдан фарқлашлари лозим. Битимнинг ҳақиқий эмаслигининг шартномани бекор қилишдан фарқи қуйидагилардан иборат:
• битимларни ҳақиқий эмас деб топишга ФКнинг 115-126 моддаларида назарда тутилган асослар бўйича йўл қўйилади, шартномани бекор қилиш асослари эса ФКнинг 382-383-моддаларида назарда тутилган;
• битимнинг ҳақиқий эмаслигига унинг ғайриқонунийлиги, бекор қилинишига эса шартномани бекор қилишга олиб келадиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади, бунда унинг қонунийлиги низолашилмайди;
• ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир, шартномани бекор қилиш эса, у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилади.
Шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабни билдиришга шартнома амал қилишининг муддати мобайнида йўл қўйилади, битим эса унинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.