“ИШ БЕРУВЧИ МЕНИ АЛДАГАНИ УЧУН ИШСИЗ ҚОЛАМАНМИ?”

— 2020 йил поликлиникага ишга киргандим. Етти ойдан сўнг «декрет»га чиқдим. Яқинда ишга қайтишимни айтганимда, кадрлар бўлими ходими ҳозирча бўш иш ўрни йўқлигини айтди. «Ахир ўз ўрним бор-ку», десам, ҳужжатда у бошқа бир ходимнинг иш ўрни экани, бола парваришлаш таътилида бўлгани учун мени олишганини айтди. Иш берувчи мени алдагани учун ишсиз қоламанми?

Исми сир тутилди.

Дурдона Абдақаҳарова, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддаси 1-қисмига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.


Қонунчиликка кўра, ходим меҳнат низосини кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Хусусан, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.


Сизга поликлиниканинг меҳнат шартномасини буйруғини бекор қилиб, поликлиникага ишга тиклаш ҳақида ҳамда қолган бузилган ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш юзасидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишга ҳақли бўлишингизни тушунтирилади.


Фуқаролик процессуал кодексининг 251-моддасининг биринчи қисмига асосан, суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётганида далилларга баҳо беради, иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатлар аниқланганлигини ва қандайлари аниқланмаганлигини, бу иш бўйича қандай қонун ёки бошқа қонун ҳужжати қўлланилиши кераклигини ҳамда арз қилинган талаб қаноатлантирилиши лозимлигини ёки лозим эмаслигини аниқлайди.