ИШОНЧНИНГ ҚИММАТГА ТУШГАН БАҲОСИ
Тошкент туманининг бир кўчасида яшовчи оддий одамларнинг ҳаёти янги воқеа билан тўлқинланди. Бу воқеа ишонч ва алдов ўртасидаги нозик чизиқни яна бир бор ёдга солиб, ҳамма учун огоҳлантирувчи дарс бўлди. Марказда эса ёшлик орзулари билан яшаётган Акмал Юнусов (исм-шарифлар ўзгартирилган) турарди. 1998 йил туғилган Акмал — оддий оила фарзанди, икки фарзанднинг отаси – дўкон сотувчиси эди. Унинг оддий ҳаёти, кўпчиликникига ўхшаб кетарди. Уй, иш, рўзғор ташвишлари. Аммо бугунги кунда у қилмиши учун жавоб бермоқда.
Суд жараёни ҳақида гапирганда, илк эътибор сўз соҳиби — Нодир Каримовга қаратилади. Нодир ҳам оддий, ўз ҳаётида умидларни йўлга қўйишга уринаётган йигит. Унинг иши Акмалнинг оиласи билан боғлиқ бўлиб, орзулари катта эди: Америкага бориб, янги ҳаётни бошлаш. Аммо ҳамма нарса алдов билан бошланди. Акмал ўзини Нодирга «ака» сифатида таништириб, АҚШда яшаётган акасининг ёрдамида Нодирга Америкага чиқиш имконини яратишини ваъда қилди. Нодир эса шу ваъдага ишонди ва 19,500 АҚШ долларини Акмалга топширган.
Аммо воқеанинг ҳақиқат томони бошқача эди. Акмал ўша пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб, Нодирга эса ҳеч қандай ёрдам бермади. Суд жараёнида Акмал ўз айбига қисман иқрор бўлиб, Нодир билан қандай муносабатда бўлганини, пулни қандай олганини баён этди. Нодир эса ўз кўрсатмаларида, қандай алданганини, орзулари қандай пуч ёлғон бўлиб чиқанини сўзлаб берди.
Суд залида тингловчиларда Нодирнинг ҳаёти кўз олдида жонланди. Унинг умидлари, Акмалнинг сўзлари, ваъдалари, хаёлларидаги Америкага сафар… Барчаси суд ҳужжатларида аниқ кўрсатиб ўтилган. Нодир Тошкентдан Москвага, кейин Туркияга учган, у ерда вақтинча яшаб, пулни тўплаши керак эди. Аммо, охир-оқибат, ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар сабаб у ўз орзусидан айрилиб, орқага қайтишга мажбур бўлди.
Акмал эса судда пушаймонлигини билдириб, қилинган ишнинг жиддийлигини англаганини айтди. Суд барча далилларни кўриб чиқиб, Акмални жиноятга алоқадор деб топди. Суд етказилган зарар тўлиқ қопланганини инобатга олиб, Акмал Юнусовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топди. Суднинг қарорига кўра, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ушбу воқеа оддий инсонларнинг ҳаёти учун жиддий огоҳлантиришдир. Ишонч кўпчилик учун хавф туғдириши мумкин ва ваъдалар фақат сўзларда қолиб кетмаслиги зарур. Ҳар бир инсон ўз орзусига етишишда эҳтиёткор бўлиши, ўз вақтини ва пулини асраб-авайлаши кераклигини яна бир бор тушуниши лозим. Акмалнинг ҳикояси — бу ишончнинг қимматга тушган баҳоси. Ва бу баҳо фақат пулда эмас, балки оила, обрў ва келажакдаги умидларда ўлчанади.
Шаҳнозабону Шодиева,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси