ИШЛАМАЁТГАН КОРХОНА УЧУН ҚАЧОНГАЧА ХИСОБОТ ТОПШИРИШИМ КЕРАК?

— Хусусий корхона раҳбариман, корхона 2020 йил 1 январь кунидан иш фаолияти тўхтаган. Шу кунидан 2022 йил мартига қадар ҳисоботларни ноль балансда топшириб келганман. Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг 2022 йилдаги қарори билан менга нисбатан ҳисобот топширилмагани важ қилиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддасига асосан 3 000 000 сўм жарима жазоси тайинланган. Ишламаётган корхона учун қачонгача хисобот топширишим керак?

Исми сир тутилди

Бобомурод Каримов, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси:

 

— Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳамда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 2019 йил 21 августдаги 704-сон Қарорига 2-иловаси 2-бобида “Тўққиз ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича банк ҳисобварақларига пул маблағлари тушмаганлиги ва тўққиз ой мобайнида солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганлиги – Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тижорат ташкилотлари фаолиятини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш учун асос бўлади ва тижорат ташкилотларининг банк ҳисобварақларига тўққиз ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича пул маблағлари тушмаганда тижорат банклари уч иш куни ичида у ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига Тизим орқали маълумот тақдим этиши, шунингдек мазкур қарорнинг 2-иловаси 2-боб 13-1-бандида – Тижорат ташкилоти фаолият кўрсатмаётган корхоналар тоифасига ўтказилгандан кейин давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ ҳисоботларини қабул қилиш тўхтатилиши белгиланган.

 

Юқоридаги қарор талабига кўра, 2020 йил 1 ноябрдан хусусий корхона фаолияти ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилиб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ ҳисоботларини қабул қилиш тўхтатилиши шарт. Шу сабабли сизга нисбатан тайинланган жаримани бекор қилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати бўлмаганлигини сабабли МЖтК 271-моддасининг 1-қисмига асосан тугатишинни сўраб, корхона ҳисобга қўйилган тумандаги жиноят ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз тушунтирилади.

 

Шунингдек банк ёки давлат солиқ хизматининг ҳаракатсизлиги натижасида корхона фаолияти ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилмаган бўлган бўлса, ушбу ташкилотларга шикоят қилишингиз мумкин.