ИШЛАМАЙДИГАН ОТАЛАРДАН АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?
— 10 ойдан бери қизим билан куёвим бирга яшамаяпти. Сабаби, учинчи набирам ҳам қиз туғилди. Шундан сўнг куёвим қизимни уч набирам билан ташлаб кетди. Суд алимент ундириш бўйича қарор чиқарди, лекин куёвим алимент тўламаяпти. Алиментни ундириш учун қаерга мурожаат қилайлик? Куёвим ҳеч жойда ишламайди. Ишламайдиган оталардан алимент қандай ундирилади? Бундан ташқари, учинчи набирам ҳали ёшига тўлмаган. Шу сабаб қизим ҳеч жойда ишламаяпти. Куёвимдан қизимнинг таъминоти учун ҳам алимент ундироламизми?
Исми сир тутилди
Гули ШУКУРЛАЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари:
АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАНАДИ?
— Оила кодексининг 99-моддасига асосан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг
бир бола учун — тўртдан бир қисми;
икки бола учун — учдан бир қисми;
уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.
Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Агар куёвингиз ихтиёрий ёки ўзаро келишган ҳолда фарзандларини моддий таъминотида иштирок этмаётган бўлса, қизингиз судга алимент ундириш ҳақида суд буйруғи бериш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилиши лозим. Аризага ўзи ва турмуш ўртоғининг паспорт нусхаси, фарзандларининг эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинади. Бундан ташқари, 13 500 сўм миқдорида почта харажатлари тўловини амалга ошириши керак. Судга мурожаат қилган вақтдан алимент ундириш белгиланади.
Агар қизингиз 10 ойдан буён фарзандларига алимент ундириш учун ҳаракат қилиб келганлигини ва куёвингиз тўловни амалга оширишдан бош тортганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлса, даъво тартибида судга мурожаат қилиши ва аввалги давр учун ҳам алимент ундириш амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун ҳам юқорида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади. 18 900 сўм миқдорида почта харажати тўлови амалга оширилиши лозим.
«КУЁВИМ ҲЕЧ ЖОЙДА ИШЛАМАЙДИ…»
— Суд қарори билан отадан фарзандларининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланади ва жавобгарнинг (отанинг) яшаш жойи бўйича мажбурий ижро бюросига ижро қилиш учун юборилади.
Давлат ижрочиси қонунчиликка асосан, ижро ҳаракатларини амалга оширади. Агар куёвингиз ҳеч қаерда ишламаса, ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, алимент тўлайди.
АЛИМЕНТ УНДИРИШ БЕЛГИЛАНГАН БЎЛСА…
- Ҳозирги кунда электрон шаклда ижрога юборилган бўлиши керак. Дастлаб суд қарори ижрога юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни олиш учун суд қарорини чиқарган судга мурожаат қилишингиз лозим. У ердан ушбу маълумотни олиб, қайси ижрочини иш юритувида эканлигини аниқлаб, ўша давлат ижрочисига мурожаат қилинг. У белгиланган тартибда ижро ҳаракатларини амалга оширади.
Агар жавобгар тўловни амалга оширишдан бош тортса, давлат ижрочиси томонидан Қонун нормасига асосан, барча чоралар кўрилади.
«ҚИЗИМНИНГ ТАЪМИНОТИ УЧУН ҲАМ АЛИМЕНТ УНДИРОЛАМИЗМИ?»
— Ҳа. Чунки қизингизнинг 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор. Шу сабаб у ҳам ўзининг таъминоти учун алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ўзи ва турмуш ўртоғининг паспорт нусхаси, фарзандларининг эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг нусхасини аризага илова қилади. Ва почта харажатлари учун 18 900 сўм тўлаши керак.
Аммо ушбу Қонун нормаси фақат эр ва хотин учун татбиқ қилиниши сабабли, улар, албатта, қонуний никоҳдан ўтган бўлиши керак. Яъни, шаърий никоҳ асосида турмуш қуриб, умумий рўзғор юритиб келган эр ёки хотин фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар ўзининг таъминоти учун алимент ундира олмайди.