ИШДАН БЎШАШ УЧУН 15 КУН ИШЛАБ БЕРИШ ШАРТМИ?
— Февраль ойида МЧЖда оператор лавозимида иш бошладим. 30 мартда аҳволим ёмонлашиб, шифокорга мурожаат қилганимда «Икки томонлама пневмония» ташхиси қўйилди. Шартномада ишлаётганим учун «больничний»га чиқолмайман. Кадрлар бўлими бошлиғи «Ё ишга чиқинг ёки бўшаш учун ариза ёзинг», деди. «Соғлигим яхшимас, бўшай қоламан», деганимда, 15 кун ишлаб беришим кераклигини айтишди. Рози бўлмаганим учун ҳали ҳам ишдан бўшатишмаяпти. Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқларим бор?
Д.Ж., Навоий вилояти
Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича
Яккасарой туманлараро суди раиси:
— Меҳнат кодексининг 72-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.
Ушбу Кодекснинг 75-моддасига кўра, Меҳнат шартномалари:
– номуайян муддатга;
– беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;
– муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.
Ушбу Кодекснинг 99-моддасига кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.
Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин.
Юқорида қайд қилинган қонун талабидан келиб чиқиб, cиз меҳнат шартномасини бекор қилишингиз тўғрисида иш берувчини икки ҳафта олдин огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақлисиз.