ИНСОНПАРВАРЛИК НАМУНАСИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШДА ҲАМ НАМОЁН БЎЛМОҚДА
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш жараёнида қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2022 йил 16 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш» деб номланган янги боб билан тўлдирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномалари туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Туманлараро маъмурий судлар эса, фақат вилоят марказларида жойлашган.
Бошқача айтганда, туманлараро маъмурий судлар ҳудудлар географик жойлашуви бўйича бир-биридан узоқда жойлашгани ва ички ишлар органлари ходими мазкур иш билан шуғулланиши давомида ўз хизмат жойини узоқ муддат бўш қолдираётгани туфайли муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш амалиётини фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келганди.
Бинобарин, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормалари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, тегишли ишларни кўриб чиқиш эса, маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказилди.
Айтиш керакки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги боби 313-6 – 313-9-моддаларни ўз ичига олади. Ушбу моддалар талабига кўра, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланган тақдирда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида уни реабилитация марказига ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ва уни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлигини тасдиқловчи материаллар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан тақдим этилади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома судга ёзма шаклда берилади ва ички ишлар органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.
Илтимосномада суд ва ички ишлар органининг номи, манзили, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс ҳақидаги маълумотлар, илтимосномага асос бўлган ҳолатлар, илтимосноманинг асосларини тасдиқловчи далиллар ҳамда илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилиши керак.
Илтимосномага:
– тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи томонидан тасдиқланган қарор;
– муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг мамлакатимиздаги охирги яшаш жойини текшириш натижалари;
– ўша шахснинг тушунтириши ёки тушунтириш бериш рад этилгани тўғрисида далолатнома;
– шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш маълумотномаси;
– шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан, адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқи ва ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳақидаги баённома;
– илтимосномани асословчи бошқа ҳужжатлар илова қилинади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.
Ўзига нисбатан реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс ва ички ишлар органининг вакили суд мажлисида иштирок этиши шарт. Шунингдек, суд мажлисида адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.
Судда илтимосномани кўриб чиқиш ички ишлар органи вакилининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлиги ва жойлаштириш муддати асослаб бериладиган маърузаси билан бошланади. Сўнгра ўзига нисбатан илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, адвокат, судга келган бошқа шахсларнинг фикри эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади.
Қарор судья томонидан алоҳида хонада чиқарилади. У ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро этилиши лозим.
Қарор ички ишлар органи вакили, адвокат ва ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахсга топширилади. Қарор устидан уч кун ичида ўша шахс, унинг қонуний вакили ва адвокат апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор эса, апелляция протести келтириши мумкин.
Апелляция инстанцияси судининг судьяси қарор устидан берилган шикоят ё протестни у келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида якка тартибда кўриб чиқади.
Умуман олганда, қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар амалиётда қулайлик яратиб, инсонпарварликнинг амалдаги ёрқин намунаси ҳисобланади.
Баҳромжон БЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани
суди судьяси