ИККИТА ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Миллий унверситети ва Тошкент давлат транспорт унверситети билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бугун мазкур олий таълим даргоҳлари ва Тошкент шаҳар суди ўртасида меморандумлар имзоланди.

Хусусан, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий Унверситети билан имзоланган ҳужжатда юридик психология устувор аҳамият касб этади. Яъниким, оилалардаги психологик муҳит, ёшлар психологиясига доир асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш, айни жараёнда норматив-ҳуқуқий, методик ва таҳлилий хусусиятга эга маълумотларни алмашиш, суд процессларида психологик муҳит муаммолари, уларнинг илмий ечимлари  ва бошқа қатор масалаларида фаол ҳамкорлик қилинади. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида патентшунослик, бизнес ҳуқуқи, психология фанлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги эҳтимолий номувофиқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш учун конференция, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш  ҳам кўзда тутилган.

  Тошкент давлат транспорт унверситети билан имзоланган меморандумда ушбу олий ўқув даргоҳининг Халқаро оммавий ҳуқуқ кафедраси билан ҳамкорлик назарда тутилган. Бунда юқори малакали кадрлар тайёрлашда назария ва амалиётни уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда пойтахтнинг туман ва туманлараро судларида талабалар амалиёти, уларнинг очиқ суд мажлисларидаги иштироки, қонунчилик техникаси, суд ишларида даллилларга ҳуқуқий баҳо беришнинг хос жиҳатлари ва бошқа қатор мавзуларда судьялар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилади.

 Шунингдек, ҳужжатда Тошкент шаҳар судларида  қайд этилган кафедра профессор-ўқитувчиларининг амалий стажировкасини йўлга қўйиш, таълим ва тадқиқот учун зарур ўқув-методик адабиётларни тайёрлаш ҳамда биргаликда нашр этиш  каби масалалар ҳам эътибордан соқит қилинмаган.