“ЗАГС”ИМИЗ ЙЎҚЛИГИ УЧУН УЙГА ДАЪВО ҚИЛА ОЛМАЙМАНМИ?
— Турмуш ўртоғим билан 15 йил бирга яшадик. Бир неча йиллар олдин Россияга ишлагани кетиб, ўша ёқларда уйланиб олди. Яқинда эса хотини ва фарзанди билан қайтиб келиб, биз яшаётган уйга жойлашди, бизни уйдан ҳайдаб чиқарди. Ҳовли қайнонамнинг номида, “пропискам” йўқ. Эрим ўз машинасини ҳам укасининг номига ўтказиб олибди. Ҳозир онамни уйида яшаяпмиз. Уч болам билан энди қаерга борамиз? Эрим “ЗАГС”имиз йўқлиги учун уйга даъво қила олмаслигимни айтди. Шу тўғрими?
Исми сир тутилди.
Зиёда Солиева, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:
— Оила қонунчилига асосан эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.
Уй-жой қонунчилигига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.
Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг, мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.
Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.
Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъи назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.
Бугунги кунда турмуш ўртоғингиз ва қайнонангиз томонидан уйга кириб яшашингизга қаршилик кўрсатилганлигини ва сизнинг вояга етмаган фарзандингиз билан яшаш учун бошқа турар-жойингиз йўқлигини билдиргансиз.
Сиз низоли хонадонга мулкдорнинг розилиги асосида келин бўлиб келганингизни инобатга олганда, ўртангизда уйда яшаш муддати тўғрисида бирон-бир ёзма келишув бўлмаса, ушбу турар жойда олти ой давомида фойдаланиш ҳуқуқингиз сақланиб қолади. Сиз вояга етмаган фарзандингиз билан уйга киритишни сўраб фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз мумкин.