ЖИНОЯТ СУДЛАРИДА ХАЛҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ 

Одил судлов фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлашда жамоатчиликнинг, хусусан, халқ маслаҳатчиларининг суд ишларида фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, Республика судларига 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган халқ маслаҳатчилари сайлови натижасига кўра сайланган халқ маслаҳатчиларининг ваколат муддати жорий йилнинг июнь ойида тугайди.

Шу муносабат билан навбатдаги халқ маслаатчилари сайловини ташкиллаштириш борасида тарғибот ишлари бошлаб юборилди.

Сирғали туманида ҳам жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси З.Бобонов томонидан тумандаги «Хонободтепа», Зийнат ва «Мададкор» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла фаоллари билан учрашув ўтказилиб, унда халқ маслаҳатчиларининг одил судловни амалга оширишдаги аҳамияти ҳамда навбатдаги ҳалқ маслаҳатчилари сайловини ўтказишда аҳамият берилиши лозим бўлган ҳолатлар ҳақида тушунтириш берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 59-моддасига кўра, 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ва иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги, номзодларни танлашда бенуқсон обрў-эътибор ва ҳаётий тажрибага эга, ҳалол ва юқори малакали мутахассислар ҳамда меҳнат фахрийлари орасидан гендер тенгликка амал қилган ҳолда кўрсатиш тавсия этилади.

Тадбирда шулар ҳақида маълумот берилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.