«ДЕКРЕТ»ДАГИ ХОДИМНИ «CОКРАЩЕНИЕ»ГА ТУШИРИШ МУМКИНМИ?

— Келиним иккинчи фарзандига «декрет» таътилига чиққан. Яқинда иш жойидан қўнғироқ қилиб қисқартиришга тушганини айтишди. Билишимча, «декрет» таътилида бўлганларни «сокращение» қилиб бўлмасди. Шу тўғрими?

Г. С., Тошкент вилояти

 

Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

— Меҳнат кодексининг 100-моддасида меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари кўрсатилган. Унга кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳисобланади.

 

Ушбу Кодекснинг 237-моддасида кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

 

Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

 

Мазкур ҳолатда иш берувчи келинингизни ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги – “сокрашение” асоси билан ишдан бўшата олмайди.