“ДАЪВО МИҚДОРИНИ КЎПАЙТИРИШГА ҲУҚУҚИМИЗ БОРМИ?”
— Биз акциядорлик жамиятидан қарздорликни ундириш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилдик. Бироқ қарздорлик суммаси даъво аризада келтирилган суммадан ортиқ эканлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолатда биз даъво миқдорини кўпайтиришга ҳуқуқимиз борми?
Дилбар ХАЙРУЛЛАЕВА, Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси:
— Даъвогар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг 157-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъво асосини ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳуқуқидан биринчи инстанция судида ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар фойдаланиши мумкин.
Бу норма иш бошқа инстанцияларда кўрилаётганида қўлланилмайди. Қайд этилган ҳуқуқ даъвогар томонидан, шунингдек ҳал қилув қарори апелляция, кассация инстанциялари томонидан ёхуд суд ҳужжати янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанция судида кўрилаётганда фойдаланилиши мумкин.
Даъво предметининг ўзгариши даъвогарнинг жавобгарга нисбатан моддий-ҳуқуқий талабларининг ўзгаришини билдиради.
Даъво асосини ўзгартириш даъвогарнинг жавобгарга нисбатан ўз талабларини асослантирган ҳолатларнинг ўзгаришини билдиради.
Даъво предмети ва асоси тушунчаларидан шу нарса келиб чиқадики, масалан, агар битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб шартномани бекор қилиш талаби билан алмаштирилса ва бу ўзгаришга бошқа асослар келтирилса, бундай ҳолда даъвонинг предмети ва асоси ўзгарган ҳисобланади. Иқтисодий процессуал кодекс даъво предмети ва асосини бир вақтда ўзгартиришга йўл қўймайди.
Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши деганда, даъвогар томонидан даъво аризасида баён қилинган ўша талаб бўйича даъво суммасининг кўпайтирилиши тушунилади. Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши даъвогар томонидан даъво аризасида кўрсатилмаган қўшимча талабларни тақдим қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Хусусан, мулкий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаб асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво бўйича талаблар миқдорининг кўпайтирилиши деб ҳисобланмаслиги керак.
Бундай талаб даъво предмети бўлмаган янги талаб ҳисобланиши сабабли, кўриб чиқилмайди ва суд бундай аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Суд мажлиси давомида тақдим этилган даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги суд мажлисида эълон қилинади.
Даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақидаги ариза судга ёзма равишда тақдим этилиши лозим.