ДАЪВО АРИЗАСИ СУДЬЯ ТОМОНИДАН ҚАЙТАРИЛСА, БУНИНГ ҚАНДАЙ САБАБЛАРИ БОРЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?

Сўнгги пайтларда тадбиркорлардан иқтисодий судларга келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини судларга тақдим этилган даъво аризаларининг қайтарилаётганлиги билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этмоқда.

 

Ушбу мурожаатларда судлар даъво аризаларини арзимас сабабларга кўра қайтараётгани, жумладан, ариза нусхаларини ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилмагани, суд харажатлари белгиланган миқдорда эмаслиги, айрим тоифадаги ишларда талабнома тартибига риоя қилинмагани ва ҳоказолар кўрсатилади.

 

Аслида ҳам шундайми? Келинг, қуйида бу борада процессуал қонунчиликда белгиланган асосларни кўриб чиқамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 
18-боби «Даъво тақдим этиш» деб номланиб, унда «Даъво аризасини ва аризани иш юритишга қабул қилиш», «Иш қўзғатиш тартиби», «Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш», «Даъво аризасини қайтариш асослари», «Даъво аризаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва қарши даъвони тақдим этиш» билан боғлиқ қоидалар жамланган.

 

Ҳар қандай манфаатдор шахс судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли. Демак, сиз ўз ҳуқуқ ва манфаатларингиз поймол бўлди, деб ҳисобласангиз, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин. Бироқ, тақдим этган даъво аризангизда фақатгина низоли ҳолатнинг ўзи баён этилгани етарли эмас. Сиз бир нечта процессуал тартиблар кетма-кетлигига риоя қилишингиз лозим. Корхона, ташкилотингизда ишлайдиган ҳуқуқшуносга ёки иқтисодий йўналишда тажрибага эга адвокатга мурожаат қилишингиз мумкин. 

 

Даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади. Агар сиз раҳбар бўлсангиз, ўзингиз ёки вакилингиз томонидан имзоланади. Унда ариза бериладиган суднинг, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси, даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар, даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар кўрсатилиши лозим. 

 

Шунингдек, ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби, даъвогарнинг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар, жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати илова қилиниши керак.

 

Даъво аризасида даъвогарнинг ёки вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек даъвогардаги мавжуд илтимосномалар ҳам кўрсатилади.

 

Бу даъво аризасининг шакли ва мазмунига қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади.

 

Шунингдек, даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатларга ҳам алоҳида талаблар мавжуд. Улар белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини, даъво аризасининг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлигини, жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни, даъвогарнинг юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигини, шу билар бирга даъво аризаси вакил томонидан имзоланган бўлса, уни имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлардир.

 

Барча талабларга жавоб берадиган даъво аризасини тайёрлаб олган бўлсангиз, энди сиз унинг кўчирма нусхасини барча иловалари билан бирга жавобгарга ва учинчи шахсларга юборишингиз шарт. Бунда сиз ушбу ҳужжатларни электрон тарзда ҳам юборишингиз мумкин.

 

Судья даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш ҳақидаги масалани даъво аризаси судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай, якка тартибда ҳал қилади.

 

ДАЪВО АРИЗАСИНИ РАД ЭТИШ ВА ҚАЙТАРИШ ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ

 

Шу ўринда даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш ва уни қайтариш ўртасида фарқни ажратиб кетамиз. Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш деганда, даъво аризаси иш юритишга умуман қабул қилинмаслиги, уни қайтариш деганда эса биз юқорида санаб ўтган тартибларнинг қайсигадир риоя қилинмаганлиги тушунилиши лозим. Демак, даъво аризангиз қайтарилган бўлса, судья шу мазмунда чиқарилган ажримда кўрсатган камчиликларни бартараф этиб, такроран мурожаат қилиш имкониятингиз сақланиб қолган бўлади.

 

Алоҳида таъкидлаш лозимки, қонунчиликда судгача низони ҳал этиш мақсадида жавобгарга талабнома юбориш тартиби мавжуд. Бу тартиб агарда сиз ушбу ҳолатни шартномада махсус назарда тутган бўлсангиз ҳамда қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда шарт ҳисобланади. 

 

Масалан, тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиш билан боғлиқ низоларда сиз судга даъво тақдим этишдан олдин албатта жавобгарга шартнома шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиш мазмунида таклиф йўллашингиз лозим. Агар жавобгар, яъни сизнинг ҳамкорингиз ушбу таклифга жавоб бермаса, 30 кунлик муддат ўтгандан сўнггина судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Юқорида келтирилган тартиблар судга мурожаат қилишни фақат қийинлаштиради, деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Мазкур қоидаларга риоя этилмаса, даъво аризаси судловига тегишли бўлмаган судга тақдим этилишига, суд харажатлари белгиланган миқдорда бўлмаслигига, агарда даъво аризангиз иш юритишга қабул қилинган тақдирда ҳам суд мажлиси давомида етарли бўлмаган ишга оид далилларнинг тўпланиши учун суд муҳокамаларининг кейинга қолдирилишига ёки даъво аризасининг кўрмасдан қолдирилишига олиб келиши мумкин. 

 

Даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган баъзи ҳоллардан ташқари аксарият ҳолларда давлат божи қайтариб берилмайди.

 

Демак, судга мурожаат қилиш учун мутахассис ёрдамида барча талабларга жавоб берадиган даъво аризаси тайёрлашга ҳаракат қилиниши лозим. Шунда сизнинг даъво аризангиз қайтарилмайди ва у мазмунан кўриб чиқилади.

 

П.ЗАКИРОВА,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди судьяси