ВАФОТ ЭТГАН ХОДИМНИНГ ОИЛАСИГА ЁРДАМ КЎРСАТИЛМАЙДИМИ?

— Автоҳалокат туфайли турмуш ўртоғим вафот этди. Ўғлим икки ҳафта даволаниб чиқиб, ҳозир ҳам муолажа оляпти. Турмуш ўртоғимнинг иш жойига моддий ёрдам сўраб борганимда, «ўзингиз ишлайдиган жойдан оласиз, бизда вафот этган ходимнинг оиласига кўмак берилмайди», дейишди. Шундай бўлиши мумкинми? Ҳамма жойда ёрдам беришади-ку?

Исми сир тутилди.

Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:Аҳрор СУЛАЙМОНОВ жавоб берди:

 

— Амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ агар ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ёки меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги натижасида ходимга, боқувчиси иш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарарни (шу жумладан, маънавий зарарни) иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлайди.

 

Ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт (Меҳнат кодекси 187,192-моддалари).

 

Агар турмуш ўртоғингиз юқорида қайд этилган ҳолатларга боғлиқ бўлмаган ҳолда, яъни меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда вафот этган бўлса, бу ҳолатда, иш берувчи томонидан бирор бир кўмак назарда тутилмаган.