БУ ГАЛГИ МАШҒУЛОТ СУҒУРТАГА ОИД НИЗОЛАР ҲАҚИДА БЎЛДИ

Суғуртага доир масалалар ижтимоий ҳаётга тобора шиддат билан кириб келаётган ҳуқуқий муносабатлардан ҳисобланди. Судларда кўриб чиқилаётган суғуртага оид низолар ҳам шунга яраша. Демак, ушбу турдаги низонинг моҳияти, хос хусусияти ва суд амалиёти масаласи алоҳида эътибор жалб этади. Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси тингловчилари учун шу мавзуда алоҳида машғулотлар ташкил этилаётгани бежиз эмас.
Бу галги машғулот Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Равшан Рашидов таклиф этилди. Мавзу: «Суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларга оид ишларни кўришда суд амалиёти».
Машғулотда суғурта муносабатларининг ҳуқуқий табиати, суд амалиётида учраётган долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Суғурта шартномаларини тузиш, уларни ижро этиш ва шартнома шартлари бузилган ҳолларда юзага келадиган низоларни ҳал этиш тартиби юзасидан суд амалиётида шаклланган ёндашувлар мисоллар орқали тушунтирилди.
Бундан ташқари суд амалиётида кўп учрайдиган ҳолатлар — суғурта шартномасининг ҳақиқийлиги, суғурта ҳодисасининг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш, суғурта товонини тўлашдан бош тортишнинг ҳуқуқий асослари каби масалалар бўйича амалий мисоллар келтирилди. Шу билан бирга, суд қарорларини қабул қилишда адолат, холислик ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя этиш судья фаолиятининг асосий мезони экани таъкидланди.
Машғулот якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш амалиёти юзасидан фикр алмашдилар.






