БОЛА 3 ЁШГА ТЎЛГУНИЧА ҚАЙТА ТАЪТИЛ ОЛСА БЎЛАДИМИ?

— Қизим фарзанди 2 ёшлигида ишга қайтганди. 5 ой ишлади. Набирам боғчага боради, лекин кўп касал бўляпти. Қизим боласи 3 ёшга тўлгунича яна таътил олса бўладими? Ишига таъсир қилмайдими?

Исми сир тутилди

Гўзал Абдурахманова, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Амалдаги Меҳнат кодексининг 234-моддаси 1-2-қисмларига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади.


Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.


Шунингдек, ушбу модданинг 5-қисмига асосан, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.


Ушбу кодекснинг 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

 

Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.


Юқоридаги кодекс нормалари асосида қизингиз фарзанди 3 ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда бола парваришлаш таътили олиши мумкин.

 

Бунда қизингиз иш берувчига “боласи уч ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда бола парваришлаш таътили олиш тўғрисида”ги ариза билан мурожаат қилиши лозим.


Бола парваришлаш таътили даврида қизингизнинг иш жойи сақланади ва у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинмайди.