БОЛАНИНГ ДАВОЛАНИШИ УЧУН ОТАДАН ҚЎШИМЧА ТАЪМИНОТ УНДИРИШ МУМКИНМИ?

Набирам бир ёшга тўлмагани учун суд ажраштирмади. Отасига алимент ундируви тайинланган. Набирам жуда нимжон туғилган, доимий равишда муолажа олиши керак. Берилаётган алименти дори-дармонга етмайди. “Даволанишига пул беринг”, десак, куёв ҳам, онаси ҳам «керак бўлса, даволатиб олинглар. Наслимизда касал бола туғилмаган, уни бизга кераги йўқ», дейишди. Суд тартибида отасидан болани даволаниши учун пул ундириш мумкинми? Агар қаршилик қилса, қандай қонуний йўллари бор?

Исми сир тутилди.

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддасининг 1-қисмига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Конституциянинг 65-моддасига кўра, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.


Бош қомусда белгиланган вояга етмаган ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи, ота-она зиммасига уларни боқиш ҳамда тарбиялаш мажбуриятини юкловчи нормалар ушбу соҳани тартибга солувчи махсус қонун нормалари ва қонуности ҳужжатлари мазмунида ҳам ўз ифодасини топган.


Хусусан, Оила кодексига кўра, оила тўғрисидаги қонунчиликнинг вазифалари оилавий муносабатларни бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.


Вояга етмаган болаларни таъминлаш мажбурияти ўз қамровига нафақат алимент тўлашни, балки фавқулодда ҳолатлар туфайли келиб чиққан харажатларни ҳам олади.


Зеро, Оила кодексининг 103-моддасига кўра, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.


Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.


Шунга кўра, агарда набирангизнинг соғлиги ҳолатига кўра, уни даволаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар юзага келган тақдирда отаси боланинг харажатларида иштирок этиши шарт. Куёвингиз бундай харажатларни ўз зиммасига олишдан бош тортган тақдирда қизингиз фарзандининг касаллиги муносабати билан уни даволаш туфайли келиб чиққан қўшимча харажатларни ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.


Қўшимча харажатларни ундириш ҳақидаги бундай даъво қизингизнинг ўзи яшаб келаётган манзилда жойлашган фуқаролик ишлари бўйича судга тақдим этилади. Даъво аризасига неварангизнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, ота-онасининг паспорт нусхалари, боланинг соғлигининг ҳолати юзасидан тиббий ҳужжатлар ҳамда сарфланган харажатларни тасдиқловчи далиллар илова қилиниши лозим. Судга бундай даъво талаби билан мурожаат қилишда давлат божи тўланмайди.


Қайд этиш лозимки, ундирилиши белгиланган бундай қўшимча харажатлар боланинг таъминоти учун ундириладиган алимент тўловларидан алоҳида тарзда ҳисобланади ва тўлови ҳам алоҳида амалга оширилади.


Шу билан бирга, боланинг касал бўлиши туфайли келиб чиққан бундай қўшимча харажатлар миқдори отанинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда қатъий суммада ундирилади.


Суд томонидан даъво талаблари қаноатлантирилган тақдирда, унинг ижроси мажбурий ижро бўлими томонидан мажбурий тартибда амалга оширилади ҳамда юқорида маълум қилганингиздек, боланинг отаси бундай харажатларда иштирок этишни исташ-истамаслигидан қатъий назар амалга оширилган харажатларни қоплаши шарт ҳисобланади.