«БОЛАЛИ АЁЛГА ИШ ЖОЙИДА ЖАРИМА СОЛИШ ТЎҒРИМИ?»
— Уч нафар вояга етмаган фарзандим бор. Бир сафар оилавий вазиятлар сабабли ишга кеч келдим. Сабабини тушунтирган бўлсам-да, иш берувчи ойлик иш ҳақимнинг 30 фоизини кеч келганлик учун жарима сифатида ушлаб қолмоқчи. Шу тўғрими? Вояга етмаган фарзанди бор аёлларнинг иш жойида қандай ҳақ-ҳуқуқлари бор?
Исми сир тутилди
Анвар ЁРИЕВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Меҳнат кодексига асосан иш берувчи ходимга нисбатан меҳнат интизомини бузганлиги учун ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима, шунингдек, Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисмининг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган ҳолларда, яъни ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги ёки ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги ҳолатларида меҳнат шартномасини бекор қилиш каби интизомий жазо қўллаши мумкин.
Ушбу моддада назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади.
Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.
Интизомий жазо қўлланишида содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.
Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.
Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса, содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди.
Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.
Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.
Интизомий жазони қўллаган иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг илтимосига биноан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли.
Агарда сиз қўлланилган интизомий жазо чорасидан норози бўлсангиз интизомий жазо устидан меҳнат низолари комиссиясига ёки бевосита судга мурожаат этишга ҳақлидирсиз.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг алоҳида нормалари (224-238-моддалар) билан аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар белгиланган.
Хусусан, ҳомиладор аёлларни ва боласи бор аёлларни ишга қабул қилишдаги кафолатлар, икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказиш, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган ташкилотлар ва муассасаларда ишлаётган аёлларнинг иш вақтининг қисқартирилган муддатига бўлган ҳуқуқи, ўн икки ёшга тўлмаган боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёллар учун қўшимча таътиллар, бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар, янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга бериладиган таътиллар, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар, ҳомиладор ва боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилган.