БОБОДАН ҚОЛГАН МЕРОС УЙНИ ҚАНДАЙ РАСМИЙЛАШТИРИБ ОЛИШ МУМКИН?
— Бобомдан қолган мерос уйни расмийлаштирмоқчи эдик. Отам ҳам ўз вақтида уйни мерос мулки сифатида расмийлаштириб олмаган экан. Нотариусга ҳужжатларни тўплаш жараёнида отамнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномани топа олмадик. ФҲДЁ органида умуман ҳеч қандай далолатнома ёзуви топилмади, уй бобомнинг номида бўлганлиги сабабли меросни ўз эгалигимизга ўтказа олмаяпмиз. Муаммони қандай ҳал қилсак бўлади?
Исми сир тутилди
Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Фуқаролик кодексига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Сиз маълум қилган ҳолатдан тушунилишича, бобонгизнинг вафотидан кейин унга тегишли бўлган мол-мулкка нисбатан у томонидан васиятнома қолдирилмаган бўлиб, бундай ҳолатда ворислик қонун бўйича амалга оширилади.
Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Ушбу ҳолатда отангиз бобонгизнинг биринчи навбатдаги вориси, яъни, фарзанди эканлиги унинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома билан тасдиқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 ноябрдаги “Нотариуслар томонидан айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида”ги 726-сонли қарорига 5-илова “Нотариуслар томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришнинг маъмурий Регламент”нинг 29-бандига кўра, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришда нотариус меросхўрларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари (Ф.И.О. ўзгарган тақдирда) ёки далолатнома ёзувларидан кўчирмалар ёхуд қариндошлик муносабатларининг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжатини талаб қилади.
Агарда отангизнинг бобонгиз билан ота-бола эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, яъни, туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви мавжуд бўлмаса, отангизнинг бобонгизнинг фарзанди эканлиги факти суд томонидан белгиланади. Бунинг учун отангиз фуқаролик ишлари бўйича судга туғилганлик фактини белгилаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши лозим бўлади.
Аризада отангиз ўзини отаси ва онаси деб кўрсатган шахслардан туғилганлиги фактини белгилашни сўраши ҳамда бундай факт унга нима сабабдан зарар эканлигини кўрсатиши, шунингдек, аризага ўзининг ота-онаси деб кўрсатган шахсдан туғилганлигини тасдиқловчи далилларни ҳамда мерос мулкининг бобонгизга тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиши лозим. Суднинг ота ва онадан туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан отангизнин туғилганлигини қайд этиш учун асос бўлади.
Суд томонидан отангизнинг туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилганидан кейин ФҲДЁ органи томонидан отангизга нисбатан туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви юритилиб, унинг асосида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилади ва шундан кейин отангиз бобонгизнинг вориси сифатида ундан қолган мол-мулкни мерос сифатида қабул қилиб олиши учун отангизнинг охирги доимий яшаб турган жойи бўйича нотариал идорага мурожаат қилишга ҳақли бўлади.