БИР БОЛАГА ЕТТИ МАҲАЛЛА ОТА-ОНА
Халқимизда “бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гап бор. Бу бежизга эмас. Негаки фарзанд тарбиясида бефарқ бўлиш бизнинг табиатимизга зид. Ҳукуматимиз боланинг таълим олиши ва тарбиясига давлат сиёсати даражасида ёндошмоқда. Бу жуда ҳам тўғри йўл.
Жорий йилнинг 23 октябрь куни қабул қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни яна бир бор вояга етмаганлар масаласида инсонпарварлик тамоийлларига ассосланиб, жазоларни енгиллаштиришни назарда тутади.
Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар шуни кўрсатадики, вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштириш, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсни судланмаган деб ҳисоблашнинг алоҳида тартибини белгилаш зарурияти юзага келди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланишини, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан ҳоли тарзда давом эттириши учун шароит яратади.
Қонун билан 77-модда ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган ҳисобланади, деган мазмун билан тўлдирилмоқда. Бундан ўта оғир жиноятлар ёки содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлганидан кейин ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар қасддан янги жиноят содир этиш ҳоллари мустасно.
84-1-модда ҳамда 85-модданинг биринчи қисмидаги матнидаги “олти ойдан” деган сўзлар “бир ойдан” деган сўзлар билан алмаштирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, юқорида айтганимдек, фарзандларимиз бизнинг келажагимиз, уларнинг номига доғ туширмаслик, юрт учун ватанпарвар қилиб тарбиялаш биз катталарнинг муқаддас бурчимиздир.
Фарҳод Ҳикматуллаев,
жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси






