“БИРНИ КЎРИБ ФИКР ҚИЛ, БИРНИ КЎРИБ…”

Жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг хос тоифалари бор. Аммо, кенгроқ олиб қаралса, қилмишнинг катта-кичиги бўлмайди. Жазо – оқибат, холос. Жазодан мақсад эса тарбия. Бунинг учун панд-насиҳат, қуруқ маърузанинг ўзи камлик қилади. “Бирни кўриб, фикр қил, бирни кўриб – шукр”, деб бежиз айтилмаган. Шу ҳикматдан келиб чиқилса, жойларда ўтказилаётган сайёр суд мажлисларининг аҳамияти янада кенгроқ намоён бўлади.

 Бу ўринда суд муҳокамаларининг ушбу шакли тизим фаолиятида очиқ ва шаффофлик ифодаси эканигина назарда тутилаётгани йўқ. Сайёр суд мажлислари бир вақтнинг ўзида халқ билан мулоқот воситаси, турли қилмишларнинг олдини олишда муҳим омил ҳамда ҳуқуқий тарғибот ҳисобланади. Қолаверса, қонунга ҳурмат ва итоат ҳисси шаклланиши учун ҳам қонунсизлик оқибатини кўрсатиб туриш керак.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг уч нафар тергов судьяси (С.Хожамкулова, Ж.Саидов ва Б.Омонов) шу мақсадда туманнинг “Шаҳрисабз” маҳалла фуқаро йиғини биносида сайёр суд мажлислари ўтказди.

Унда бир нечта маъмурий ҳуқуқбузарликлар оид ишлар кўриб чиқилди.

Жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган жараёнда  диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тарқатиш, мулкка қасддан зарар етказиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, жамоат жойларида умумэътироф этилган ахлоқ меъёрларини бузиш ифодаланган ҳуқуқбузарликларни содир этган бир неча нафар шахсларнинг хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

 Суд муҳокамалари якунида ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи ва бошқа ҳолатлар эътибордан соқит қилингани йўқ.

 Қабул қилинган суд қарорларининг мазмун-моҳияти тергов судьялари томонидан атрофлича, содда тил ва оҳангда тушунтирилди.