АЁЛ ҚАНДАЙ МОДДИЙ ЁРДАМ ОЛИШИ МУМКИН?
— Эрим билан Тошкентда ижарада яшаймиз. У яқинда ажрашиш учун судга ариза берди. Ота-онам узоқда, қизлик уйимга қайтиб борганим билан яшашга шароит йўқ. Икки болам билан ижарада қолсам, эримдан ижара пулини талаб қилишим мумкинми? Ўзим ҳеч қаерда ишламайман. Эрим эса “алимент тўласам катта гап”, деяпти. Аёл ажрашаётганда эридан қандай моддий ёрдам олиши мумкин?
Исми сир тутилди
Анвар Ёриев, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Оила кодексининг 23-моддасига асосан эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкка нисбатан эр ва хотиннинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунларда белгиланади. Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалигининг мол-мулкини бўлиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 223 ва 225-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида амалга оширилади.
Шунга кўра, яъни юқорида кўрсатилган талаблар диорасида cиз эрингизга нисбатан никоҳ давомида орттитилган эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилишингиз мумкин.
Шунингдек, Оила кодексида белгиланганига кўра Сиз ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз, ҳомиладор бўлсангиз ушбу давр учун, уч ёшга тўлмаган фарзандингиз бўлса у уч ёшга тўлгунига қадаор бўлган давр учун, ногиронлиги бўлган фарзаендингиз бўлса у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар парваришлаш ёки болаликдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзанд бўлса уни Сиз парваришлаётган бўлсагиз турмуш ўртоғингиздан таъминот (алимент) олишингиз мумкин.
Бундан ташқари, турмуш ўртоғингиз болаларига таъминот бериши шарт. Агар у вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган бўлса Сиз судга алимент ундириш ҳақида ариза билан мурожаат қилингиз мумкин бўлади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган алимент миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Агар қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган тараф судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни инобатга олиб, қарзнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин.