«АРИЗА ЁЗМАСА, АЛИМЕНТ ТЎХТАТИЛМАЙДИМИ?»

— Бир нафар болага алимент тўлардим. У яқинда 19 ёшга тўлди. МИБга учрашиб, алиментни тўхтатишни айтганимда, даъвогар ариза ёзиши кераклигини тушунтиришди. Агар даъвогар ариза ёзмаса, алимент тўлайвераманми?

Исми сир тутилди

Фахриддин БАХРОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуни 70-моддасига кўра, алиментлар ва алимент мажбуриятлари бўйича қарзларни ундириш тартиби Оила кодекси билан белгиланади.
Оила кодексига кўра, болалар таъминоти учун алимент тўлаш мажбурияти икки хил бўлиши мумкин.

 

Биринчиси, Оила кодекси 96-моддасига биноан ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти бўлса, иккинчиси шу кодекснинг 100-моддасига мувофиқ ота-онанинг вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш мажбуриятидир.

 

Савол мазмунига кўра, у ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти ҳақида бўлиб, ушбу ҳолатда боланинг вояга етганлигининг ўзи даъвогарнинг аризаси мавжуд-мавжуд эмаслигидан қатъий назар қарздорни алимент тўлаш мажбуриятидан озод этади.

 

Муҳокама қилинаётган ҳолатда ижрочининг вояга етган шахс таъминоти учун ундирилаётган алимент мажбуриятидан қарздорни озод қилиш учун даъвогар (ундирувчи)нинг аризаси бўлиши шартлиги ҳақидаги важи ва унинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонун талабига зид бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуни 41-моддасига кўра, ижро ҳужжати амалда ижро этилганда ижро иши юритиш тамомланиши шарт.

 

Ижро иши юритиш тамомланганда давлат ижрочиси бу ҳақда қарор чиқаради. Ижро иши юритишни тамомлаш тўғрисидаги қарорда қарздор жисмоний шахсни, унинг мол-мулкини, олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш, шунингдек қарздор учун белгиланган чекловлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишга оид чеклашлар ва қарздорнинг ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқларига доир чекловлар бекор қилинади.

 

Бундай ҳолатда сиз МИБ туман (шаҳар) бўлим бошлиғи номига ижро ишини тамомлаш тўғрисида ёзма равишда мурожаат қилишингиз, агар давлат ижрочиси томонидан талабингиз рад этилса қонунда белгиланган тартибда маъмурий судга ёки юқори турувчи давлат ижрочисига шикоят қилишингиз мумкин.