АЛИМЕНТ ТЎЛОВЧИ ХОРИЖГА ИШЛАШ УЧУН ЧИҚИШИ МУМКИНМИ?

— Ўғлим бир фарзанди билан турмушидан ажрашган, набирамга алимент тўлайди. Иккинчи турмушидан ҳам икки нафар боласи бор. Ҳеч жойда ишламайди, номида ҳам ҳеч нарса йўқ. Тўғриси, моддий томонлама жуда қийналяпмиз. Шу сабаб Россияга ишлаш учун кетмоқчи. Уйимизни гаровга қўйиб, кетиши мумкинми? Чунки алиментни олдиндан нақд пул шаклида тўлашга имкониятимиз йўқ. Асли нималарни алимент ўрнига гаровга қўйса бўлади? Ўғлимнинг вазиятида хорижга ишлаш учун чиқиши мумкинми? Алимент тўловчилар четга чиқиб ишласа, алимент миқдори қандай белгиланади?

Исми сир тутилди

Ахрор Сулаймонов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси:

 

— Мурожаатда қайд этилган масалалар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 808-сонли “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Қарорига Илова “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

 

Мазкур Низомга асосан, қарздор моддий томонлама қийналган ва алиментни олдиндан нақд пул шаклида бир йўла тўлашга имконияти йўқ бўлса ва шу сабабли чет давлатга ишлаш учун кетмоқчи бўлса, у ўз уй-жойини гаровга қўйиш ҳуқуқига эга.

 

Давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.

 

Қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкин. Масалан: уй-жой, автомашина, қимматли қоғозлар, ноёб буюмлар ва ҳ.к.

 

Алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади. Яъни, қарздорнинг алимент бўйича қарздорлиги бўлмаслиги керак.

 

Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасининг тузилиши алиментларни тўламаганлик учун қонун билан белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод қилмайди.

 

Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади. Бундай ҳолатда, қарздор ундирувчи билан гаров шартномасини тузгандан сўнг, Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш ҳақидаги ариза билан ким томонидан тақиқ қўйилганлигидан келиб чиқиб, давлат ижрочиси ёки судга мурожаат қилиши лозим.

 

Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

 

Гаров предмети қиймати тарафлар келишувига биноан аниқланади.

 

Тарафлар келишувига асосан гаров предмети қийматини баҳолаш тегишли баҳолаш ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.

 

Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаровга қўйилган мол-мулкнинг, қайта гаровга қўйилишига йўл қўйилмайди, мазкур масала гаров шартномасида акс эттирилади.

 

Агар алимент тўловчи (қарздор) четга чиқиб ишлаётган бўлса, алимент миқдори унинг чет элда олаётган даромади миқдоридан белгиланади.

 

Низомнинг 24-бандига мувофиқ, давлат ижрочиси алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни қабул қилиб олганда, шунингдек, мазкур ажримда кўрсатилган алиментлар суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг, қарздор ва унинг мол-мулкига белгиланган барча чекловларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.

 

Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан, шунингдек:

 

кўчмас мулкни ўтказишда — мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасига;

 

автотранспорт воситаси ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши (ҳисобга туриши) лозим бўлган бошқа мулкларни ўтказишда — автотранспорт воситаси ёки бошқа мулкни ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги (ҳисобга турганлиги) тўғрисидаги ҳужжат нусхасига;

 

қимматли қоғозлар ўтказишда — қимматли қоғозлар ундирувчи номига рўйхатдан (ҳисобига) ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатга асосан амалга оширилади.

Агар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш суд ҳужжатига асосан қўйилган бўлса, чеклашни бекор қилиш суд томонидан амалга оширилади.