АЛИМЕНТ ТЎЛОВИНИ ТИКЛАБ, ОЛДИНГИ ОЙЛАР УЧУН ҲАМ УНДИРСА БЎЛАДИМИ?

— Қизим эри билан икки йил бирга яшади. Фарзанди туғилганида ҳали талаба бўлгани учун алимент ундириш учун судга ариза бергандик. Куёвим 7 ой алимент тўлаб, сўнг «ажрашадиган хотиним йўқ», дея олиб кетди. Аммо барибир турмуши бўлмади. Ҳали расман ажрашишмади, бироқ эри алимент тўламаяпти. Аксига олиб, қизим ишида «сокращение»га тушди. Алимент тўловини тиклаб, олдинги ойлар учун ҳам ундирса бўладими? Яна бир савол, болали аёлларни «сокращение»га тушириш тўғрими?

Исми сир тутилди

Жасур НОРҚОБИЛОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Фуқаролик процессуал кодексининг 451-моддасига кўра, суднинг ҳал қилув қарори мажбурий тартибда ижро этиш учун, агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ичида тақдим этилиши мумкин.

 

Оила кодексининг 139-моддасига кўра, алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадларидан ундирилади. Ушбу кодекснинг 140-моддасига кўра, алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган алимент миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Ушбу Кодекснинг 99-моддасига асосан вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилади. Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.

 

Юқоридаги қонунчиликда белгиланган тартибга кўра, сиз алимент ундириш ҳақидаги ижро варақани тегишли мажбурий ижро бюросига суд буйруғи чиқарилган кундан уч йил ичида тақдим қилган ҳолда алимент ундирувини тиклаш ва алимент қарздорлигини талаб қилишга ҳақлисиз.

 

Меҳнат кодексининг 237-моддасида, ҳомиладор ва боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолатлари белгиланган бўлиб, унга кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.