“АЛИМЕНТ ТЎЛАСАМ ҲАМ, ҚАРЗИМ КАМАЙМАЯПТИ”
— 2021 йил алимент ундируви бўйича суд қарори чиққан. Бу йили МИБ дан икки марта «SMS» келди. Собиқ хотинимнинг пластик картасига пул ташлаб турганман. Болаларнинг дори-дармонига ҳам алоҳида пул берганман. Кийим-кечаклар олиб берганман. Ҳаммасини чеки бор. Умумий қарздорлигимдан қилинган харажатлар «минус» қилиниши учун қаерга мурожаат қилишим керак? Алиментдан ташқари кўрсатилган ёрдам ҳам қўшиладими?
Исми сир тутилди
Дилшод Хасанов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Оила кодексининг 98-моддаси 1-қисмига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.
Агарда сиз билан турмуш ўртоғингиз ўртасида қонунда белгиланган тартибда келишув бўлиб, ушбу келишувга асосан пул маблағларини турмуш ўртоғингизнинг банк пластик картасига ўтказган бўлсангиз, у ҳолда алимент мажбуриятлари бажарилган деб ҳисобланиши мумкин.
Мазкур ҳолатда 2021 йилда чиқарилган суд қарори нима сабабдан 2022 йилда ижрога топширилганлигига аниқлик киритиш лозим.
Болаларнинг дори-дармонлари учун берилган пуллар Оила кодексининг 103-моддаси талабларига асосан болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатлар ҳисобланади. Болаларга олиб берилган кийим-кечаклар қиймати тўланаётган алимент миқдоридан чегирилиши масаласида суд қарорини ижро этаётган Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиниши мумкин.