АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАН ОТА 7 ОЙГА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ

Суд залида эр ва хотин.

Эр гарчи қонун билан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлаш мақсадида алимент тўлаши лозим бўлса-да бу мажбуриятини бажармай келаётган эди.

Эр – Татлиев Элёр Шодиёрович (исм-шарифлар ўзгартирилган) 1975 йилда туғилган. Ундирувчи унинг хотини Зарина Намозова. Ўрталарида 2021 йилда туғилган бир нафар фарзанд бор. Оила расман ажрашган. Аммо эр бир нафар фарзанди учун алимент тўлашга мажбур. 

Фуқаролик судининг қарори билан судланувчидан алимент ундириш белгиланган. 2024 йил 1 мартдан 2024 йил 1 октябрга қадар судланувчи алиментдан қарзи жами 11.8 млн сўмни ташкил қилган. Суд давомида 6 млн. сўм миқдорида пул маблағларини тўлаб берган.

 Ҳозирда Э. Татлиевнинг алиментдан бўлган қарздорлиги 5.727.199 сўмни ташкил қилади. Суд буйруғи билан  2025 йил 5 январдан алимент пулини ундириш белгиланган. 

Судланувчи суд буйруғига кўра вояга етмаган шахсни моддий таъминлашга мажбур эканлигини била туриб, 2024 йил 1 мартга қадар жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида
2.7 млн. сўмлик маблағни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги учун 2024 йил 20 мартда жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди томонидан МЖтК 47-4-моддаси 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Бироқ, у маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ўзига тегишли хулоса чиқармасдан ва вояга етмаган шахсни моддий таъминлаш чорасини кўрмасдан, яна жабрланувчи фойдасига ундирилиши лозим бўлган маблағни 2024 йил 1 мартдан 2024 йил 1 октябрга қадар жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаган, ушбу даврда ундирилиши лозим бўлган маблағ 9.1 млн. сўм, жами эса 11.727.199 сўмни ташкил этганлиги аниқланган.

Суд, давлат айбловчисининг хулосасини, судланувчи, жабрланувчи- фуқаровий даъвогар, гувоҳнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят ишидаги мавжуд далилларни таҳлил қилиб, судланувчининг айби, унинг айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатувларидан ташқари, ижро иши ҳужжати, тушунтириш хатлари ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.

Дастлабки тергов органи томонидан Э. Татлиевнинг моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганликда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодекси 122-моддасининг 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб топди.

Шу сабабли Э. Татлиев ЖК 122-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топиб, ЖК 59-моддасининг 8-қисми тартибида, жиноятлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2024 йил 20 ноябрдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


Фарҳод Ҳикматуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси