“АЛИМЕНТ ПУЛЛАРИНИ ТЎЛАСАК ЎҒЛИМГА ЕНГИЛЛИК БЕРИЛАДИМИ?”
— Ўғлим алимент пулларини тўламаганлиги учун суд томонидан унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди. Алимент пулларини тўласак ўғлимга енгиллик бериладими?
Исми сир тутилди
Муса ЮСУПОВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:
— Конституциямизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги белгиланган.
Шу боис, қонунчилигимизда вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.
Шунингдек, вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам содир этилса, Жиноят кодексининг 122-моддасига жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Яъни, бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиши мумкин.
Шу билан бирга, қонунчилигимизда шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўланса енгиллик берилиши белгиланган.
Шу боис, фарзандингиз биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик тўлиқ тўланса жавобгарликдан озод этилади.
Фарзандингиз алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлашни давом эттирса, жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.