АЛИМЕНТ МИҚДОРИНИ КАМАЙТИРИШ УЧУН ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?

Алимент масаласи долзарб муаммо. Ундирувчи кўпроқ олсам деса, тўловчи томон камроқ тўлашни хоҳлайди. Ўзи алимент миқдорини камайтириш мумкинми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилиш керак? Қандай ҳужжатлар талаб этилади? Давлат божи тўлайдими?

 

СУД ҲАЛ ЭТАДИ

  • Тўланаётган алимент миқдорини камайтириш тартиби амалга оширилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 105-моддасига кўра, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин. Шунингдек, алимент тўлаётган ота (она) ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб қолса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда ҳам алимент миқдорини камайтириш мумкин.

 

АРИЗАНИ КИМ БЕРАДИ?

  • Алимент миқдорини камайтириш учун алимент тўлаётган ота ёки она даъво аризаси билан жавобгар (иккинчи тараф)нинг яшаш жойи ҳудудидаги фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Даъво аризаси ёзма равишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси талаби доирасида тайёрланиши лозим.

 

Алимент миқдорини камайтириш ҳақидаги даъво ариза беришга фақат алимент тўлаётган ота ёки она ҳақли ҳисобланади. Шунингдек, уларни номидан қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома асосида уларнинг ишончли вакиллари даъво аризаси бериш ҳуқуқига эга.

 

Ишончномани расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 10-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТАЛАБ ЭТИЛАДИ?

 

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

 

шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

 

боланинг туғилганлик гувоҳномаси нусхаси;

 

алимент ундириш масаласидаги суд ҳужжати нусхаси;

 

тўланаётган алимент миқдорини камайтиришга асос қилиб кўрсатган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

 

давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

 

почта харажати тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат кабилар берилишини лозим бўлади. Шунингдек, даъвогар томонидан ўз талабини тасдиқловчи бошқа далиллар тақдим этилиши мумкин.

 

ДАВЛАТ БОЖИ ҚАНЧА?

 

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги «Давлат божи тўғрисида»ги қонуни талабига мувофиқ, давлат божи ҳар бир даъво талаб бўйича алоҳида-алоҳида тўланиши назарда тутилган бўлиб, даъвогар мулкий тусдаги талаби учун даъво баҳосининг 4 фоизи, лекин Республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари кам бўлмаган миқдорида, номулкий тусдаги талаблар бўйича Республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида давлат божи тўлаши лозим.

Тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ҳақидаги даъво номулкий тусдаги талаблар сарасига киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Қонуни билан фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишда почта харажатлари тўлашга оид нормалар киритилган бўлиб, судга даъво ариза билан мурожаат қилишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизи миқдорида почта харажатлари ундириш белгиланган.

 

ОТА-ОНАСИ ҲАМ АЛИМЕНТ ТАЛАБ ҚИЛСА…

 

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 109-моддасига кўра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

 

Ушбу ҳолат ота-онага алимент тўлаётган шахснинг вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун тўлаётган алимент миқдорини камайтиришга асос бўлмайди.

 

Жасурбек Мамаюсупов,

фуқаролик ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси