“АЛИМЕНТНИ КАМАЙТИРИШНИ СЎРАБ МУРОЖААТ ҚИЛИНГАН АРИЗА РАД ЭТИЛДИ, САБАБИ…”
— Ўғлим биринчи турмуши билан ажрашган. 2013 йилдан буён алимент тўлайди. Мавсумий ишда ишлагани учун топиш-тутиши яхши эмас. Иккинчи хотини судга алиментни камайтиришни сўраб мурожаат қилганда, аризаси рад этилди. Лекин бу оиласида ҳам вояга етмаган болалари бор, уларни таъминлаши керак-ку. Алиментни камайтириш рад этилгани тўғрими?
Исми сир тутилди
Садоқат САФОЕВА, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Оила кодексининг 105-моддасига кўра, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.
Агарда юқорида назарда тутилган қонун нормасидаги ҳолатлар мавжуд бўлса, судга даъво ариза билан ўғлингизни турмуш ўртоғи эмас, балки алимент тўловчи – ўғлингиз Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасига кўра, жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга даъво аризаси бериши лозим бўлади. Вояга етмаган болалар таъминоти учун ундирилаётган алимент миқдори суднинг ҳал қилув қарорига кўра, ўзгарган тақдирда алиментнинг янги миқдорда ундирилиши суднинг бу ҳақдаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан амалга оширилади.
Суд қарорининг тўғри ёки нотўғрилигига эса фақатгина юқори суд инстанцияси баҳо бериши мумкинлиги боис, келинингиз суд қароридан норози бўлса, юқори судга қонунда белгиланган муддат ва тартибда апелляция шикояти беришга ҳақли.
Ўғлингиз мавсумий ишда ишлаганлиги учун топиш-тутиши яхши эмаслиги, биринчи турмуши билан яшамаслиги каби ҳолатлар алимент миқдорини камайтириш учун асос эмаслигини, ҳар қандай вазиятда ҳам ота-она ўз фарзандларининг моддий таъминоти масъул эканлигини, улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур эканлигини, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент фақат суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи чиқариш орқали ундирилишини эслатиб ўтамиз.