“АЛИМЕНТНИНГ 5 ЙИЛЛИГИНИ ОЛДИНДАН ТЎЛАМОҚЧИ ЭДИМ, БИРОҚ…”

— Хорижга кетиш учун алиментнинг 5 йиллигини олдиндан тўлаш учун МИБга борсам, улар менга 74 млн. сўм ҳисоблаб беришди. Ойига 590 минг сўмдан тўлаганимда, жами 34 млн. сўм бўлиши керак. Аммо МИБчилар «қарзингиз бордир», деб қаердан 74 млн. сўм ҳисобланганини тушунтиришмаяпти. Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқим бор?

Исми сир тутилди.

Жасур Мамаюсупов, фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Тўланаётган алиментни 5 йиллигини олдиндан тўлаш тартиби, Вазирлар Маҳкамасининг 06.10.2018 йилдаги 808-сонли Қарори билан тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида амалга оширилади. Мазкур Низомнинг 9-бандига кўра, алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун, бироқ ушбу банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади.


Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.


Бу ҳақдаги аризага Бюронинг туман (шаҳар) бўлими томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилиниши шарт.


Низомнинг 15-бандида, олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблашда, келгуси даврлар учун тўланадиган алиментлар суммасига, тўлов вақтидаги ҳар йилги алиментлар суммасининг Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасига капитализация коэффициенти қўлланилиши белгиланган. Шунингдек, Низомнинг 16-банди б-кичик бандига кўра, агар ижро ҳужжатида алиментлар қарздорнинг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса — ойлик алимент суммаси қарздорнинг охирги ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади улушидан, бироқ ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқилади. Бунда, қарздор ишсиз бўлса ёки ойлик иш ҳақи ва бошқа даромади тўғрисидаги маълумотлар тақдим қилинмаган тақдирда, тегишли улуш ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланиши назарда тутилган.


Шу боисдан, Сизнинг ҳолатингизда давлат ижрочиси томонидан олдинда тўланиши лозим бўлган алимент миқдорини ҳисоблашда, олдиндан тўланиши лозим бўлган алимент миқдори жорий ойлик тўловларингиз доирасида эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.10.2018 йилдаги 808-сонли Қарори билан тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари доирасида ҳисобланган.