АКА-УКА МУШТУМЗЎРЛАР ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ
Бозорга ҳар ким ўз режаси, ўз юмуши билан боради. Кимдир савдо-сотиқ қилса, кимдир унинг харидори. Ўртадаги беминнат ёрдамчилар ҳам борки, уларнинг меҳнати ҳақида эсламасликнинг иложи йўқ.
Яъни, юк ташувчилар, курьерлар хизмати сотувчи учун ҳам, олувчи учун ҳам, ниҳоятда зарур. Аммо… улар муштумзўр бўлиб чиқса-чи?! Додингизни кимга айтасиз?
Ўша куни Аброр (исмлар ўзгартирилган) пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган қурилиш моллари бозорига ишлагани чиққанида кимдир уни дўппослаб уриши, иш судгача боришини хаёлига келтирибдими, дейсиз.
Судланувчи Ҳаким суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, 2014 йилдан бери қурилиш бозорида курьер бўлиб ишлаб келишини, яъни бозордаги дўконларга фирмалардан керакли қурилиш молларини олиб етказиб бериш билан шуғулланишини, шу сабабли деярли кунора бозорга бориб туришини айтди. Судланувчи бозорда унинг акаси ҳам юк машинасида юк ташиш фаолияти билан шуғулланишини айтди.
Гап шундаки, воқеа содир бўлган куни Ҳаким бозорда жиянининг дўкони ёнида турган бўлади. Бир доимий мижоз келиб жиянининг дўконидан 2 дона панел маҳсулотини олади. Одатда жиянининг дўкони бўлганлиги учун у мижозларига юкини етказиб беришни акасига топширар эди.
Суд мажлисида Ҳаким ўша мижоз дўконнинг доимий мижозлардан бири бўлиб, акаси кўпинча юкларини олиб бориб берганлигини, шунинг учун шу сафар ҳам унинг юкларини акаси олиб боришини ўйлаб турганида ўртага бошқа одам келиб қўшилганини, оқибатда жанжал чиққанини айтди.
Жабрланувчи мижознинг олдига келиб, унинг юкларини олиб бориб беришини айтиб, хизмат ҳақини келиша бошлайди. Мижоз унга 50 минг сўм беришини айтади. Юк ташувчи эса 80 минг сўм сўрайди. Лекин жабрланувчи мижоз айтган нархга бошқа юк ташувчини гаплашиб беришини айтиб, яна бир шериги бўлган юк ташувчини чақиради. Шунда воқеани кузатиб турган Салимнинг бундан жаҳли чиқади. Кейин Аброр аканинг ёнига бориб нега унинг ишларига арлашаётганини сўрайди. Шунда уларнинг ўрталарида келишмовчилик юзага келади. Даханаки жанг жанжалга айланиб кетади. Жанжалга Салим ҳам аралашади.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг сайёр мажлисида жабрланувчи ва айбдорлар ва уларнинг қонуний вакиллари, гувоҳлар иштирокида жиноят ишини кўриб чиқди.
Жиноят иши жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бузиш, безорилик дея тавсифланди. Судда айбдорларнинг кўрсатмасига кўра, улар ўша куни Аброрни уриб-тепиб, дўппослаб, жабрланувчининг соғлиғи қисқа муддатли бузилишига олиб келган шикаст етказишгани маълум бўлди.
Бозорда норасмий юк ташувчи бўлиб ишловчи айбдорлар суд мажлисида қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдиришди. Жабрланувчи эса шифохонада 10 кун даволанганлигини, ўша куни уриб-тепишлар натижасида жигари ҳам лат еганини айтди. Жанжал чиқишини истамаганини, буни уларга тушунтирганини айтди. Муштумзўр ака-укалар эса жанжалдан кейин ҳам тинчимай, унинг орқасидан келиб яна гап талашганини, орқасидан югуриб келиб уни тепиб, ерга ағдарганлигини, йиқилганидан фойдаланиб ака-ука уни ётган жойида уриб-тепиб ташлашганлигини эслади. Муштумзўрлар жабрланувчини асосан бош томонига уришганини айтди. Жигарига ҳам тепишгани, у ерда думалаб ётгани учун уларга қаршилик қила олмаганлигини, ўша вақтда атрофда деярли ҳеч ким йўқ бўлганлигини айтди.
Узоқроқдан одамлар уларни ажратишга келгунича ака-укалар жабрланувчини тепкилаб кетишади. Атрофдагилар уларни ажратиб, жабрланувчини шифохонага жўнатади.
Суд мажлисида жабрланувчи судланувчилар даволаниши мобайнида бир неча маротаба касалхонага келиб, ундан хабар олиб турганлигини, агар хоҳласа хусусий клиникада даволатишини айтганлиги, бу вақтда аҳволи оғирлиги учун бунга рози бўлмаганлигини айтди. Бироқ у тан жароҳати олганлиги сабабли ишга ҳам чиқа олмаганлигини, кунлик топадиган даромадлари ҳам тўхтаб қолганлигини, даволаниш харажатларини укаси қоплаганлигини, шифокор унга яна 2 ой ишга чиқмасдан даволанишини айтганлигини билдирди.
Судланувчилар эса, унга ҳеч қандай моддий ёрдам бермаганлигини, фақатгина суд жараёнида унга етказилган зарар судланувчилар томонидан тўлиқ қопланганлигини, шу сабабли унинг судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, суддан судланувчиларга нисбатан енгиллик берилишини сўради.
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суякларининг ёпиқ синиб, суяк бўлакларининг қониқарли туриши, бош чакка соҳаси, бурун эгар соҳаси, ўнг елка бўғими соҳаси, ўнг қўл кафт соҳаси, кўкрак қафаси ўнг томони ва ўнг тизза бўғими соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши оқибатида унинг соғлиғи қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил даражадаги тан жароҳати олганлиги аниқланди.
Суд гувоҳларнинг, жабрланувчининг ва судланувчиларнинг кўрсатмаларини тинглаб, суд-экспертиза хулосаси бошқа далилларни инобатга олиб, одилона ҳукм чиқарди. Судланувчилар Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилдилар.
Уларнинг ҳар иккисига ҳам 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Озодликни чеклаш жазосини яшаш жойида соат 22:00 дан 6:00 га қадар ўташ белгиланди.
Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг яшаш жойини ҳукмнинг ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик, муайян жойлар — чойхона, кафе, бар, ресторанларга бормаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик тақиқлари қўйилди.
Мирзиёд АБИДОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Олмазор туман суди судьяси