«АЖРАШИШ 800 000 СЎММИ?»
— Жияним хотини билан бирга яшамайди. Бир нафар фарзанди бор. Ҳали қонунан ажрашмасдан туриб, хотини бошқа турмуш қилди, яқинда фарзандли ҳам бўлди. Жиянимни ҳам уйлантирамиз, деб судга ажрашиш учун ариза беришга юборсак, «800 минг сўм харажати бор», дейишибди. Опамнинг оиласи «Темир дафтар»га киритилган, ариза учун шунча пул тўлай олишмайди. Бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин?
Исми сир тутилди
Ҳилола ЭРГАШЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Фуқаролик процессуал кодексининг 133-моддасига асосан суд харажатларини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш, Давлат божини тўлашни кечиктиришга қонунчиликда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб, улардан бирининг ёки иккаласининг давлат даромадига ундириладиган суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Никохдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза юзасидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараварига тенг, яъни ҳозирги кунда 600 000 сўм давлат божи ва 21 000 сўм почта харажати тўланиши лозим. Агар даъвогар судга моддий аҳволи оғирлиги ҳақида маълумот тақдим қилса, даъво ариза топширишда тўланадиган давлат божини кечиктиришни сўраши мумкин. Бу ҳақда даъво ариза билан судга илтимоснома тақдим қилиш зарур.