АЖРАШИШ УЧУН БЕРИЛГАН АРИЗА ҚАЙТАРИБ ОЛИНГАНДА ЖАРИМА ТЎЛАНАДИМИ?

— Ажрашиш учун судга ариза бергандим. Суд уч ой ярашув муддати берганди. Индинга шу муддат тугайди. Судда «фикримдан қайтдим, ажрашмайман», деб аризамни қайтариб олсам бўладими? Эшитишимча, бундай ҳолларда жарима тўланармиш, шу ростми?

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

 

— Оила кодексининг 40-моддасига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

 

Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

 

Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддаси 1-қисми 9-бандига кўра, даъвогар томонидан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ариза берилган бўлса, суд аризани кўрмасдан қолдиради.

 

ФПКнинг 124-моддаси 1- қисми 3-бандига кўра, даъвогар арз қилинган талабларидан воз кечган ва суд бу воз кечишни қабул қилган бўлса, суд иш юритишни тугатади.

 

Юқорида қайд қилинган модда талабларига кўра, cизда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризангизни кўрмасдан қолдириш ёки даъво аризангиздан воз кечиш тўғрисидаги судга ариза бериш ҳуқуқингиз мавжуд. Мазкур ҳолатда суд cизнинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризангизни кўрмасдан қолдириши ёки воз кечганлигингиз қабул қилиб, фуқаролик ишини иш юритишдан тугатиши мумкин. Иккала ҳолатда ҳам cизга нисбатан ҳеч қанақа жарима қўлланилмайди. Фақатгина судга даъво аризаси топширишда тўланган суд харажатлари cизнинг зиммангизда қолдирилади.