“ҚАРИНДОШ ВА ҚЎШНИЛАРНИНГ ТИЛХАТИ АСОСИДА УЙНИ ЎЗ НОМИМГА РАСМИЙЛАШТИРА ОЛАМАНМИ?”

— Бир ҳамкасбим ёлғиз ўзи яшарди. Унинг илтимоси билан бирга яшадим. Бирга яшаган вақтимиз «менинг ҳеч кимим йўқ. Уйимни сенинг номингга расмийлаштириб бераман», деб айтганди. Лекин нотариал тартибда расмийлаштирмай, вафот этди. Унинг дафн маросимларини ўтказдим. Айни пайтда ҳамкасбимнинг уйида яшаб, коммунал ва солиқ тўловларини ҳам тўлаяпман. Ҳамкасбимнинг акасининг фарзандлари Россияда яшайди. Улар «аммамдан қолган меросдан ҳеч нарса талаб қилмаймиз. Уйини шу аёл олишига розимиз», деган мазмунда тилхат ёзиб, телеграм орқали видео-тасвир ҳам юборишди. Яна 7 нафар қўшнилари ҳам ҳамкасбимга ҳаётлигида қараганимни ва вафотидан сўнг дафн маросимларини ўтказганим ҳақида тилхат ёзиб беришди. Мана шулар ҳамкасбимнинг уйини ўз номимга расмийлаштириб олишимга асос бўла оладими?

Исми сир тутилди

Дилшод ҲАСАНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига асосан, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек, ушбу кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.


Фуқаролик кодексининг 1130-моддаси 1-қисмига кўра, тегишли шаклда тузилмаган васиятнома ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади. Ушбу қонун нормалари талабларидан келиб чиқиб, оғзаки васиятнома ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.


Фуқаролик кодексининг 182-моддасида мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра, меҳнат фаолияти, мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, давлат мол-мулкини хусусийлаштириш, мерос қилиб олиш, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа асослар мулк ҳуқуқини вужудга келиши асосларидир.


Шу сабабли ҳамкасбингизнинг уйида икки йилдан буён яшаб, коммунал тўловларни амалга ошириб келаётганингиз мазкур уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини келтириб чиқармайди.
Уй-жой мулкдори қариндошларининг розилиги, қўшниларнинг гувоҳлиги ҳам уй-жойга мулк ҳуқуқини белгилашда ҳуқуқий асос ҳисобланмайди.

 

Уй-жой мулкдорининг қариндошлари Фуқаролик кодексининг 68-бобида кўрсатилган қоидалар асосида нотариус орқали меросни қабул қилишлари мумкин.


Мурожаатингизда келтириб ўтилган ҳолатлар бўйича ҳамкасбингизга тегишли бўлган уй-жойни ўз номингизга ўтказиш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмас.


Бож масаласи уй-жойни уни номига ўтказиш учун ҳуқуқий асослар бўлиб, нотариусга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бўлган тақдирда ҳал қилинади.