ЎҚУВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 184-сонли умумий ўрта таълим мактабида тадбир бўлиб ўтди.

 

Унда фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьялари Л.Ўтанбоева, А. Алиев ва мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган судья Л.Ўтанбоева Ўзбекистон Республикасининг давлат ҳокимияти тузилиши бўйича тушунтириш бериб, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятидан иборатлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғи бўлиб, давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлашини, Бош вазир бошчилигида тузилган ҳукумат ижро этувчи ҳокимиятни амалга ошириши ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикасида  одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Олий суд фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Бу ҳақда ўқувчиларга судья А.Алиев тушунтириш бериб ўтди.

Шунингдек, учрашувда аёллар ва болалар ҳуқуқлари, улар зўравонлигига нисбатан қонунчиликда жавобгарликнинг кучайтирилганлиги ҳақида ҳам фикр юритилди.