“ЎҒЛИМ БИР ЙИГИТГА ТАН ЖАРОҲАТИ ЕТКАЗГАНДИ…”

— Яқинда ўғлим бир кафеда дўстлари билан ўтирган вақтида, шу ерда бўлган бир йигит билан гап талашиб қолган. Ўғлим у йигитни бир неча бор уриб тан жароҳати етказган. Бу ҳолатда ўғлимнинг ҳаракатлари қандай баҳоланади?

Исми сир тутилди

Хусанбой Парпиев, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси:


— Аввалам бор содир бўлган ҳодиса давомида шахснинг ҳаракатлари ҳамда етказилган тан жароҳатининг оғирлик даражасига алохида эътибор қаратилади ва тергов олди ҳаракатларини ўтказишлик билан, ҳар бир шахснинг ҳаракатларига юридик баҳо берилади.


Бунда, содир этилган ҳаракатнинг айни қай бир Кодекснинг қайси моддаси билан квалификация қилинишига қараб ҳужжатлар расмийлаштирилади ва қарор қабул қилинади.
Безорилик – жамоат тартибига қарши қаратилган жиноят бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғ¬лиқ ҳолда содир этилади.


Жамоат тартиби деганда, одамлар ўртасидаги муносабатларни, хавфсизлик ва фуқаролар тинчлигини таъминловчи, ўзгалар мулкини сақлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, жамоат ва давлат ташкилотлари, корхоналар муассасалар, ташкилотларнинг бир меъёрда ишлашини таъминлашга қаратилган ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига асосланувчи тартибни тушуниш лозим.


Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча миқдорда зарар етказишда ифодаланади ва бунда қонунларга, ахлоқ-одоб нормаларига, жамиятда мавжуд бўлган урф-одат ва анъаналарга ҳурматсизлик тушунилади. Шахс жамиятдаги ахлоқ қоидаларини менсимаган ҳолда жамоат тартибини ташкил этувчи ва қонун билан ҳимоя қилинувчи ижтимоий муносабатларга зарар етказадиган ёки зарар етказишнинг реал хавфини вужудга келтирадиган муайян ҳаракатлар қилади.


Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик мўлжалланмаган жойларда алкоголь ичимликларни ичиш, фуқа¬роларга ҳақоратомуз муомала ва шилқимлик қилиш, уят сўзлар билан сўкиниш, жамоат жойларида очиқчасига ҳожат чиқариш, яланғоч ҳолда бўлиш, ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш, ўсимликларга зарар етказиш ва ҳоказоларда ифодаланади.


Қонунга мазмунига кўра, айбдор ўзининг ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузаётганлигини англаши керак. Бунда мазкур хатти-ҳаракатлар билан ва жамоат тартибини бузиш ўртасида сабабий боғланиш бўлиши шарт. Сабабий боғланиш аниқланмаган ҳолда қилмиш шахсга ёки мулкка қарши қаратилган жиноят деб квалификация қилиниши керак.


Жамиятдаги юриш-туриш қоидаларининг бузилиш факти жиноий жазоланадиган безорилик таркибини бермай, маъмурий ҳуқуқбузарликни келтириб чиқаради.
Судлар жиноий жазоланадиган безориликни маъмурий жавобгарлик белгиланадиган майда безориликдан фарқлаши керак. Майда безорилик тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддасида келтирилган бўлиб, унинг мазмунига кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик жамоат жойларида уятли сўзлар айтиш ёки шундай сўзлар билан сўкиниш, беҳаё қилиқлар кўрсатиш, одамларга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бузиш каби жамиятда юриш-туриш қоидаларини очиқдан-очиқ менсимаслик ҳаракатларида ифодаланади. Бунда Жиноят кодекси 277-модда 1-қисмида кўзда тутилган жиноий оқибатлар келиб чиқмаслиги керак. Гуруҳ томонидан содир этилган майда безориликни, агар уларнинг ҳаракатида ЖК 277-моддасининг 1-қисми белгилари мавжуд бўлмаса, ЖК 277-моддасининг “б” банди билан квалификация қилиш мумкин эмас.


Хавфли рецидивист томонидан содир этилган майда безорилик ҳам ўз-ўзидан жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди. Агарда майда безорилик ҳаракатлари давом этиб, айбдорнинг кейинги ҳаракатлари шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки мулкка анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш билан содир этилган бўлса, шахс маъмурий жавобгарликка тортилмасдан, фақат жиноий жавобгарликка тортилади.

 

ЖК 277-модда 1-қисмида келтирилган қилмишни квалифи¬кация қилиш учун безорилик оқибатида жабрланувчига енгил шикаст етказилишининг ўзи етарли. Бунда тан жароҳати соғлиғининг бузилишига олиб келганлиги аҳамиятга молик эмас.


Уриш-дўппослаш деганда, айбдор томонидан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, шахснинг баданига шикаст етказмаган ҳолда бир неча зарба бериш тушунилади.


Жиноят кодексининг 277-моддасига кўра, безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча миқдорда зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса, – энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

 

Модданинг 2-қисмига кўра, безорилик:

 

а) баданга ўртача оғир шикаст етказиб;

 

б) бир гуруҳ шахслар томонидан;

 

в) совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб;

 

г) ўз мазмунига кўра умумэътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан;

 

д) ёш бола, қария, ногирон ёки ожиз аҳволдаги шахсларни хўрлаб;

 

е) кўп миқдорда зарар етказиб, бировнинг мулкини нобуд қилиб ёки унга шикаст етказиб содир этилган бўлса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

3-қисмига кўра, безорилик:

 

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

 

б) ўқотар қуролни намойиш қилиб, уни қўллаш билан ёки қўллаб;

 

в) оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда;

 

г) жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бироқ, юқорида айтганимиздек ҳолатга суриштирув ва тергов йўли билан аниқлик киритилади ва шахснинг ҳаракатларида майда безорилик аломатлари бўлган тақдирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ёки 52-моддаси 2-қисми (қасддан енгил тан жароҳати етказиш) билан квалификация қилиш масаласи ҳал қилинади.