ЎРТАДА ФАРЗАНД БЎЛМАСА НИКОҲДАН АЖРАЛГАНДА МОЛ-МУЛК ҚАНДАЙ БЎЛИНАДИ?

— Ўғлим 8 йиллик турмуши давомида фарзандли бўлмади. Эр-хотин ҳадеб жанжаллашавергач, келиним отасиникига кетиб қолди-ю, бир ойдан сўнг ажрашишга ариза берди. Икки марта суд бўлди, ҳозир учинчи муҳлат берилган. Келинимни чиндан ҳам ажрашиш нияти бўлса, «ЗАГС» орқали ҳам ажрашса бўлади. Аммо у мол-мулк тақсимоти учун ариза берган. Ўғлимни номида фақат машинаси бор. Уй-жой, фабрикалар, далаҳовли – ҳаммаси мен ва турмуш ўртоғимнинг номимизда. Ўғлим хотинига ҳам машина олиб берган. Бундай вазиятда мол-мулк тақсимоти қандай бўлади?

Исми сир тутилди.

Фарход ШАРИПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

 

Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унга қарашли улушдан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин. Оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.

 

Шунингдек, қоидага кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади. Агар эр ва хотиндан бири умумий мол-мулкни эр ёки хотиннинг эркига зид равишда ва оила манфаатига мос бўлмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра сарфлаган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда бу мол-мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади.