“ЎЙЛАБ ИШ ТУТСАНГ, ТАДБИРИНГ ТАҚДИРГА ТЎҒРИ КЕЛАДИ”

Ҳафтанинг жума куни бўлиб ўтадиган анъанавий “Маърифат соати”нинг мавзулари кенг. Мавзуларки, адабиётдан тиббиётгача қамраб олинган, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг истакларидан келиб чиқиб, уларга қўшимчалар киритиш имконияти ҳам мавжуд.
Тошкент туманлараро иқтисодий судида йўлга қўйилган “Китобхонлик соати» эса китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, асосан, янги асарлар хусусида сўз юритилади. Шу маънода мазкур тадбир анъанавий тадбири пойтахт суди судьялари ва суд ходимларининг “Маърифат соати”ни тўлдирувчи яна бир маърифий мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
Кечаги ”Китобхонлик соати”да мулоқот Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темир тузуклари” устида кечди. Аввалига судья Улуғбек Ҳусановнинг китоб мутолаасидан олган таассуротлари эшитилди, сўнг бошқалар суҳбатга қўшилди. Шу тариқа иштирокчилар тасаввури кенгайиб бордики, “Темур тузуклари”- давлат бошқаруви, ҳарбий санъат, қонун-қоидалар ва адолат тамойиллари баён этилган тарихий-ҳуқуқий асар. Унда бошқарув вакиллари, амалдорлар, аъёнлар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир тузуклар (қоидалар) ифодаланган бўлиб, шу қоидалар асосида кучлик давлатчилик шакллантирилган. Куч эса адолатда эканини Соҳибқирон ўзи ҳаёти мисолида исботлаб кетганига салкам етти аср бўлмоқда.
Ҳазрати Соҳибқирон: “Лашкар учун махсус қози ва раият учун алоҳида қози тайинладим”, деб баён этади. Бу эса Темурийлар салтанатида қозиларнинг маълум маънода ихтисослашганлигидан далолат беради.
Тарихчиларга кўра, қозилар салтанат тахтининг ўнг томонидан ўрин олган. “Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилган” Соҳибқирон қозиларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги обрўси ва нуфузи жуда юқори бўлишини теран теран англаб, уларга шунга монанд мавқе ва мартаба бергани ўз-ўзидан равшан.
“Адлу инсоф билан жаҳон гулшани обод бўлур!” деганда ҳам Амир Темур ҳақ. Ижтимоий адолат таъминланмаган жойда тинчлик ва тараққиёт бўлмаслигига тарихда озмунча мисол борми?!
“Ўйлаб иш тутсанг, тадбиринг тақдирга тўғри келиши”га эса инсон ҳамиша тўғри сўз, нияти холис бўлиши, ҳар не тадбир, аввало, ниятга боғлиқ эканини такрор-такрор ёдга солади.
Яна бир ўринда: “Битик (китоб) — барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир” дейилади.
Бу ҳикматга шарҳ шарт эмас.






